«Умримда икки марта йиғлаганман» - Максим Шацких устози ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди
Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ ҳужумчиси Максим Шацких Киевнинг «Динамо» клуби бош мураббийи Валерий Лобановский ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди. Машҳур тўпурар ўз фаолиятида салмоқли из қолдирган украиналик мутахассис ҳақида жуда илиқ сўзларни айтди.
Максим билан Киевда учрашганимизда интервью олдик, хусусан Лобановский ҳақида кўплаб саволларни бердик. Қуйида унинг устози ҳақидаги интервьюга кирган ва кирмаган сўзларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- 1999 йили «Динамо Киев» клубининг дунёга машҳур мураббийи Валерий Лобановскийдан таклиф олгансиз. Шу ҳақда гапириб берсангиз.
- Россиянинг «Балтика» клубида биринчи давра якунланишига 2 тур қолган эди. «Динамо Киев»дан икки селекционер келди. Бафуржа гаплашдик, улар кўрикдан ўтказиш учун эмас, балки аниқ таклиф билан келишган экан. Хуллас, гаплашиб олдик. 2 турни ўтказиб Киевга йўл оладиган бўлдим. Шундан кейин Москванинг «Спартак» клубидан ҳам вакиллар келиб, «олтин тоғлар»ни ваъда қилишди. Аммо аввал ҳам айтганман - «Динамо Киев»да тўп тепиш болалик орзум бўлгани учун, ҳатто «Спартак» таклифини муҳокама ҳам қилмаганман.
Киевга борганимдан сўнг, 1 кун ичида шартномани келишиб олганмиз. 2 кун ўтгач, асосий жамоа машғулотига қўшилганман.
- Бош мураббий Валерий Лобановский сизни қандай кутиб олди, у билан нима ҳақда гаплашдингиз?
- Клуб қароргоҳига бордим. Ҳамма шу ерда экан – раҳбарият, мураббийлар штаби, жамоа. Валерий Васильевич билан юзма-юз гаплашдик. Уни соф футболга оид масалалар қизиқтирди. Менга 2-3 савол берди. Макетда баъзи вазиятларни кўрсатиб, фикрим билан қизиқди. У ёки бу ҳолатда нима қилишимни сўради. Яъни, футболдаги қарашларим уники ва жамоаникига қанчалик мос келишини ўрганди. Жавобларим уни қониқтирди, фикрларимиз бир жойдан чиқди деб ўйлайман. 10-12 дақиқа гаплашиб олдик. Шундан кейин раҳбарият билан учрашдим, қолган масалаларни муҳокама қилдик.
- Сиз Лобановскийдан ташқари, Алексей Михайличенко, Йожеф Сабо, Леонид Буряк, Анатолий Демьяненко (кейинчалик у Ўзбекистонда ҳам ишлаган), Олег Лужний, Юрий Сёмин каби мураббийлар қўл остида ҳам ўйнагансиз. Улардан қайси бири сизга энг кўп ижобий таъсир қилган?
- Шубҳасиз Валерий Лобановский. У – буюк шахс ва дунё миқёсидаги афсонавий мураббийлардан бири эди. «Динамо Киев»даги 10 йиллик фаолиятимнинг энг яхши қисмини унинг қўл остида ўтказганман. Ўз навбатида бошқа мураббийлардан ҳам яхши нарсаларни ўзлаштиришга ҳаракат қилганман. Масалан, Леонид Буряк: «Футболчи ҳар доим кучли хислатлари билан ўйнаши керак. Қўлингдан келмайдиган ёки яхши эплай олмайдиган нарсаларни қилишга уринма. Энг кучли жиҳатларинг билан ўйна», деб айтар эди, афсуски у клубда оз вақт ишлади. Жуда тўғри гаплар, чунки футболчилар ҳар хил бўлади. Кимдир тезроқ югуради, кимдир тезроқ ўйлайди, кимдир тўп билан яхши ишлайди. Шу туфайли, ҳар бир мураббийдан яхши нарсаларни ўзлаштириб олишга интилганман.
- Валерий Лобановский «Динамо Киев» клуби билан икки марта еврокубокда ғалаба қозонган. Собиқ СССР ҳудудида ҳали ҳеч ким бундай натижага эришолмади. Унинг мураббий сифатидаги кучли томони нимада эди?
- Буни ўзининг сўзлари билан изоҳлаш мумкин. «Яхши мураббий ўз давридан ўзиб кетиши керак», - деган эди Валерий Васильевич. Яъни, агар мураббий футболдаги даврдан ўзиб кетса, у ҳолда тез ўсади ва олдинга қараб юради. Бундан ташқари, ўша пайтларда кўплаб зўр футболчилар ўйнаган. Танлов катта эди – таркибда бир-бирини ўрнини боса оладиган футболчилар кўп бўлган. Уларнинг ўрни алмашган тақдирда ҳам ўйиннинг сурати ўзгармасди. Ҳозирги вақтда бундай эмас. Қўшимчасига, унинг тажрибаси ҳам катта эди. Европанинг исталган клубини қандай мағлуб этишни яхши тушунарди. Масалан, 1999 йили «Динамо Киев» Чемпионлар Лигаси яримфиналида «Бавария»га тасодифан ютқазиб қўйган (Чемпионлар Лигаси 1998/99 мавсуми. «Динамо Киев» - «Бавария» 3:3 ва 0:1. Максим ҳали «Динамо» сафида эмас эди. Изоҳ – Tribuna.uz). Бу мағлубиятни тасодифан деб ҳисоблайман. Агар клуб финалга чиққанида «Манчестер Юнайтед»ни бемалол мағлуб этган бўларди. Жамоа жуда яхши формада эди. Бундан ташқари, юқори савиядаги футболчилар йиғилган эди.
- Баъзи мутахассислар Лобановскийнинг мураббийлик услубини танқид қилишади. Унинг машғулотлари оғирлигини, жисмоний юкламалар жуда катта эканини таъкидлашади. Бу ростми?
- Рост. Яшириб нима қиламан, ўзим шуларни бошимдан ўтказганман. Йиғинлар, машғулот жараёни оғир бўлган. Юқори тезликда ўтказилган. Менимча, ўша пайтда машғулотларни бошқача ўтказишга имкон йўқ эди. Чунки, ҳар қандай жамоа шартли айтадиган бўлсак «Барселона» футболини ўйнай олмайди. Бундай клуб, бундай услуб учун футболчилар махсус танлаб олинади. Ўша пайтда «Динамо»да жисмоний ҳолат биринчи ўринда турган. Жуда оғир бўлган, яширмайман. Баъзан машғулотда ўзини ёмон ҳис қилиш, ҳушдан кетиб қолиш ҳолатлари бўлган. Тезкорлик эвазига бошқа камчиликлар компенсация қилинган деб ўйлайман. Жисмоний юкламаларсиз машғулот ўтказишнинг иложи йўқ. Ўша пайтда «Динамо»да шундай услуб қўлланган.
- Андрей Шевченко ўз интервьюларидан бирида Валерий Лобановский ҳақида гапира туриб, бўлимлар оралиғида унинг кийим алмаштириш хонасига деярли кирмаслигини, кирса ҳам фақат бир гапни: «Нега ўтирибсизлар, майдонга чиқинглар ва ўйнанглар», деб айтишини таъкидлаган эди?
- Ҳа, тўғри. Ортиқча гапирмасди. «Дам олдингизларми? Туринглар ва майдонга чиқиб ўйнанглар», дерди. Ҳаммаси руҳиятга бориб тақалади. Чунки одамлар ҳар хил бўлади. Кимнидир савалаш керак, кимнидир бошини силаш керак. Кимга бақирсангиз, ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Кимни жонлантирмоқчи бўлсангиз, таёқ билан уриш керак. Масалан, Пеп Гвардиола танаффусда мураббийлар хонасида ўтиради, кийим алмаштириш хонасига умуман кирмайди. Чунки, бу футболчилар ҳудуди. Улар дам олиб, кейин иккинчи бўлимга чиқишади. Тўғри баъзан жуда қийин вазиятлар бўлиши мумкин. Шунда мураббий кириб, футболчиларни руҳини кўтаришга уриниши – табиий ҳол. Албатта буни истисно қилиб бўлмайди.
- Ёши катта мухлислар Лобановскийни захира ўриндиғида чайқалиб ўтиришини эслашади...
- Ҳаммаси асабга бориб тақалади. Мураббий жуда катта босим остида ишлайди. Кимдир сақич чайнайди, кимдир конфета шимади, баъзилар бақир-чақир қилади. Валерий Васильевич эса эҳтиросларини ўзида сақлаган. Ишонинг, катта клубларнинг, миллий жамоаларнинг мураббийларига осонмас. Ичига тўпланиб қолган тажангликни қандайдир йўл билан чиқариб юбориши керак.
- Сиз Лобановский қўл остида атиги уч йил ўйнадингиз...
- Ҳа. Валерий Васильевич 2002 йилда вафот этди. Биз Запорожьеда «Металлург» билан ўйнаётган эдик. Захира ўриндиғида Валерий Васильевич мендан бир неча метр нарида ўтирарди. Бирдан ҳушидан кетиб, юзтубан ерга йиқилди. Ҳаммаси кўз ўнгимда юз берди. Дарҳол тез ёрдам машинаси келди, ўйин тўхтатилди. Уни зудлик билан шифохонага олиб кетишди. Биз эса жамоа билан Киевга қайтдик. Кейин билсак, ўйин пайтида инсульт бўлган экан. Олдинига жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли ўтди, аҳволи яхши деган хабарлар келди. Кайфиятимиз кўтарилди. Аммо бир неча кундан кейин вафот этганини эшитдик. Шунда ўзимни тўхтатолмай жуда қаттиқ йиғлаганман... Хонамга қамалиб олганман... Ҳатто турмуш ўртоғим ҳам мени тинчлантира олмаган... Умримда икки марта шундай йиғлаганман... Биринчиси ёшликда бўлган. Футбол билан боғлиқ ҳолат эмасди...
Валерий Васильевич кўплаб ёшларнинг маҳоратли футболчи сифатида шаклланишига катта ҳисса қўшган инсондир. Унинг шогирдлари бир неча йиллар давомида Европада, турли миллий жамоаларда муваффақиятли тўп тепди. Биз футболчиларга бақирганини, қаттиқ койиганини эслолмайман. Қарашидан, нигоҳидан ўйинимиз унга ёқмаётганини, хато қилаётганимизни сезардик... У ҳақда кўп ва тўхтамасдан гапириш мумкин. У дунё футболи савиясидаги буюк мураббий эди. Агар ҳозир тирик бўлганида дунё футболи ривожи учун янада янги нарсаларни олиб кирган бўларди, деб ўйлайман.
Нурмуҳаммад Саид суҳбатлашди
Мавзуга оид
13:05 / 09.03.2024
Шацких бу сафар ҳам Бердиевни енголмаган — «Пахтакор» - «Насаф» баҳсидан фотожамланма
18:08 / 08.01.2024
Шацкихнинг Хитойга бормагани, Қосимов ва Гейнрихдан супергол ва Баҳрайндан аламли мағлубият. Осиё кубоги-2004ни қандай эслаймиз?
11:51 / 02.08.2023
«Буюк жамоалар ҳам ютқазади». Шацких Самарқанддаги мағлубият, ВАР йўқлиги, ҳакамлар хатоси, трансферлар ва «Динамо» ҳақида
16:53 / 29.07.2023