Ўзбекистон | 12:45 / 16.02.2020
37534
6 дақиқада ўқилади

Янги ташкил этилган Бандихон туманига прокурор, ИИБ бошлиғи ва бошқа раҳбарлар тайинланди

Сурхондарё вилоятида янги ташкил этилган Бандихон туманига ҳокимдан ташқари, унинг ўринбосарлари, прокурор, ИИБ раҳбари ва бош солиқчи тайинланди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан, Анвар Эшмуродович Худоёров Бандихон тумани прокурори этиб тайинланди.

Анвар Худоёров / Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

У 1985 йилнинг 1 январида Шўрчи туманида туғилган, 2006 йилда Термиз давлат университетини, 2010 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги - педагог ва ҳуқуқшунос.

Анвар Худоёров фаолияти давомида Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим прокурори, катта терговчиси, бўлим бошлиғи ўринбосари, прокурор ёрдамчиси, Бойсун тумани прокурори, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари, Мажбурий ижро бюросининг бўлим катта инспектори лавозимларида ишлаган.

 

Шунингдек, Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, Акмал Баратович Бердиназаров Бандихон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи этиб тайинланди.

Акмал Бердиназаров / Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Акмал Бердиназаров 1983 йилда Музработ туманида туғилган. 2007 йилда Термиз давлат университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – транспорт воситаларидан фойдаланиш.

Фаолияти давомида Ангор тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори, бўлинма тезкор вакили, бўлинма бошлиғи, бўлим бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғига асосан, Абдуалим Муҳаммадиевич Эшбоев Бандихон тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди.

Абдуалим Эшбоев / Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Абдуалим Эшбоев 1981 йилда Денов туманида туғилган. 2003 йилда Термиз давлат университети, 2010 йилда Солиқ академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – амалий математика ва информатика, солиқлар ва солиққа тортиш. Солиқ хизматининг II даражали маслаҳатчиси.

Фаолияти давомида Термиз шаҳар давлат солиқ инспекцияси ҳамда  вилоят давлат солиқ бошқармасида турли вазифаларда ишлаган. Бандихон тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинлангунга қадар вилоят давлат солиқ бошқармасида Ички аудит бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келган.

Музработ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Комилжон Панжиевич Салимов Бандихон тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Комилжон Салимов

Комилжон Салимов 1983 йилда Бойсун туманида туғилган. Термиз давлат университетини 2005 йилда бакалавр, 2008 йилда магистратура йўналишлари бўйича тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – иқтисодчи, тармоқлар ва соҳалар бўйича магистр.

Фаолияти давомида Термиз шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти раиси, «Алфа инвест» ËАЖ суғурта ташкилотининг вилоят бўйича регионал департаменти бошлиғи, Термиз шаҳар ҳокимлиги гуруҳ раҳбари, Термиз шаҳар давлат хизматлари маркази директори лавозимларида ишлаган.

«Сурхондарё электр тармоқлари корхонаси» АЖ директори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Ҳасан Ваҳобович Воҳидов Бандихон тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Ҳасан Воҳидов / Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳасан Воҳидов 1987 йилда Бойсун туманида туғилган. 2009 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – электр энергетика.

Фаолияти давомида Бандихон ва Қизириқ туманлари электр тармоқлари корхоналари ҳамда «Сурхондарё электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятида турли лавозимларда ишлаган.

Термиз шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Санъат саройи ҳудудини ободонлаштириш, «Хотира майдони» ёдгорлик комплекси ва Алпомиш ҳайкалига туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаменти бошлиғи Искандар Тиллаевич Менглиев Бандихон тумани ҳокимининг ўринбосари – туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи этиб тайинланди.

Искандар Тиллаевич Менглиев

Искандар Менглиев 1981 йилда Термиз шаҳрида туғилган. 2002 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – юриспруденция.

Фаолияти давомида Термиз шаҳар ички ишлар бўлими, Термиз темир йўл бекатидаги тармоқ ички ишлар бўлими, Термиз шаҳар ҳокимлиги, вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Термиз шаҳар ободонлаштириш бошқармасида турли лавозимларда ишлаган.

«Сурхон Агро хизмат» масъулияти чекланган жамиятининг Бандихон бўйича ҳудуд раҳбари Баҳром Муҳиддинович Ҳамраев Бандихон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Баҳром Ҳамраев / Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Баҳром Ҳамраев 1964 йилда Бойсун туманида туғилган. 1988 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – агроном.

Фаолияти давомида Бандихон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Бандихон туманидаги «Нуризиё Бандихон», Қизириқ туманидаги «Арслонбек Фарҳод» фермер хўжаликлари раҳбари лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қизириқ тумани Кенгаши раиси лавозимида ишлаб келаётган Умид Омонович Қулмаматов Бандихон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Умид Қулмаматов / Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Умид Қулмаматов 1988 йилда Бойсун туманида туғилган. Термиз давлат университетини 2011 йилда филология, 2014 йилда иқтисодиёт йўналишлари бўйича тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – филолог, иқтисодчи.

Фаолияти давомида «Камолот» ЁИҲ вилоят Кенгаши раиси ўинбосари, «Камалак» болалар ташкилоти раиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Термиз шаҳар Кенгаши раиси лавозимларида ишлаган.

Мавзуга оид