Ўзбекистон | 18:08 / 27.01.2020
64399
5 дақиқада ўқилади

Татьяна Каримова президент лавозими жорий этилиши билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашди

Бугун, 27 январь кунидан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллигига бағишланган тадбирлар ҳафталиги бошланди. Ҳафталикни «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида: Президентлик институти ташкил этилганининг 30 йиллиги» мавзусидаги давра суҳбати очиб берди.

Фото: Фарҳод Қурбонбоев

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган давра суҳбатида Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ,биринчи давлат раҳбарининг сафдошлари ҳамда олимлар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Татьяна Каримова Ўзбекистонда президентлик институтининг жорий этилиши билан боғлиқ хотираларини ёдга олди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ислом Каримов мамлакат ҳали Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси дея юритиладиган 1990 йилда Президент бўлган эди. У пайтда сиёсий ҳолат жуда ҳам таранг, ҳар қандай ҳаракат кучли қаршиликка сабаб бўлиши мумкин эди. Шунга қарамай, собиқ совет давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда президентлик институти таъсис этилди. Бунинг оқибатларини марказ тушунган ҳолда турли босимлар ўтказа бошлади.

Лекин Ислом Абдуғаниевич мақсаддан чекинмади. СССРдек катта империяда иккита Президент бўлди: Горбачёв ва Каримов. Лекин бу Ислом Абдуғаниевичнинг шахсий манфаатлари эмасди. У иқтисодий инқироз ёқасига келиб қолган, конфессиялараро ва этник конфликтлар таранглашган мамлакат келажаги учун масъулиятни ўз бўйнига олди. Давлат аҳамиятига молик қарорларни мустақил қабул қилиш, ҳуқуқий асосни яратиш зарурати ўлароқ президентлик институти жорий этилди», – дея хотирлади Татьяна Акбаровна.

Фото: Фарҳод Қурбонбоев
Фото: Фарҳод Қурбонбоев

Педагогика фанлари  доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов Ўзбекистонда президентлик институтининг таъсис этилишига Москванинг реакциясини кўрсатувчи фактларни келтириб ўтди.

«90-йилларда биз Президент деса, АҚШдаги Рейганни билардик. Кейин Горбачёв Президент бўлди. СССРдаги иккинчи Президент эса Ислом Каримов бўлди. Мамлакатда иккита президентлик ҳолати юзасидан Москвада йиғилиш бўлган. Бу йиғилишга Ислом Абдуғаниевични ҳам чақиришган. Катта минбарда туриб Михаил Горбачев: «Буни қаранг-а. Битта мамлакатда иккита президент! Мен ҳали ўзим бунинг тагига етаман», деб дағдаға қилган.

Бундай вазиятда Ислом Каримов қандай йўл тутиши керак эди? У шартта «Агар суҳбат шу оҳангда давом этадиган бўлса, мен залдан чиқиб кетаман», деди. «Йўқ тўхтанг, ҳозир ҳаммасини муҳокама қилиб оламиз», деб уни залда олиб қолишди.

Ислом Адуғаниевич шундай кескин пайтда характерни намоён қила олди. Президентлик институтини таъсис этгунга қадар неча минг марта ўйланди. Мамлакатда Москвага боғлиқ бўлмаган битта раҳбар бўлиши керак эди. КПССнинг Марказий комиссияси аъзоси бўла туриб давлатни бошқариб бўлмас эди. КПССдан ажралиш, собиқ иттифоқнинг принципларидан чиқиб кетиш керак эди. Натижада, мустақилликнинг рамзи сифатида президентлик жорий этилиши сиёсий қадам бўлди», дейди Муҳаммаджон Қуронов.

Фото: Фарҳод Қурбонбоев

Ўзбекистонда республика президенти лавозими1990 йил 24 март куни, XII чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг биринчи сессиясида иттифоқдош республикалар орасида биринчи бўлиб жорий этилди. Бу лавозимга 1989 йил июнидан бошлаб Ўзбекистон коммунистик партияси Марказий комитетининг биринчи котиби лавозимида ишлаб келаётган Ислом Каримов сайланди.

Бундан атиги 10 кун аввал – 14 март санасида СССР халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари учинчи сессиясида СССР президенти лавозимини таъсис этиш тўғрисида қонун қабул қилинган ва бу лавозимни Михаил Горбачёв эгаллаган эди.

1991 йил 31 август куни Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинди. Шундан сўнг шу йилнинг 29 декабр санасида муқобиллик асосида мустақил давлат раҳбарлигига ўтказилган умумхалқ сайловида И.Каримов сайланди.

1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига асосан, Ислом Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди.

2000 йил 9 январда 7 йил муддатга (Конституцияга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ), 2007 йил 23 декабрда 7 йил муддатга, 2015 йил 29 мартда 5 йил муддатга (Конституциядаги ўзгартишларга кўра) Ислом Каримов президент этиб сайланган.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти 2016 йил августида инсультдан сўнг шифохонага ётқизилиб, 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этди.

Фото: Фарҳод Қурбонбоев

Мавзуга оид