Геодезия ва картография фаолияти янги таҳрирдаги қонун билан мустаҳкамланмоқда
Парламент Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан бир қатор янги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Улардан бири «Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлиб, у билан 22 йил муқаддам қабул қилинган, бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайдиган амалдаги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш кўзда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси орқали бугунги кун тенденциялари ва шартларига тўла мос келадиган геодезия ва картография соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда.
Лойиҳа геодезия ва картография фаолиятининг моҳиятини, хусусан, сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланишда ҳамда картография-геодезия кадастрини юритишда ахборот-коммуникация, рақамли технологияларни жорий этиш билан боғлиқ масалаларни ҳам ўзида акс эттиргани билан аҳамиятли.
Мажлисда мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида соҳа фаолиятида бир қатор ўзгаришлар юз бериши айтиб ўтилди. Хусусан, материаллар ва маълумотларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги, харита ва планларни яратиш ҳамда янгилашда рақамли технологияларни қўллаш таъминланиши қайд этилди.
Шу билан бирга, геодезия ва картография фаолиятини ташкил этишда махсус ваколатли ҳамда давлат ҳокимияти органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари аниқ белгилаб берилади.
Айни мақсадда амалдаги қонуннинг 12 та моддаси ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилиб, 33 та янги модда киритилмоқда.
Таклиф этилаётган лойиҳа орқали амалдаги таҳрирда мавжуд бўлган ҳаволаки нормалар чиқариб ташланмоқда. Бу бир қатор масалаларнинг амалиётда ҳуқуқий ечимини топиши ҳамда қонуннинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун лойиҳасига геодезия ва картография фаолиятида қўлланиладиган анъанавий 22 та тушунча ҳамда 6 та принцип киритилиши соҳада юзага келадиган муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.
Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқулланди.
Мавзуга оид
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
11:49 / 20.06.2024
Маҳаллий кенгашларга депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
13:23 / 09.04.2024
Депутатлар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига оид қонунни қабул қилди
15:29 / 27.02.2024