Сибирь дарёларини Орол денгизига буриш хомхаёл эдими ёки реаллик?
Собиқ иттифоқ даврида Марказий Осиё қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудудга айлантирилади. Иссиқ иқлим, унумдор тупроқ бу минтақада кўплаб қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун яхши шароит яратади. Бунинг устига бепоён ер, арзон ишчи кучи... Минтақада юқори ҳосилдорлик учун фақат сув муаммо бўлиши мумкин эди.
Пахта яккаҳокимлиги ва Оролнинг қуриши
1960-йилларда Марказий Осиё республикаларида кўплаб чўллар ўзлаштирилиши, янги каналлар ва сув омборлари қурилиши Амударё ва Сирдарё сувининг Оролга етиб боришини камайтиради. Натижада унинг сатҳи пасая бошлайди.
Албатта, Оролнинг қуриб бораётгани кенг жамоатчиликдан яшириларди. Биладиганлар эса бу ҳақда на гапирган, на бирор ерда ёза олган. 1980-йилларга келибгина одамлар Орол қуриётгани ҳақида хабар топди. Бу вақтда денгизнинг ярми қуриб бўлган ва ҳақиқий ҳолат ҳақида фақат Орол атрофида яшаётганлар биларди...
Собиқ иттифоқ учун Марказий Осиё республикалари, айниқса Ўзбекистонда етиштириладиган пахта стратегик даражага кўтарилган муҳим хомашё эди. Собиқ иттифоқнинг енгил саноати учун миллионлаб тонна пахта толасини Ўзбекистон етиштириб берарди. Пахта кўп сув талаб қиладиган ўсимлик бўлгани сабаб у экиладиган майдонларнинг ва ҳосил режасининг йилдан-йил кўпайтириб борилиши охир-оқибат минтақада сув муаммосини келтириб чиқарарди.
Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш: илк лойиҳалар
Оролнинг суви камайиб бораётган вақтда Марказ (яъни Москва) Сибирдаги Обь ва Иртиш дарёларининг сувини Марказий Осиёга оқизиш режасини туза бошлайди. Аслида Сибирь дарёларининг сувини бу ҳудудга буриш бўйича фаразлар ХIХ асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган. 1868 йилда Киев университети битирувчиси Яков Демченко Обь ва Иртиш дарёларининг сувини Орол-Каспий пасттекислигига оқизиш режасини ишлаб чиққанди.
1871 йилда Демченко «Қўшни давлатлар иқлимини яхшилаш учун Орол-Каспий пасттекислигини сувга бостириш» номли китобини чоп эттиради. Ўша пайтда бу ишга эҳтиёж йўқ эди. Шунингдек, уни амалга оширишнинг иложи бўлмагани учун режа қоғозларда қолиб кетади.
Орадан ярим асрдан ошиқроқ вақт ўтиб, 1948 йилда россиялик географ, академик Владимир Обручев Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш ҳақида Сталинга хат ёзади. Сталин бу режани эътиборсиз қолдиради.
1950-йилларда қозоғистонлик академик Шафиқ Чўқин бу масалани яна кўтариб чиқади. Унинг чизмалари асосида бир неча лойиҳа институтлари дарёларни турли йўналишлар бўйлаб оқизиш лойиҳасини тайёрлашади.
1960-йиллардан бошлаб Ўзбекистон ва Қозоғистонда жуда катта ҳудудлар ўзлаштирилиши оқибатида Амударё ва Сирдарё сувларини қишлоқ хўжалиги учун сарфлаш бошланади. Оқибатида Орол денгизига сув бориши кескин камайиб кетади. Шундан сўнг Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш масаласи жиддий мавзу сифатида яна кун тартибига чиқади. Тошкент, Олма-Ота, Москва ва Новосибирскда шу мавзуда бир неча марта йиғилишлар ўтказилади.
Режадан амалий ишлар сари
1968 йилда КПСС Марказий қўмитаси йиғилишида СССР Госплани, Фанлар Академияси ва яна бошқа бир нечта тегишли ташкилотларга Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш учун лойиҳа ишлаб чиқиш топшириғи берилади.
1970 йил 24 майда КПСС МҚ ва Министрлар Советининг «1971-1985 йилларда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, дарё оқимларини тартибга солиш ва қайта тақсимлашни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида»ги 612-сонли қарори қабул қилинади. Қурилиши 1968 йилда бошланган, узунлиги 548 километр бўлган Иртиш-Қарағанда канали 1971 йилда фойдаланишга топширилади. Сибирдаги дарёлар сувини Каспий ва Орол денгизигача ана шу канални давом эттириш орқали олиб келиш режа қилинади.
1976 йилда КПССнинг XXV съездида таклиф этилган тўрт лойиҳадан бири - СССР сув хўжалиги ва мелиорация вазирлиги таклиф этган лойиҳа қабул қилинади. «Союзгипроводхоз» лойиҳа ижрочиси этиб тайинланади.
Лойиҳани амалга ошириш учун СССР Фанлар Академияси, «Госплан», «Гостстрой», «Минводхоз» ва Министрлар Совети қошидаги давлат қўмитаси иштирокида махсус комиссия ташкил этилади. Шу тариқа ишлар бошлаб юборилади.
Лойиҳадан кўзланган мақсад: «бир ўқ билан икки қуённи уриш»
Ғарбий Сибирдаги Обь ва Иртиш дарёларининг сувини Қозоғистон чўллари бўйлаб ўтказиб, Каспий ва Орол денгизлари томон оқизиш лойиҳаси билан СССР раҳбарияти бирданига бир нечта «қуённи уриш»ни мўлжал қилган эди:
а) қишлоқ хўжалигида Амударё ва Сирдарё сувининг кўп сарфланиши туфайли суви кескин камайган Орол муаммосини шу лойиҳа орқали ечиш;
б) Сибирь дарёлари сувининг Марказий Осиё жанубига оқизиш баҳонасида Қозоғистон ва Ўзбекистондаги жуда катта ҳудудларни ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиш.
Ушбу лойиҳа устида 20 йилдан ошиқроқ вақт давомида СССРдаги 160дан ошиқ турли ташкилотлар, жумладан, 48та қидирув-лойиҳа, 112та илмий-тадқиқот институтлари (уларнинг 32таси СССР Фанлар Академияси таркибидаги институтлар эди), 32та министрлик ва 9та иттифоқдош республикалар министрликлари ишлаган.
Лойиҳани ишлаб чиқиш давомида тайёрланган материаллар ҳажми 50 том, тайёрланган чизма ва хариталар 10та альбом бўлади. Лойиҳа чизмаларини «Минводхоз» буюртмаси билан «Средазгипроводхлопок» институти тайёрлаб беради.
Лойиҳада иккита канал қазиш режа қилинган
«Сибирь-Марказий Осиё канали» — бу лойиҳа бўйича қуриладиган илк канал бўлган. Ушбу канал орқали Обь дарёсининг сувини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга оқизиш мўлжалланади.
Канал ҳақида:
- узунлиги – 2 550 километр;
- кенглиги – 130-300 метр;
- чуқурлиги – 15 метр;
- сув ўтказиш имконияти – секундига 1 150 метр/куб бўлиши лозим эди.
Ушбу лойиҳа қиймати ўша пайтда 32,8 миллиард рублни ташкил этган. Бундан 8,3 миллиард РСФСР, 11,2 миллиард Қозоғистон, 13,3 миллиард рубль Ўзбекистон ҳудудида ишлатилиши мўлжалланганди. Лойиҳа ишга тушгач ундан келадиган йиллик соф фойда 7,6 миллиард рубль бўлиши кутилган.
Анти-Иртиш каналини лойиҳанинг иккинчи босқичида қуриш режа қилинган. Бу лойиҳа Қозоғистон шимолидаги Тўрғай водийсидан ўтиб жанубга бурилиши ва Сирдарё ҳамда Амударёга келиб қуйилиши лозим эди. Бу лойиҳа бўйича йирик гидроузел ва ўнлаб йирик насос станциялари қурилиши режа қилинган.
Лойиҳага қаршиликлар
Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш масаласи илк кўтарилган ва лойиҳаларни тайёрлаш бошланганда бу лойиҳага қаршиларнинг «дами ичида» бўлган. СССРда юритилиган қаттиқ сиёсат одамлар бу лойиҳаларга қарши чиқишига мутлақо йўл қўймаган. Кейинчалик, вазият бироз ўзгаргандан кейин, яъни Горбачёв раҳбарликка келиб, сиёсат либераллашгач, Москванинг бу лойиҳасига қарши бўлган кўплаб кишилар чиқа бошлайди.
Улар ўз эътирозларини бир неча омиллар билан асослаганди. Уларнинг фикрича, Ғарбий Сибирдан Марказий Осиё жанубигача улкан канал тортиш:
а) канал ва сув омборлар қурилса, жуда катта ҳудудда табиатга зарар етади ва экология издан чиқади;
б) канал ва сув омборларига яқин ҳудудларда ер ости сувлари юқорига кўтарилади, йўллар, аҳоли пунктлари ва бошқа объектлар жиддий хавф остида қолади;
в) Обь ва Иртиш дарёларида балиқлар камайиб, оқибатда Обь дарёси ҳавзасининг шимолий қисмида балиқчилик билан кун кечирадиган турли халқларнинг турмуш тарзига зиён етказилади;
г) Обь дарёси сувининг камайиб бориши туфайли, унинг Шимолий Муз океанига қуйилиш қисмида шўрланиш даражаси ошиб кетади;
д) иқлим ўзгаришлари бўлади ва бу минтақага катта зарар етказади;
е) Қозоғистон ва Ўзбекистонда канал атрофидаги ерларда ерости сувлари кўтарилади ва унга туташ ҳудудлар ботқоқликларга айланади.
Лойиҳа амалга ошмаслиги сабаблари ва тўхтатилиши
1986 йил 14 августда КПСС МҚ сиёсий бюросининг махсус йиғилишида Сибирь дарёлари сувларини Марказий Осиёга оқизиш лойиҳаси тўхтатилади. Лойиҳа амалга ошмаслигининг бир неча сабаби бор эди:
а) Горбачёв мамлакат раҳбарлигига келиб, ислоҳотлар бошланиши;
б) Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларга жуда катта маблағ сарфлангани туфайли бундай йирик лойиҳалар учун етарли маблағ топилмагани;
в) лойиҳага мамлакат бўйлаб жуда кўпчилик — олимлар, адиблар ва бошқа зиёлилар қарши бўлиши;
Горбачёвдан олдинги раҳбарлар пайтида СССРдаги турли лойиҳаларга ҳеч ким ошкора қаршилик қила олмас, қаршилик қилганлар «партия сиёсатига қарши» деб баҳоланиб, жазоланар эди. Горбачёв ҳокимият тепасига келгач бу борада сезиларли ўзгаришлар рўй беради. У сўз эркинлигига йўл очади ва натижада лойиҳага қаршилар жонланиб қолишади.
Марказий матбуотда бирин-кетин бу лойиҳага қарши мақолалар эълон қилинади. Жамоатчилик номидан Горбачёв номига мурожатнома ёзилади. Лойиҳага, айниқса Москва зиёлилари қаттиқ қаршилик кўрсатади. СССР Фанлар академияси академиги Александр Яншин бошчилигида бир гуруҳ академиклар номидан, шунингдек академик Понтрягин ўз номидан лойиҳани тўхтатишни сўраб Горбачёвга мактуб ёзади.
«Госплан» раиси Николай Байбаковнинг кейинчалик берган маълумотларига кўра, СССР Министрлар Совети раиси Алексей Косигин аввалбошданоқ бу лойиҳага қарши бўлган.
Лойиҳага сўнги йиллардаги қизиқиш
- СССР тарқаб кетгандан сўнг Қозоғистон ҳукумати бир пайтлар тўхтатиб қўйилган бу лойиҳани Қозоғистон ҳудудида амалга ошириш бўйича Россия томони билан музокаралар ўтказади.
- 2002 йил Москва шаҳри мэри Юрий Лужков лойиҳани давом эттириш таклифи билан чиқади. Лужков 2009 йил 4 июль куни Остонада «Сув ва дунё» номли китобининг тақдимотида Сибир-Қозоғистон канали лойиҳасини давом эттиришни қўллаб-қувватлаши ҳақида яна бир бор эслатади.
- 2006 йил 4 сентябрда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш лойиҳасига яна қайтиш лозимлиги ҳақида фикр билдиради.
- 2010 йил сентябрда Россия президенти Дмитрий Медведев Россиядаги Собиқ Иттифоқ даврида ишлатилган, сўнг ўз ҳолига ташлаб қўйилган суғориш объектларини қайта тиклаш ва таъмирлаш ҳақида кўрсатма беради. Ўшанда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Медведевга мурожат қилиб, Ғарбий Сибирь дарёларининг сувини Қозоғистонга оқизиш лойиҳасини қайта бошлаш ҳақида таклиф билдиради, аммо Россия раҳбарияти унинг таклифини эътиборсиз қолдиради.
- Сибирь дарёларини Ўрта Осиёга оқизиш лойиҳаси бугунги кунда 40 миллиард долларга баҳоланяпти.
Хулоса
Бугун кўпчиликни бир савол ўйлантиради: ўшанда Сибирь дарёларининг сувини Марказий Осиёга оқизишнинг имкони бормиди?
Бир тарафдан лойиҳанинг амалга ошириш жуда қийин иш бўлган, иккинчи тарафдан СССР-Афғон уруши бошланиб кетмаганида, у амалга ошиши ҳам мумкин эди. Афғонистондаги уруш натижасида СССР нафақат бу урушда ҳисобсиз маблағ ишлатди, балки Ғарб давлатлари жорий этган санкциялар туфайли жуда катта маблағ йўқотди. Бундай ҳолатда катта маблағ талаб қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш амримаҳол эди.
Қолаверса, лойиҳа давом эттирилганда ҳам Сибирь дарёларининг суви Ўзбекистонга етиб келмаслиги эҳтимоли юқори бўлган. Каналлар қазилиб, улардан сув оқизиш бошланса, сув Ўзбекистонга етиб келгунча парланиш ва ер остига сингиб кетиш натижасида катта йўқотишларга учраши аниқ эди. Бундай ҳолатда сувни энг аввал Қозоғистон чўлларини ўзлаштиришга сарфлаш Москва учун энг манфаатли йўл бўларди.
Бугун лойиҳа ҳақида турли тахминларни билдириш мумкин. Унинг тўхтатилгани ва Сибирь дарёлари сувининг Ўзбекистон уёқда турсин Қозоғистонга ҳам оқмаётгани эса айни ҳақиқат...
Ғайрат Йўлдош
Мавзуга оид
20:00 / 11.11.2022
АҚШ Орол денгизининг Ўзбекистон қисми тубини ободонлаштириш учун маблағ ажратди
11:25 / 04.11.2022
Япония Орол денгизи қуриган ҳудудини кўкаламзорлаштиришга кўмак беради
14:43 / 23.07.2022
Амина Муҳаммад: Орол денгизидаги иқлим фалокати миллий ёки минтақавий чегаралардан чиқиб кетган
07:45 / 17.05.2022