Спорт | 17:22 / 21.02.2020
18011
15 дақиқада ўқилади

«Мукофотни ўйлаган футболчи майдонга тушмаслиги керак» – Максим Шацких миллий жамоа ҳақида

Максим Шацких – Хитой-2004га бормагани, Ливандаги шармандалик ва миллий жамоанинг инглиз мураббийи ҳақида

Фото: AFP/Toshifumi Kitamura

Kun.uz мухбирлари Киевга сафар қилиб, замонавий ўзбек футболининг энг машҳур ҳужумчиларидан бири Максим Шацких билан суҳбатлашди.

Ҳозирда Волгограднинг «Ротор» клубида бош мураббий ёрдамчиси сифатида фаолият олиб бораётган Шацких интервьюнинг биринчи қисмида Европа футболи ва «Динамо Киев»даги фаолияти ҳақида сўз борди.

Шундан сўнг Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолияти тўғрисида суҳбатлашдик.

– Ўзбекистон миллий жамоасидан илк марта чақирув олган пайтингизни эслайсизми? Биринчи ўйин ҳақидаги ҳиссиётларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Тўғриси, буни эслолмаяпман... 1997 йилмиди?

– 1999 йил август ойи, «Динамо Киев»га ўтганингиздан кейин. Бош мураббий Маҳмуд Раҳимов эди. Ўртоқлик ўйини Самарқандда бўлиб ўтди. Қанча гол урганингиз ёдингиздами?

– Ҳа, эсладим. 5:0 ҳисобида ютган эдик шекилли, 3та гол урганман... МДҲ вакили билан ўйнаганмиз. Тожикистон ё Қирғизистон эди шекилли...

– Йўқ, Озарбойжон миллий жамоасига қарши ўйин эди. 5:1 ҳисобида ютганмиз. Сиз миллий жамоадаги илк ўйинингизда ҳет-трик қилгансиз!

– Ҳа, тўғри, энди эсладим. Нима, «Динамо Киев»га ўтмагунча мени миллий жамоага чақиришмаганми?

– Фақат «Динамо Киев»га ўтганингиздан сўнг эътиборга тушган бўлишингиз мумкин.

– Ғалати. Футболчиларни кузатиб бориш керак, балки мен «Балтика»да ҳам яхши ўйнаган бўлишим мумкин-ку? Бу – миллий жамоа, барча футболчиларни кузатиб бориш керак. Балки 1-лигадаги футболчи Премьер-лигадаги футболчидан яхшироқ ўйнаши ҳам мумкин. Ҳамма футболчини кузатиб бориш лозим. Балки у ўзига жамоа тополмаётгандир ёки мураббий билан келишмовчилиги бордир. Аммо савияси юқорироқ бўлиши ва Премьер-лигада ўйнаётган футболчидан кўпроқ фойда келтириши мумкин.

– Сиз кинони яхши кўрасизми?

– Ҳа

– «Ақлдан озган Макс» (Безумный Макс) фильмини кўрганмисиз?

– Ҳа, кўрганман.

– Сизни ҳам «Ақлдан озган Макс» десак бўлади.

– Йўғе (кулади), ҳали ҳеч ким мени бундай демаган.

– Ҳозир бунинг сабабини сизга эслатаман, жуда қизиқарли факт. 1999 йил ноябрь ойида Осиё Кубоги саралаши ўтказилди. БААда бўлиб ўтган гуруҳ босқичида Ўзбекистон миллий жамоаси 21 ноябрь куни Бангладешга қарши ўйнаб, 6:0 ҳисобида ғалаба қозонган, сиз 2та гол ургансиз. Шундан сўнг самолётда Киевга йўл олгансиз ва 24 ноябрь куни «Динамо Киев» сафида Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг «Реал»га (1:2) қарши баҳсида 1 бўлимда ўйнагансиз. Ўйиндан кейин яна самолётга ўтириб, миллий жамоа қароргоҳига қайтиб келгансиз ва уч кундан сўнг, саралашнинг сўнгги тур баҳсида БААга қарши майдонга тушиб, ҳал қилувчи голни ургансиз. Натижада миллий жамоа мезбонларни ортда қолдириб, Осиё Кубоги йўлланмасини қўлга киритган.

– Бу ўйинни эслайман, 1:0 ҳисобида ютганмиз. У пайтлари самолётда кўп учардим. Албатта, клуб миллий жамоада ўйнашни тақиқлаб қўя олмасди. Бу нарсаларни ўзим клуб билан келишиб олганман. У пайтлари миллий жамоа ва клубларнинг ўйинлари ажратиб қўйилмасди ва бир вақтда ўтказиларди. Ҳозир эса вазият яхшироқ, ФИФА кунлари бор, унда клубларнинг ўйинлари ўтказилмайди. Афсуски, бу қоидалар кеч жорий қилинди. Ўша пайтда самолётларда кўп учганман, натижада кўп касал ҳам бўлганман.

Бангладешга қарши ўйинни эслолмаяпман, аммо БААга қарши ўйинни яхши хотирлайман. Иккинчи бўлимда Қосимов менга тўпни узатган, чап оёғим билан зарба бериб, узоқ бурчакка гол урганман. Ўша пайтда мен учун жуда муҳим ва эсда қоларли вазиятлардан бири бўлди. Мезбон жамоа майдонида ғалаба қозонганмиз. Улар Осиё Кубогига чиқишини мақсад қилишганди, аммо йўлланмани биз қўлга киритганмиз.

– 2000 йил қайғули бўлди. Ўзбекистон миллий жамоаси Ливандаги Осиё Кубогида иштирок этди. Бирорта ғалабага эришолмади, сиз ҳам бирорта гол урмадингиз. Устига-устак Японияга 1:8 ҳисобида ютқаздик...

– Авлодлар алмашинуви... Таркибда ёши катта футболчилар кўп эди. Авлодлар алмашинувини вақтида ўтказа олмадик. Бундан ташқари, юқори савиядаги ўйинлар тажрибаси кам эди.

Кучли жамоалар билан кўпроқ ўйнаш керак. Бангладеш каби жамоалар билан беллашиб, 5-6та гол ургандан фойда йўқ. Катта жамоалар билан ўйнашимиз лозим. Бу ўйинларда натижа муҳим эмас, мағлубиятнинг аҳамияти йўқ. Бундай баҳсларда жамоанинг камчиликларини, тўғрилаш шарт бўлган жойларини аниқлаб олиш мумкин.

Ливандаги шармандаликни яхши эслайман. Шундан сўнг миллий жамоа таркибида катта ўзгаришлар бўлди, кўплаб ёшлар жалб қилинди.

– 2004 йили Ўзбекистон миллий жамоаси Хитойда ўтказилган Осиё Кубогида иштирок этди. Сиз бу мамлакатда тарқалган парранда гриппи туфайли миллий жамоа билан турнирга боришдан бош тортгансиз, деган миш-мишлар юради. Эслатиб ўтиш жоиз, миллий жамоа гуруҳда 3 марта ғалаба қозониб, чоракфиналда Баҳрайнга пенальтилар сериясида ютқазиб қўйган эди. Мухлислар фикрига кўра, агар таркибда сиз ҳам бўлганингизда биз чемпионликни қўлга киритармидик...

– Орадан кўп вақт ўтди... Балки мен турнирдан олдин касал бўлгандирман... Тўғриси, эслолмаяпман. Бу саволга жавоб беришга тайёр эмасман. Миллий жамоа Хитойга йўл оляпти ва фақат бир ўзим касалликдан қўрқиб бормай қолишим мумкин эмас. Қандайдир касалликлардан қўрқмайман. Бундай қарорга келган бўлишим мумкинмас. Чунки бу жуда муҳим мусобақа. Сабаб эса жиддий эмас.

Агар соғлиқ учун жиддий хавф бўлганида Хитой ҳукумати ҳам турнирни ўтказмас эди, улар аҳмоқ эмас. Чунки кўплаб жамоалар келади, кўплаб футболчилар иштирок этади. Агар парранда гриппини юқтириб олиш хавфи бўлганида, менимча ФИФА ҳам мусобақани ўтказишга рухсат бермасди.

– 2005 йили Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2006 саралашида Саудия Арабистонига 0:3 ҳисобида ютқазганидан кейин, бош мураббий Равшан Ҳайдаров жамоани гуруҳ босқичининг сўнгги, Кувайтга қарши ҳал қилувчи баҳсга тайёрлай олмаслигини тан олган. Шундан кейин инглиз мутахассиси Боб Ҳафтон таклиф қилинган. Ўша пайтни эслайсизми, бу мураббий нимаси билан ажралиб турган, эсда қолган?

– Ҳа ўйинларни ҳам, мураббийни ҳам эслайман. Ўз қарашларига эга инглиз мутахассиси. Соф Британия мавзуси. Жисмоний куч, тезлик, қувват, босим, мана шуларни жорий қилишга уринди. Аммо негадир у жуда қисқа вақт ишлади. Бизда ўзи шунақа, битта цикл беришади, 3-4та ўйинда вазифани бажармаса, узр сўраб жавобини беришади.

Бу ўйинларни яхши эслайман. Баҳрайнга қарши дастлабки баҳсда уларни «ўлдириб» ташлаганмиз. Янги қоидалар чиққан эди. Япониялик ҳакам пенальтини бекор қилган. Якунда тушунарсиз ҳолат бўлган. Ўйин такроран ўтказилган. 1:1 бўлган. Кейин сафардаги ўйинга боришда самолётда касал бўлиб қолганман, шу туфайли захирада ўтирганман. 0:0 бўлган. Сўнгги дақиқаларда бизда яхши имконият бўлган. Аниқ эслайман, тўп устунга тегиб қайтган эди. Омад келмади. Биз ўйинда устунроқ эдик, аммо такрор айтаман, бу – футбол...

– 2008-2009 йилларда Ўзбекистон миллий жамоасида Рауф Инилеев ва Миржалол Қосимов бош мураббий бўлиб ишлаган. Миш-мишларга қараганда, ўша пайтларда асосий таркибни етакчи футболчилар тузиб берган. Хусусан, сиз ҳам бу жараёнда иштирок этгансиз, деган гап-сўзларни эшитганмиз. Бу ростми?

– Балки 1-2 марта бўлгандир... Маслаҳат сўраш эмас, фикримни билиш маъносида. Чунки жамоа ичидаги футболчи вазиятни мураббийга нисбатан бошқача кўради. Йигитлар сезишади: ким ўзини қандай ҳис қиляпти, кимнинг кайфияти қандай, қанчалик ўйинга тайёр, иштиёқи қандай.

Бир-икки марта шахсан суҳбат бўлган, фикримни билиб олиш мақсадида. Чунки тажрибали футболчилар буни билади. Миржалол ҳам фаолиятини яқинда тугатган эди. Ўзи ҳам бу жараённинг қандай бўлишини яхши тушунган.

1-2 марта шундай бўлган. Маслаҳат бериш дегани тахмин қилиш билан баробар. Фойда келтириши мумкин бўлган таркибни тахмин қилганмиз. Аммо якуний сўз барибир мураббий зиммасида бўлган. Баъзан суҳбатлашиб, бир таркибни муҳокама қилганмиз, аммо якуний таркиб барибир бошқача бўлган.   

– 2010 йили Ўзбекистон миллий жамоасига Вадим Абрамов бош мураббий қилиб тайинланди. Унинг қўл остида жамоа 2011 йили Қатарда ўтказилган Осиё Кубогида кучли тўртликка кирди. Бу тарихдаги энг яхши натижа бўлди. Сиз ҳам мусобақада иштирок этгансиз. Абрамов жамоаси ютуғининг сири нимада эди?

– Менимча, жамоада эди. Ёшлар ва тажрибали футболчилар бирлашди. Бундан ташқари, бир неча футболчиларда хорижда тўп тепиш тажрибаси бор эди. Бу ҳам муҳим жиҳат. Натижада, иштиёқли ёшлар ва тажриба уйғунлиги юзага келди. Мураббий шуни бирлаштира олди. Бу яхши натижага олиб келди.

Аммо асосий мақсадимиз жаҳон чемпионати экани туфайли, бундан ҳам юқорироқ марраларни кўзлашимиз керак. Чунки Осиё чемпионатида, саралашида, жаҳон чемпионати саралашида ҳар доим ўша-ўша жамоалар билан ўйнаяпмиз. Бундан ҳам юқори натижага эришишга ҳаракат қилиш керак.

Такрор айтаман, жаҳон чемпионатига чиқиш – асосий вазифа экан, Осиё чемпионатидаги натижаларга эътибор қаратмаслик керак. Ҳатто бу турнирни қурбон қилиб, у орқали жаҳон чемпионати саралашига тайёргарлик олиб борса ҳам бўлади. Бу мусобақада 2 йилдан кейин ўтказиладиган жаҳон чемпионати саралашида иштирок этадиган футболчиларни тайёрлаш керак.

Агар бир мураббий тайёрласа, аммо бошқаси мусобақада иштирок этса, бу фойда бермайди. Абрамовни тушунишим мумкин, унга ҳам оғир. Чунки жамоани [ЖЧ-2022 саралашига] у тайёрламаган, ҳолатни билмайди.

Бундан ташқари, чемпионатлар ҳам якунланди, йиғинлар энди бошланди. Албатта қийин. Клубда ишлаш бошқача. Миллий жамоада мураббийлик қилиш оғир, футболчиларни кам кўрасан, ҳар куни ишламайсан.

Энг асосий иш – яхши футболчиларни тўплаб, жуда муҳим ўйин эканини, жон бериш кераклигини таъкидлаб, уларнинг иштиёқини, руҳини кўтариш, бир мақсад учун бирлаштириш, ватанпарварлик руҳида йўналтиришдан иборат бўлади. Агар кимдир фикру-хаёлини миллий жамоа эмас, бошқа нарсалар билан банд қилса, ундан яхши футболчи чиқмайди. Бундан ўзи ҳам, биринчи навбатда жамоа ҳам азият чекади. 

– Мусобақа яримфиналини эслайсизми? Биз Австралия билан ўйнадик ва 0:6 ҳисобида ютқаздик. Бу ўйинда нима воқеа юз берди?

– Руҳан тайёр эмасдик. Чорак финалда барча куч сарфланди, йигитларда руҳий қувват қолмаганди. Балки ҳар ким ўзича «чўққига чиқиб олдик, энди Австралияга ютқазсак ҳам зарари йўқ», деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин.

Мураббий нуқтайи назаридан айтяпман, ҳаммаси руҳиятга боғлиқ. «Омад келса ютармиз, келмаса нима ҳам қилардик» деб майдонга тушдик шекилли.

Билмадим... Аммо финалга чиқиш иштиёқи ҳаммамизда бор эди. Чунки финал – бу финал. Катта қадамдек туюлса ҳам, аслида масофа қисқа. Шунчаки, кўпроқ куч сарфлаш керак.

Тан олиш адолатдан бўлади – Австралия бизга қараганда ўйини кучли жамоа. Деярли барча футболчилари Европа чемпионатларида тўп тепарди – Англия, Шотландия Премьер-лигасида. Уларга бас келиш биз учун оғир эди. Аммо уларнинг таркибида ёши катта футболчилар кўп эди. Ҳозир уларнинг таркиби бошқача. Тўғрисини айтиш керак, ўша пайтда улардан кучсиз эдик.

Учинчи ўрин учун Жанубий Кореяга қарши ўйнаганимизда ҳам четдан билиниб турди: агар керак бўлса, улар янада кучлироқ ўйнашга қодир эдилар. Бизда имконият йўқ эди.

Ўша пайтда Иорданияни мағлуб этишга қодир эдик, Осиёнинг топ-5 жамоаларини эса йўқ. Қандайдир омад келмаса, уларни мағлуб этиш имконсиз. Улар ҳар жабҳада биздан юқори поғонада туришибди. Футболчилари миллий жамоада тўпланишса, фақат футбол ҳақида ўйлашади. Бизда эса, афсуски, бош мураббий футболдан бошқа нарсалар ҳақида ҳам қайғуришга мажбур.

Мураббий фақат футбол ҳақида ўйлаши керак, қандайдир ташкилий масалалар ҳақида эмас.

Бизда тажрибали мутахассислар етишмайди. Уларни тажриба ортириш учун хорижга юбориш керак. Футбол қайси йўналишда кетаётганини бориб кўришсин, ўрганишсин. Унинг кетидан улгуриш керак. Агар оз-моз кеч қолсанг ҳам тамом, футболингни келажаги бўлмайди, фақат бир жойда айланаверади, ўралашиб қолаверади.

– Австралияга қарши ўйиндан олдин ЎФФ раҳбарияти футболчилар ва мураббийлар штаби билан учрашиб, финалга чиқиш учун катта мукофот ваъда қилгани ростми? Миш-мишларга қараганда – 2 млн доллар?

– Бу миш-миш эмас, рост. Аммо мукофотнинг қиймати айтилмаган. Кўплаб тадбиркорлар, обрўли кишилар келишди. Ўтириб суҳбатлашганмиз, мукофотлар ваъда қилинди, аммо қиймати айтилмади. Катта мукофот бўлиши маълум қилинди холос.

Бу – табиий ҳол. Айбли томони йўқ, чунки ишимиз шундай, яъни оғир меҳнат мукофотланяпти. Улар ҳам Австралиядан ўтиб, финалга чиқсак, катта қадам ташлашимизни тушуниб туришарди. Имконият бор эди. Бу шахсий мотивация, иштиёқни оширадиган нарса. Нега мумкин бўлмаслиги керак?

Аммо, шундан сўнг кимдир пул ҳақида ўйлашни бошласа, футбол ўйнай олмайди. Ўша ўйинни назарда тутяпман. Футболчи мукофот берилишини эшитиб, хаёлини шу билан банд қилса, тамом, у майдонга тушмаслиги керак. У руҳан ўлган бўлади.

Яхши футболчи ўзини қўлга олади. 1 сўм беришадими ёки 5 сўм беришадими – унга барибир. Чунки бу – миллий жамоа!

Пул қанчалик миқдорда бўлмасин, иккинчи даражали бўлиб қолади. Чунки бу – сенинг обрўйинг, мамлакатнинг юзи. Унинг шарафини ҳимоя қилиш учун келгансан. Спортда ундан ҳам юқори бўлган нарса йўқ.

Шу туфайли ёшлар миллий жамоа учун ҳаракат қилиши лозим. Унинг таркибидаги ўрни учун курашиши, унга лойиқлигини исботлаши шарт.

Агар футболчи пул ҳақида ўйлаган бўлса, демак у заиф. Майдонга тушганида ҳам хаёли футболда эмас, бошқа нарсада бўлади.

Сардор Юсупов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Интервьюнинг якуний қисми Ўзбекистон миллий жамоасининг ҳозирги натижаларига бағишланди. Шунингдек, мухлислардан тушган саволлар ҳам берилди.

Мавзуга оид