Жаҳон | 19:51 / 30.01.2020
12528
2 дақиқада ўқилади

Наркобароннинг бегемотлари Жанубий Америка экотизимини издан чиқараётгани маълум қилинди

Олимлар Жанубий Америкага наркобарон Пабло Эскобар томонидан олиб келинган бегемотларнинг экологияга таъсирини ўрганишди.

Фото: AFP

Бир вақтлар Пабло Эскобар Колумбия шимолидаги вилласида шахсий ҳайвонот боғини ташкил қилган ва бу ерга Африкадан каркидон, жирафа, зебра ва бошқа жониворлар келтирилганди.

Наркобароннинг ўлимидан кейин жониворларнинг аксарияти бошқа зоопаркларга кўчирилган, аммо тўртта бегемот чангалзорга қочиб кетганди. Экологларнинг баҳолашларича, ҳозирда уларнинг сони 80тага етган.

Сан-Диегодаги Калифорния университети олимлари колумбиялик ҳамкасблари билан уларнинг маҳаллий экотизимга таъсирини ўрганди. Тадқиқот натижалари Ecology журналида чоп этилди.

Олимлар икки йил давомида ҳудуддаги сув сифати, кислород даражаси ва сувдаги микроорганизмларни ўрганишди. Тадқиқот раҳбари, профессор Жонатан Шуриннинг сўзларига кўра, бегемотлар сув ресурсларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Маълум бўлишича, кундузи қуруқликда овқатланиб, тунни сувда ўтказадиган бегемотлар чиқинди чиқариши оқибатида ҳудуддаги сувларнинг кимёвий таркиби ва сифати кескин ўзгарган. Бегемотлар яшайдиган сув ҳавзаларида органик моддалар миқдори ошиб кетган. Бу ерда бактериялар ва сувўтлар кўпайган.

"Бегемотлар сони яқин йигирма йил ичида мингтага етиши мумкин. Тадқиқот ҳали кеч бўлмасдан туриб уларни нимадир қилиш кераклигини кўрсатмоқда. Зеро мингта бегемотдан кўра 80тасини тутиш осонроқ", - дейди Шурин.

Мавзуга оид