Ўзбекистон | 17:37 / 05.03.2020
18652
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «ЛУКОЙЛ» раҳбарини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев ва компанияси раҳбари Вагит Алекперов иштирокидаги учрашувда Ўзбекистон ҳудудида геология-қидирув соҳасида ҳамда углеводород конларини, шу жумладан, қазиб олиниши қийин бўлганларини ўзлаштириш борасида кооперацияни мустаҳкамлаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни Россиянинг «ЛУКОЙЛ» компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, жаҳоннинг етакчи энергетик корпорацияларидан бири ва Ўзбекистон нефт-газ комплексининг муҳим инвестори - «ЛУКОЙЛ» билан стратегик шерикликда сезиларли ривожланишга эришилганини алоҳида таъкидлади.

«Бугунги кунда компаниянинг қўшма лойиҳаларга киритган сармоялари ҳажми 10 миллиард доллар атрофида. Йилига 8 миллиард куб метрдан зиёд табиий газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жануби-Ғарбий Ҳисор ва Устюртдаги конларни ўзлаштириш давом этяпти. Бундан ташқари, «ЛУКОЙЛ» мамлакатимиздаги ижтимоий дастурларни фаол қўллаб-қувватламоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилган.

Компаниянинг корпоратив бошқарув ва нефт-газ тармоғида рақамли технологияларга ўтиш борасидаги тажрибаси ва илғор ечимларини жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон ҳудудида геология-қидирув соҳасида ҳамда углеводород конларини, шу жумладан, қазиб олиниши қийин бўлганларини ўзлаштириш борасида кооперацияни мустаҳкамлаш имкониятлари муҳокама қилинган.

Илмий изланишлар ҳамда энергетика сектори учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш устувор йўналиш сифатида белгилаб олинган.

Мавзуга оид