Ўзбекистон | 15:31 / 01.02.2020
19270
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Аққулов Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлди

Президент қарори билан Аққулов Абдулазиз Ўролбоевич Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Бу лавозимда ишлаб келган Улуғбек Қосимхўжаев бошқа ишга ўтгани муносабати билан 29 январь куни лавозимидан озод этилган эди.

Январь ойида ҳукумат тузилмасида Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раиси лавозими жорий этилган, бу вазифа Азиз Абдуҳакимовга топширилганди.

Бунга қадар қўмитага 2018 йилдан буён Абдулазиз Аққулов раҳбарлик қилиб келаётган эди. У ўша йили май ойида раис ўринбосари, ноябрда эса раис вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.

Аққулов 1985 йилда туғилган, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини 2005 йил бакалавр, 2007 йил магистратура босқичини «Халқаро туризм менежменти» йўналиши бўйича тамомлаган.

Фаолияти давомида «Ўзстандарт» агентлиги Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий тадқиқот институти мутахассиси (2005-2006), «Ўзбектуризм» Миллий компанияси «Тур сервис стандарт» ДУК мутахассиси, етакчи мутахассиси, бош мутахассиси, корхона директори (2006-2011), «Ўзбектуризм» Миллий компанияси бош мутахассиси, бошқарма бошлиғи в.б., бошқарма бошлиғи (2011-2017) сифатида ишлаган.

Шундан сўнг 2017 йил январидан 2018 йил майига қадар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи бўлган.

Мавзуга оид