Жаҳон | 12:38 / 21.02.2020
36852
8 дақиқада ўқилади

«Одамларни қўрқитяпсиз, ОАВ». Коронавирусдан ўлим ҳолати даражаси мавсумий гриппникидан кўп эмас

Бир ойдан ўтдики, дунёнинг етакчи нашрлари диққати Хитой коронавирусига оид сўнгги янгиликларга қаратилган. Сўнгги маълумотларга кўра, икки ой ичида эпидемия умумий ҳисобда 2247 одамни ҳаётдан олиб кетди.

Фото: EPA

Хитой соғлиқни сақлаш бўйича комиссиясининг 21 февраль тонгидаги маълумотларига кўра, COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириш билан боғлиқ яна 889та ҳолат қайд этилган. Мамлакатда вирусдан зарарланганларнинг жами сони 75 минг 465 нафарни ташкил қилмоқда.

Сўнгги бир кунда касалликдан 118 киши вафот этган, мамлакатда қурбонларнинг жами сони — 2236 нафар.

Яна 2109 бемор тузалган ва уларга жавоб берилган. Эпидемия бошланганидан буён ХХРда 18 минг 264 киши тузалиб уйига қайтган. Дунё бўйлаб тузалганлар сони 18 438 нафар.

Жаҳоннинг қолган қисмида коронавирус мингдан ортиқ одамда қайд этилган, асосан круиз лайнери карантинга олинган Японияда. Дунё бўйлаб жами 30 давлатда (Хитойни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) вирус юқтирганлар сони 76177 нафарни ташкил этмоқда.

Хитойнинг материк қисмидан ташқарида касалликдан жами 11 киши вафот этган  Ўлим ҳолатларининг 3таси Японияда рўй берган, Ҳонгконг ва Эронда 2 нафардан, Франция, Филиппин, Жанубий Корея ва Тайванда бир нафардан одам коронавирус қурбонига айланган. Вируснинг жами қурбонлари сони 2247 нафар.

USA Today нашрининг ёзишича, шу орада АҚШнинг ўзида қиш бошлангандан бери мавсумий гриппдан 10 минг нафардан ортиқ киши вафот этди. Умумий ҳисобда, ЖССТ маълумотларига кўра, мавсумий эпидемия ҳар йили 290 мингдан 650 минггача инсон вафотига сабаб бўлади. Англиянинг ўзида ўртача 17 минг киши грипп туфайли ҳаётдан кўз юмади. 

Калифорнияда чўчқа гриппи авж олиши бошланган 2009 йилда бир йилнинг ўзида H1N1 вирусидан камида 150 минг инсон қурбон бўлганди, баъзи ҳисоб-китобларга кўра эса 500 минг киши.

Би-би-си рус хизмати Хитой коронавируси қандай хавфга эгалиги ва ундан қўрқишга асос бор ёки йўқлигига ойдинлик киритди.

Ўлим даражаси

Албатта, қурбонларнинг сонини таққослаш орқали касаллик хавфини белгилаш мутлақо ўринсиз. Юқорида тилга олинган чўчқа гриппидан 2009-2010 йилларда, турли манбаларга кўра, бутун дунё аҳолисининг 10-20 фоизи касалланган ва шу нуқтайи назардан вируснинг ҳатто ярим миллион қурбони ҳам қўрқинчли кўринмайди.

Ўлим даражасининг умумий касалланганлар сонига нисбати олиниши мантиқан тўғри бўлади.

Статистикага кўра, чўчқа гриппи каби глобал эпидемиялар ўртача 25 йилда бир марта рўй беради ва ҳар 100 минг одам учун 10-20 киши ҳалок бўлади (0,01-0,02 фоиз). 

Бугунги кунга келиб Хитой коронавирусидан зарарланишнинг тасдиқланган илк 100 мингга яқин ҳолатига 2 мингдан ортиқ яқин ўлим тўғри келмоқда, яъни тахминан 2 фоиз. 
Умуман олганда, турли тадқиқотлар Covid-19 сабаб бўлган ўлимларни 0,5 фоиздан 4 фоизгача баҳоламоқда. 

Фото: EPA

Ушбу кўрсаткичлар одатий мавсумий вирус билан солиштирилиши мумкин. Эпидемиология ва микробиология институти профессори Виктор Зуевнинг сўзларига кўра, «мавсумий грипп инфекцияси сабаб бўлган ўлим даражаси шу билан бир хил ёки бироз юқорироқ бўлади». 

Бундан ташқари, коронавирусдан фарқли ўлароқ, оддий грипп ташхиси учун лабораторияга жуда кам ҳолларда мурожаат қилинади. Covid-19 бўйича расмий статистика эса беморларнинг аҳволи ёмонлашгани ва лаборатория ташхисига муҳтож бўлган ҳолатлардагина ҳисобга олинади.

Аксарият мутахассислар коронавирус билан касалланган ўн минглаб одамлар жиддий аломатларга дуч келмаган ва шифокорга мурожаат қилмаган деган фикрда. Баъзилари эса касалликларини умуман билишмаган. Бунинг натижасида эса, «расмий» ўлим даражаси юқори бўлиши мумкин. 

Шу билан бирга, ундан юқори бўлиши ҳам мумкин. Унутмаслик керакки, ташхис қўйилган 76 минг атрофидаги беморнинг атиги 20 фоизига яқинини даволашга эришилди, қолган 80 фоизи эса ҳали ҳам касал — улардан қанчаси тузалиши мумкин, буни фақат тахмин қила оламиз. 

Ваҳоланки, ҳар қандай касалликнинг оммавий тарқалиши, деярли ҳар доим, унинг оқибатларига нисбатан жиддийроқ бўлиб туюлади — сабаби оддий, касалликнинг оғир ҳолатлари эътиборни кўпроқ жалб қилади. 

Ҳарвард университети эпидемиологи Марк Липсичнинг айтишича, H1N1 маркали чўчқа гриппи эпидемияси илк ойларида вирусдан ҳар ўнинчи бемор ўлаётганга ўхшарди. Ташхис аниқланмагунча, беморларнинг аксарияти касалликни оёқда ўтказишган ва ҳатто шифокорга кўринишмаган. Ушбу ҳолатлар умумий статистикага қўшилганда,  ўлим даражаси 0,1 фоизгача тушади.

Таққослаш учун, 2003 йил SARS (атипик пневмония) эпидемияси пайтида ўлим даражаси деярли 10 фоизни ташкил этган; Яқин Шарқ респиратор синдроми вирусидан (MERS) ўртача уч кишига бир қурбон тўғри келган. Демак, бу кўрсаткичларда Covid-19 ўзининг ўтмишдошларидан анча ортда. 

Қўрқишга арзийдими?

Ҳар қандай касалликнинг хавф даражасини кўрсатувчи яна бир жиҳат — унинг юқумлилиги, яъни ҳар бир вирус ташувчиси қанча одамни зарарлантиришга улгуришидир. Ҳатто касаллик енгил ва ҳеч қандай аломатларсиз кечаётган одам ҳам юқтирувчи бўла олади.

Шу нуқтайи назардан, Covid-19 мавсумий гриппдан кўра ҳақиқатан ҳам хавфлироқ. Агар «одатий» вирус билан касалланган 10 нафар бемор ўртача яна 13 кишига юқтирса (юқумлилик 1,3), коронавирус, хитойлик шифокорлар баҳосига кўра, тезроқ тарқалмоқда: 10 инфекция ташувчиси 22 соғлом одамга юқтиради (2,2). 

Экспериментал тиббиёт институти бош вирусологи Лариса Руденко «вирус алоқада бўлувчилар учун жуда хавфли» деган фикрда. 

Фото: AFP

«Афтидан, Япониядаги лайнер каби ҳатто шамоллатиш тизимлари орқали ҳам касал бўлиш мумкин. У ерда беморлар алоқада бўлишмайди, ҳеч қаёққа чиқишмайди, аммо барибир юқтириб олишган», — дейди вирусолог. — SARS вақтида Ҳонгконгнинг юқори қаватда яшовчи аҳолиси инфекцияни шамоллатиш тизимлари орқали қуйида яшовчи аҳолидан юқтириб олган. Ҳаво-томчи йўли орқали юқиш жуда хатарли».

Аммо SARS’нинг юқтириш даражаси бироз баланд бўлган — 3’га яқин, қизамиқ вирусида эса 12’дан ошиб кетади. 

Айнан шунинг учун бу турдаги ҳар қандай касалликка шубҳа пайдо бўлганда карантинга риоя қилиш жуда муҳим. 

«Энг муҳими — карантин, лекин одамлар буни тушунишмайди. Касалхона карантинидан қочиб чиқиш жамият олдида масъулиятсизликдир», — дейди Руденко. 

Хавф гуруҳига, деярли ҳар қандай инфекция тарқалишида бўлганидек, болалар, қариялар, ҳомиладор аёллар ва иммунитети заифлар ва сурункали касалликлари бўлган одамлар киради. Аммо соғлом инсонлар учун таҳликага тушишга асос йўқ.

«Одамлар сиз сабабли қўрқишмоқда, ОАВ, — давом этади Руденко. — Кутилмаган муносабат келиб чиқиши сабаби касаллик янги вирус туфайли юзага келган. Унинг хусусиятлари — ўлим даражаси жуда паст (2, 5-3 фоиз),  аммо вирус жуда юқумли».

Профессор Зуевнинг сўзларига кўра, коронавируснинг навбатдаги эпидемияси мутлақо табиий ва «цивилизация фойдаларининг тўловидир». 

«Биз тез-тез ва узоқроққа саёҳат қила бошладик, кўплаб одамлар билан алоқага киришамиз ва ўзимиз билан кўплаб микроб ташиймиз. Биз бактериологик ва вирусологик жиҳатдан стерил эмасмиз, — изоҳлайди у. — Сиз билан бизга [Россияда] ниқоблар ёки вакциналар зарурат эмас».

Мавзуга оид