Спорт | 18:50 / 26.01.2020
8379
6 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ гуруҳ босқичи юлдузларидан яна бири Германия чемпионатига ўтди

Загребнинг «Динамо» клуби яримҳимоячиси Дани Ольмо «РБ Лейпциг» аъзосига айланди. Немислар клуби 21 ёшли ҳавбек трансферини тасдиқлади, у билан 2024 йил ёзига қадар шартнома тузилган.

Аввалроқ «Лейпциг» испаниялик футболчи учун 30 млн евро тўлаши ҳақида айтилганди. Бонуслар ҳисобига бу сумма 45 миллион еврогача етиши мумкин.

Ольмонинг сотуви «Динамо» ва бутун хорват футболи тарихидаги рекорд трансферга айланди.

Немислар клуби ушбу футболчи учун курашда «Милан», «Вулверҳэмптон» ва «Барселона»ни ортда қолдирди. Маълумот учун, ҳавбек каталонияликлар клуби тарбияланувчиси ҳисобланади.

«Эспаньол» ва «Барселона» клублари академияларидаги таҳсилдан кейин у ўйин амалиётига эга бўлиш учун 2014 йилда Загребнинг «Динамо» клубига йўл олган. Техникаси кучли, юқори тезликка ва кучли зарбага эга бўлган бу яримҳимоячи 2018 йилда Хорватиянинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганди. Жорий мавсумда эса у ўзини жаҳонга танитди, ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Сити» дарвозасига йўллаган голидан кейин уни топ-клублар кўз остига олиб қўйди, қолаверса Испания терма жамоасига илк марта чақирув олди. Хорватия чемпионатида 9 ўйинда 3 гол ва 3 голли узатмага, Чемпионлар лигасида эса 5 гол ва 4 голли узатмага (саралаш босқичи қўшиб ҳисобланганда) муаллифлик қилган футболчи йил якунларига кўра Хорватия чемпионатидаги энг яхши ёш футболчи ва энг яхши футболчи сифатида тақдирланди.

«Лейпциг» ими-жимида қишнинг энг яхши трансферларидан бирини амалга оширди

«Тоттенҳэм» ва «Интер» шов-шувли трансферни амалга оширишга тайёрланаётган вақтда, Лейпцигдагилар Загребдан Европанинг «кучли бешлик» чемпионатларидан ташқаридаги энг яхши футболчини сафга қўшиб олишди. Дани Ольмо «РБ Лейпциг»га ҳозирги бозор нархларида анча арзон ҳисобланадиган 30 млн еврога тушди ва жамоа асосий муаммосини ҳал қилди - вазиятлар яратувчи ижодкор ҳужумкор футболчи таркибни тўлдирди. Яна бир қанча диққатга сазовор жиҳатлар борки, уларга қуйида тўхталиб ўтилади.

Биринчидан, трансфер кишибилмас амалга оширилди. Чемпионлар лигасидаги ёрқин ўйинларидан кейин гранд клублар эътиборига тушган Ольмо яна бир муддат Европа клублари назаридан четда қолганда немислар бундан унумли фойдаланишди.

«Барселона» академиясида футбол сир-асрорларини ўрганган Ольмо жамоанинг асосий таркибига кира олмаслигига кўзи етгач ўзи учун нотаниш Хорватияга йўл олди ва бу ерда ўйинини янада кучайтирди: у ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатининг финалидаги энг яхши футболчи деб тан олинди; турнир рамзий терма жамоасидан ўрин олди; Чемпионлар лигасининг жорий мавсумдаги кашфиётларидан бири бўлди. 21 ёшли Данида испан паспорти ва «Барселона» тарбияланувчиси экани харидор клублар учун яна бир фазилат. Одатда бундай футболчилар нархи 50 млн евродан бошланади, бундай футболчиларнинг агенти эса эринмасдан нарх бўйича тортишади. Аммо юқори савияга эга бўлган Ольмо билан бундай бўлмади. Бу орқали пиар бугунги кунда футболчининг ўзидан қимматроқ туриши яна бир бор исботланди. 

Иккинчидан, ёш ва бўлажак юлдуз футболчининг танлови шуни кўрсатмоқдаки, Европада футбол харитаси ўзгармоқда. Янада ривожланишни истайдиган ёш футболчилар марказларга эмас, мегаполисларга йўл олишмоқда. Шарқий Германиядаги Лейпциг ягонамас, аввалроқ ЕЧЛнинг бошқа бир кашфиёти Эрлинг Ҳоланд Англия ёки Испания вариантлари турганида шахтёрлар шаҳри бўлмиш Дортмундни танлаганди, Мартин Эдегор эса Амстердамнинг «Аякс» вариантидан воз кечиб, 150 минг киши яшайдиган Сан-Себастьянга равона бўлганди. 

Заводчилар шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи «Вольфсбург» клуби сардори Макси Арнольд бир сафар буни шундай изоҳлаганди: «Вольфсбург бўм-бўш, томоша қилишга арзигулик деярли ҳеч нарса йўқ, яъни, ҳеч нарса эътиборни машғулотлардан чалғитмайди». Арнольд 25 ёшда, футболчиларнинг янги авлодида шундай профессионал кузатилмоқда. 

Ушбу трансфернинг яна бир эътиборга молик жиҳати — атиги 30 млн еврога амалга ошганида. «Лейпциг» учун бундай миқдордаги сумма — арзимас миқдор; клуб исталган суммани тўлай оладиган даражада бой, лекин жамоа аввалроқ Ҳоланд билан боғлиқ вазиятда ҳам атайлаб аукционда иштирок этмади. Буни «РБ» сунъий жамоа бўлиб қолишни истамаётгани билан тушунтириш мумкин, немислар гранд клублар каби шунчаки ўз брендини суиистеъмол қилиб юз миллионлаб пулларни совуришни истамаяпти.

Бошқа томондан, «Лейпциг» стратег Ральф Рангник бошчилигида муҳим ижтимоий-иқтисодий тажриба ўтказмоқда. Клуб ақлсизлик билан пул сарфламасдан, нолдан элитага киришга интилмоқчи. Ольмонинг трансфери — бу тажриба муваффақияти томон қўйилган навбатдаги қадам. Лейпциг келажакда юлдуз футболчи бўлиши кутилаётган ёш истеъдодни қўлга киритди ва таркибини янада кучайтирди, бу таркибда испаниялик футболчига янада ривожланиш имконияти тақдим этилади.

Мавзуга оид