Жаҳон | 10:57 / 02.03.2020
5586
2 дақиқада ўқилади

АҚШда сайловлар. Пит Буттижич пойгани тарк этди

Индиана штати Саут-Бенд шаҳрининг собиқ мэри, 38 ёшли Пит Буттижич АҚШ президентлиги учун пойгани тарк этди. У 1 март куни Саут-Бенддаги чиқиши вақтида бу ҳақда маълум қилган.

Santiago Flores/South Bend Tribune via AP

«Пойганинг бу босқичида мақсадларимиз ва идеалларимизга ишончни сақлаб қолишнинг энг маъқул йўли — четга чиқиш ва партиямиз ҳамда мамлакатимиз бирлашишига ёрдам беришдир. Шундай экан, бугун мен қийин қарор қабул қилдим ва президентлик учун кампаниямни тўхтатдим», — дея Буттижичнинг сўзларини келтирмоқда CNN.

У айнан нима учун пойгани тарк этаётганига изоҳ бермаган. The New York Times нашри буни унинг Жанубий Каролинадаги праймеризда мағлуб бўлиши билан боғламоқда, Буттижич бу штатда 8,2 фоиз овоз билан тўртинчи бўлганди.

Айни вақтга келиб Демократик партия АҚШнинг тўртта штатида праймериз ва кокуслар ўтказиб улгурди. Пит Буттижич февраль ойи бошида Айовада ўтказилган партиянинг ички йиғилишида биринчи бўлганди, кейин Нью-Ҳэмпширда иккинчи, Невадада учинчи ўринни эгаллаганди.

Қайд этиш керакки, Демократик партия Айовадаги кокус натижаларини аниқлашда муаммога дуч келган ва натижалар эълон қилиниши кечикканди. Бунга овозларни ҳисоблашда қўлланган мобил иловадаги носозлик сабаб бўлган. Хабарларга кўра, бу илова Буттижич билан ҳамкорлик қилган компания томонидан ишлаб чиқилганди.

  • Праймеризларда ҳозирча сенатор Берни Сандерс 58 делегат овози билан етакчилик қилмоқда. Собиқ вице-президент Жо Байден эса Буттижич пойгани тарк этгандан сўнг 50 делегатнинг овозига эга бўлиб, иккинчи ўринда бормоқда.
  • Бу сафар 3 март кунига тўғри келаётган «суперсешанба»да бир вақтнинг ўзида 14та штатда, жумладан, Калифорния ва Техасда партия делегатлари овоз беришади, шу куни умумий овозларнинг учдан бири, 1357та овоз тақсимланади.
  • Ноябрь ойидаги бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи сайловда демократлар партиясининг номзоди сифатида қатнашиш учун камида 1991та делегат овозига эга бўлиш талаб этилади.

Мавзуга оид