Ирода Тўлаганова Осиё теннис федерациясининг вице-президенти этиб сайланди
Ўзбекистон теннис федерациясининг Бош котиби Ирода Тўлаганова яна бир нуфузли лавозимга сайланди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати.
«Ҳамюртимиз бугун Осиё теннис федерациясининг (ОТФ) вице-президенти деб эълон қилинди. Тўлаганова ўтган йилнинг 1 декабрь куни Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида ўтган йиғилишда ОТФ директорлар кенгашига аъзо бўлган эди. Ортда қолган вақт мобайнида юртдошимизнинг самарали фаолияти уни халқаро ташкилотнинг вице-президентлик даражасига кўтарди» - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 38 ёшли Ирода Тўлаганова теннис бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси бош мураббийи ҳам ҳисобланади. У 2019 йил бошида федерация бош котиби сифатида 20 йилдан ортиқроқ вақт фаолият юритиб келган Игорь Шепеловнинг ўрнида иш бошлаганди.
Маълумот учун, Ирода Тўлаганова 1982 йилнинг 7 январида Тошкент шаҳрида туғилган. Яккалик баҳсларида 3 мартадан WTF ва ITF турнирлари ғолиби. 2002 йилда жаҳон рейтингидаги энг юқори ўрни – 16-поғонага кўтарилган. «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони, «Шуҳрат» медали соҳибаси саналади.
Мавзуга оид
09:48 / 18.09.2023
«Миллат саломатлигига бефарқ бўлманг». Ирода Тўлаганова Яшнободдаги теннис мажмуаси бузилишига қарши чиқди
16:48 / 08.02.2019
Ирода Тўлаганова Ўзбекистон теннис федерациясига бош котиб этиб сайланди
13:12 / 31.07.2018