Муаммоли класико: «Реал» ва «Барселона» ҳал қилувчи ўйинда қандай ўйнайди?
Мадрид ва Каталония клублари чемпионлик учун муҳим ўйинга турли муаммолар билан етиб келишди.
«Реал» ва «Барселона» учун бу ҳафта оғир бўлди, икки жамоа ҳам Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида муваффақиятсиз иштирок этди: Мадридликлар ўз уйида «Манчестер Сити»га ютқазди (1:2), кўк-анорранглилар сафарда «Наполи» билан дуранг ўйнади (1:1). Икки жамоа ҳам рақибнинг тактикаси қурбони бўлди: «Реал» Хосеп Гвардьола Кевин Де Брюйне ва Габриэл Жезуснинг жойларини ўзгартириши ва майдонга янги кучлар ташлаши оқибатида ғалабани бой берди, «Барселона» эса рақибнинг тиғиз ҳимоясини ёриб ўтолмади ва Женнаро Гаттузо томонидан тузилган қарши ҳужум машинасига дош беролмади. Улар энди класикода қандай ҳаракатланишади — бу ўйин Испанияда чемпионлик масаласини ҳал этадими?
Испания Ла Лигаси. 26-тур.
2 март (якшанбадан душанбага ўтар кечаси)
«РЕАЛ» - «БАРСЕЛОНА»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»
29 жароҳат
Чемпионлар лигаси доирасида «Наполи»га қарши сафар ўйинининг энг яхши футболчиси бўлган Серхио Бускетс Неаполдаги ўйиндан кейин «Барселона» таркибидаги муаммолар ва ўзи учун янги позицияда ҳаракатланишга тўғри келгани тўғрисида гапирди. Кўпчилик унинг сўзларида клуб спорт директори Эрик Абидалнинг ишидан норозилик белгиларини пайқади. Кейин Ракитич давом эттирди, у футболчилар танлови бўйича саволга жавоб бераркан, шундай деди: «Буни бу ишга жавобгар бўлганлардан сўранг».
Ҳозирда барча муаммолар учун Абидални балогардон қилиш урфга айланди, уни ўз интервьюсида Месси ҳам эслатиб ўтганди. Аммо кўк-анорранглар жамоасидаги тиббий муаммоларга франциялик мутахассиснинг дахли йўқ, жамоанинг ҳозирги ҳолатини фалокат сўзи билан характерлаш мумкин. Неаполдаги ўйин вақтида яккакурашдан кейин майдонга ноқулай йиқилган Пике майдонни чўлоқланиб, шифокорларга суянган ҳолда тарк этаётган вақтда Кике Сетьен нималарни хаёлдан ўтказганини тасаввур қилиш ҳам қийин.
«Барса» мухлислари бахтига, Жерар жиддий жароҳат олмагани маълум бўлди. Якшанба оқшомида у сафда бўлади, каталонияликлар сафидаги жароҳатланиш ҳолатлари сони 30тага етмади. Аммо 29 рақами ҳам — қўрқинчли кўрсаткич. Айниқса мавсум давомида жами 16 нафар футболчи турли даражада жароҳатлар олгани эътиборга олинса. Бу ўринда барча жароҳатланиш ҳолатларини келтириб ўтишдан маъни йўқ, фақат уч бахтиёр футболчи шифокорлар қўлига тушмаган: Бускетс, де Йонг ва Гризманн.
Айтиш мумкинки, барчаси Месси билан бошланганди, у жароҳат туфайли мавсумолди тайёргарлик жараёнини якунига етказа олмади ва Испания чемпионати стартини ўтказиб юборди. Ҳозирда клуб мухлислари Леонинг соғлиги учун дуо қилишмоқда, чунки ҳужум чизиғидаги бошқа футболчилар Суарес ва Дембеле мавсум якунига қадар сафдан чиқишган, жамоанинг яна икки етакчиси Жорди Альба ва Сержи Роберто ҳам жиддий жароҳат олишган.
Шишаоёқ Азар
«Реал»да рақиб билан таққослаганда таркиб бўйича вариант деярли идеал даражада. Фақат Азар мавсумнинг қолган қисмида жамоага ёрдам бера олмаслиги мумкин, бу «Қироллик клуби» раҳбарияти ва футболчининг ўзи учун жуда оғриқли. Раҳбарият бельгиялик футболчи учун ёзда 100 миллион евро тўлаган ва унга Криштиану Роналдунинг рақамини бериб, унинг ўрнини босишига ишонч билдирганди, аммо бу ишонч оқланмади - уни майдонда деярли кўрмадик.
Бельгиялик футболчи ўтган йил ноябрида сафдан чиқиб, уч ойдан ошиқ вақт давомида тикланиш жараёнини бошдан кечирди, аммо икки ўйинни тўлиқ ўтказишга улгурмасдан яна жароҳат орттириб олди. Февраль ойида Эден таркибда бўлган вақтда «Реал» атиги бир очко олди ва 15 ўйин давом этган мағлубиятсиз сериясига якун ясади. Бу йўқотиш «қаймоқранглилар»га турнир жадвалидаги етакчиликни бой бериши учун етарли бўлди, қолаверса, жамоа 1962 йилдан буён илк марта «Барселона» Ла Лигада урилган голлар сони бўйича ўзиб кетишига йўл қўйди.
Азарнинг тиббий кўрсаткичлари янада қайғулироқ кўринади. «Сантьяго Бернабеу»даги биринчи мавсумида у шунчалик кўп ўйин ўтказиб юбордики, у «Челси» сафидаги 7 мавсумда бунчалик кўп ўйинни ўтказиб юбормаганди (20). Англияда Эден майдондан ташқарида қолиши билан боғлиқ энг узоқ муддат 42 кун бўлган, бу муддат ичида у фақат 5та расмий ўйинни ўтказиб юборганди.
Класикодан маҳрум бўлиш
Азарнинг муаммолари Зинедин Зиданнинг кайфиятига таъсир кўрсатмай қолмади. Француз мутахассиси юлдузли футболчига катта умидлар боғлаганди, аммо Эден билан рўй берган воқеалар Асенсионинг тарихини такрорламоқда. Мавсумлар оралиғида испаниялик футболчи майдон бўйлаб елар экан мураббий жамоанинг янги етакчиси тимсолини айнан унда кўрганди, аммо оғир жароҳат туфайли у деярли бутун мавсумни ўтказиб юборадиган бўлди.
«Бизда ўн нафар ҳужумчиси бор, аммо бу бизнинг энг муаммоли чизиғимиз. », — дея қайд этди шу кунларда Зидан. Бэйл доимий равишда жароҳат олади ва Хамес Родригес каби бош мураббийнинг «қора рўйхати»да. Лукас Васкес барқарор ўйнамайди, Винисиус Жуниор эса барқарор ўйин кўрсатиш учун ҳали ёшлик қилмоқда. Бу гап унинг ватандоши Родригуга ҳам тегишди, у «Реал»нинг иккинчи жамоаси ўйини вақтида аҳмоқона тарзда четлатилди ва класикодан ташқарида қолди. Бразилиялик футболчи чиройли юриш қилиб, чиройли гол урганди, аммо у ҳужумга чиққан вақтда рақиб футболчиси жароҳатланган ҳолда газонда ётганди, шу туфайли рақиблар уни ҳалол ўйин принципларига риоя қилмаганликда айблашди. Родригунинг олдига рақибнинг ғазабланган дарвозабони етиб келиб, эътирозларини билдирганида, у провакация услубида голини нишонлаб берди.
Натижада, ўйин ҳаками спортга зид хатти-ҳаракатлар туфайли унга иккинчи сариқ карточкани кўрсатди ва Зидан учун навбатдаги бош оғриқ пайдо бўлди. Яқиндагина ўз натижалари билан машинани ёдга сола бошлаган «Реал» аввалига Испания Кубогини тарк этди, кейин Ла Лига пешқадамлигини бой берди, энди эса Европадаги кампаниясини муддатидан аввал тугатиш ёқасида қолган.
Янги услуб
Зидан «Реал»га қайтганидан кейин жамоа тактик нуқтайи назардан турлана бошлади: масалан, 25-тур доирасида «Леванте»га қарши мағлубиятли ўйинда (0:1), «Қироллик клуби» ҳужум чизиғида ранг-баранглик намойиш этганди. Жуда сифатли узун узатмалар, қанотларда Марсело ва Даниэл Карвахалнинг тезкор ҳужумлари, Иско, Эден Азар ва Карим Бенземнинг комбинациялари. «Реал»га фақат якунловчи зарбалар етишмади (зарба бериш нуқтасига узатилган пас ва ундан олдинги пас бўйича кўрсаткичларда ҳаммаси жойида эди), бу статистикада ҳам акс этган: xG бўйича Мадрид жамоаси рақибдан яққол устунлик қилган — мезбонларда эҳтимолий 1,89 гол рақибнинг эҳтимоли 0,71 голига қарши.
ЕЧЛда «Сити»га қарши ўйинда «Реал» мудофаа чизиғида ҳам янгича ўйнади: Зидан шогирдлари прессингнинг пассив вариантини танлашди ва ҳудудларни ёпиб қўйишди, Лука Модрич, Карвахаль ва Каземиро фаол ҳаракатланган вақтда «шаҳарликлар»нинг узун узатмаларини осонлик билан эгаллаб олаверишди. Гол урган бўлсада Иско ўзини майдонда тополмади, у баъзи ҳолатларда прессингда ўз жамоадошларига халал бериб қўйди ва керакли вақтда очилмади.
«Барселона» бошқарувига яқинда келган Кике Сетьен кўк-анорранглиларни тики-такага қайтармоқда: тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткичлар 70 фоиздан ошиши одатий ҳолга айланди, узатмалар сони кўпайди (масалан, Ла лиганинг 21-турида «Валенсия»га қарши ўйинда кўк-анорранглилар жами 1009 тегинишда 866 пас беришган), юқори прессинг қилинмоқда ва тўп йўқотилганда тезкорлик билан уни қайтариб олиш учун ҳаракат бошланмоқда. Гвардиолага хос бўлган услуб қайтганининг яна бир далили — дарвозабон Марк-Андре тер Штегеннинг ўйинидир, у тез-тез тўпга тегинмоқда ва ҳужумларни биринчи пас билан бошлаб бермоқда. «Наполи»га қарши ўйинда германиялик посбон 27 марта узатма берди — бу эса каталонлар форварди Антуан Гризманнинг натижасидан уч карра кўпроқдир.
Бундай тактикадаги ҳал қилувчи минус — тўпга эгалик натижа келтирмаслигидир. Бу неаполитанликлар билан ўйинда яққол кўриниб қолди: кенгликлар етишмаслиги, тиғиз ҳимоядан ўтишдаги муаммолар ва биринчи бўлимда битта ҳам аниқ зарба бера олмаслик. «Барселона» майдон марказида қолиб кетди, буни жамоа яримҳимоячиси Серхио Бускетснинг статистикаси ҳам кўрсатмоқда: Жамоа футболчилари жами 937 тегинишдан 133таси унга алоқадор эди.
Лекин «Реал» билан ўйинда Сетьен бошқачароқ ўйнаши ҳам мумкин: одатдаги 4-3-3 схемасида эмас, худди «Валенсия» ва «Гранада» билан ўйинларда бўлгани каби уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаш.
Ҳужумда ким ўйнайди?
«Леванте» билан ўйинда «Реал» Эден Азарни яна бир бор йўқотгач, Зидан энди ёзда сотиб олинган яна бир форвард Лука Йовичдан фойдаланиш ҳақида ўйлаб кўриши мумкин, лекин унинг статистикаси таассурот қолдиргулик эмас: Ла Лигада жами 383 дақиқа ўйин вақти, икки гол ва бир голли пас. Гарет Бэйл майдонга тушиши эҳтимоли деярли йўқ, афтидан унинг хаёли бошқа чемпионатларда: уэльслик футболчи Испания чемпионатининг жорий мавсумида Йовичдан кўра уч баробар кўп ўйин вақтига эга бўлди (999 дақиқа), аммо у ҳам атиги 2 гол урди ва 2 голли пас билан чекланди. «Сити» билан ўйинда эса унинг 75-дақиқада захирадан тушиши ўйин кечишига салбий таъсир кўрсади (у тушгунича Мадрид ҳисобда олдинда эди 1:0): Бэйл умуман прессингда қатнашмади. Тўққиз марта тўпга тегинди, беш марта пас берди ва иккита зарба — унинг ўйиннинг қолган қисмидаги статистикаси шу бўлди.
Катта эҳтимол билан «Реал» қанотида Винисиус майдонга тушади, у «Сити»га қарши ўйинда ёмон кўринмаганди ва жамоанинг ягона голига ҳаммуаллифлик қилганди. Гап унинг пасида эмас, у тезлиги ва ҳимоядаги ҳаракатлари билан жамоага ёрдам кўрсатди (уч марта муваффақиятли тарзда тўпни олиб қўйди — ҳужум чизиғи вакиллари орасида энг яхши кўрсаткич), майдонни яхши кўра олишини кўрсатди ва рақибни ўз дриблинглари билан сергакликда ушлаб турди (тўрт уринишдан уч мартасида рақибни алдаб ўтди). Винисиус билан бирга, кўп эҳтимол билан Иско ва Бензема бошланғич таркибда ҳаракат қилса керак.
Ҳужум чизиғида Усмон Дембеле ва Луис Суаресдан айрилган «Барселона» эса можароли равишда «Леганес»дан олиб келинган Мартин Брэйтуэйтга умид билдириши мумкин (Ла Лиганинг жорий мавсумида 6 гол уриб, бир голли узатмага муаллифлик қилган). Ундан ташқари, ҳужум чизиғида 17 ёшли вингер Ансу Фати варианти ҳам бор.
Энг оптимал вариант универсал футболчи Артуро Видаль бўлиши ҳам мумкин: «Наполи»га қарши ўйин ушбу чилилик футболчи Лионель Месси билан бир-бирини ўзаро қандай тушунишини кўрсатиб берди.
Ҳозирда ким оғирроқ вазиятда — Зидан ёки Сетьен, буни айтиб бўлмайди. Фақат бир нарса маълумки, май ойида чемпионликни якшанба кунги класикода муаммоларни тўғри ҳал эта олган жамоа нишонлайди.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
00:08 / 07.11.2024