Монопол UzAuto Motors истеъмолчилар ҳуқуқларини камситиб келган – МҚКҚ
Бир кун олдин «Ўзавтосаноат» ва UzAuto Motors расмийлари тан олмай, кескин инкор қилган фактлар тасдиқланди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors автомобиллари нархи оширилиши юзасидан муносабат билдирди.
«Биринчидан, «UzAuto Motors» АЖ енгил автомобилларни ишлаб чиқариш бўйича устун мавқега эга бўлиб, корхонага йиллар давомида имтиёзлар ва преференциялар берилишига қарамасдан, давлат томонидан яратилган имкониятлардан етарли даражада самарали фойдаланмаган.
Корхона томонидан маҳсулот таннархини камайтириш юзасидан кўрилаётган чоралар самараси паст, хусусан рақобатбардошликни ошириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида маҳсулот таннархи фақатгина 2 фоизга пасайтирилишига эришилган.
Бундан ташқари, сўнгги уч йил давомида корхона томонидан 167та янги ускуна ва технологиялар ишга туширилган. Бу – корхонада мавжуд технологияларнинг атиги 2,1 фоизини ташкил қилган. 2017-2018 йилларда янги иш ўринлари яратилмаган.
Иккинчидан, корхона томонидан ишлаб чиқарилган енгил автомобилларнинг ички бозордаги нархлари ташқи бозордаги нархларидан сезиларли даражада қиммат.
Масалан, экспортга йўналтириладиган Ravon R2 (Spark), Ravon R3 (Nexia), Ravon R4 (Cobalt) Россия бозорларида чегирмалар билан сотилмоқда, бу эса ички нархлар билан 20-50 фоизгача тафовут қилмоқда.
Солиштириш учун, «АвтоВАЗ» АЖ (Россия) маҳсулотларининг ички бозордаги нархлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги нархларидан 30-40 фоизга арзон.
Бундан ташқари, ички бозордаги енгил автомобиллар нархи жаҳон бозоридаги рақобатчи корхоналар нархларидан қимматлиги кузатилмоқда.
Мисол учун, Tracker Premier моделининг нархи 20 минг долларни ташкил этса, ташқи бозорларда шу синфдаги Hyundai Creta моделининг нархи 15 минг долларни, Nissan Terrano моделининг нархи 15,5 минг долларни ташкил этмоқда.
Учинчидан, монопол мавқейини суиистеъмол қилган ҳолда корхона томонидан истеъмолчи ҳуқуқларини камситиш ҳолатларига йўл қўйилиб келинган.
Жумладан, автомобилларнинг базавий комплектациясида кўзда тутилган айрим бутловчи қисмларсиз сотилиши, маҳсулотни шартномада кўзда тутилган муддатларда етказиб берилмаслиги, маҳсулот учун олдиндан тўлов қабул қилинган ҳолда нарх ошиши муносабати билан қўшимча тўловлар тўланиши ва ҳоказо.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан 2019 йилда базавий комплектацияда кўзда тутилган, лекин амалда истеъмолчилар томонидан харид қилинган 6,5 минг дона автомобилга қўйилмай сотилган 2,7 млрд сўмлик туманга қарши ёриткичлар истеъмолчиларга етказиб берилиши ёки қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Тўртинчидан, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва юқори нарх сегментидаги автомобилларнинг олиб кирилишида хўжалик юритувчи субъектларга тенг бўлмаган рақобат шартлари вужудга келган.
2019 йилда амалда бўлган барча хўжалик юритувчи субъектларга автомобилларни импорт қилишда тенг шартлар таъминлаш имкониятини берган имтиёзли тартиб 2020 йил 1 январидан бекор қилинган, бироқ UzАuto Motors АЖ томонидан Single Unit Package шаклида (тайёр ҳолда) олиб кирилаётган ёки амалда импорт қилинаётган, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган енгил автомобилларга акциз солиғи ва божхона ставкаларига бўлган имтиёз сақланиб қолинган.
Бешинчидан, республика ҳудудига олиб кириладиган автотранспорт воситаларини сертификатлаштириш ва климатик синовлар тартибининг мураккаблиги.
Хорижий корхоналар дилерлари томонидан импорт автомобилларга Ўзбекистон ҳудудида стандартлаштириш ва климатик синов талаблари меъёридан ортиқ қўйилганлиги, хусусан:
– расмий дилер бир йилда битта моделдаги автомобилни бир дона миқдорида олиб кириши мумкинлиги, бир донадан ортиқ олиб кириладиган бўлса, модель махсус синовлардан, яъни сертификатлаштириш ва климатик синовдан ўтказилиши лозимлиги, бунда ҳар бир модель 2 донадан тест синови учун берилиши ва 15 минг км масофани республика ҳудудида босиб ўтиши лозимлиги, шунингдек, ҳар бир тест синови учун ўртача 30 млн сўм тўланиши, стандартлаштириш ходимларини ишлаб чиқарувчининг заводига дилер ҳисобидан юборилиши кераклиги;
эҳтиёт қисмларни сертификатлашда, жумладан автотранспорт воситаси шиналарини «Ўзстандарт» агентлиги синов лабораторияларига мувофиқлик сертификатини олиш учун берилганда айрим кўрсаткичлар бўйича лаборатория синовлари ўтказиш имкониятининг йўқлиги билдирилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, бизнес юритишда тенг шароитлар яратиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Қўмита томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига енгил автомобилларга амалдаги импорт божи ва акциз солиғи ставкаларининг пасайтирилиши ва импорт асосида олиб келинган енгил автомобиллар учун сертификатлаштириш ва климатик синовлар жараёнларининг ўтказилиши тартибини соддалаштириш масаласини Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича Республика Кенгашининг йиғилишида кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилинди.
Олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги 3386-сонли қарори билан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб товарларга чегараланган нархлар белгилаш амалиёти бекор қилинган (Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхати белгиланадиган ижтимоий аҳамиятдаги маҳсулотлар ва уларнинг стратегик турлари бундан мустасно).
Шунга кўра, UzAuto Motors АЖ томонидан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун нархларни мустақил белгилайди.
Бунда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарорига мувофиқ, корхона ҳар чоракда монополияга қарши органга қўлланилаётган нархлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиб боради. Ушбу орган ўз навбатида монопол турдаги товарлар нархларининг ўзгаришини таҳлил қилиб боради.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархларни олдиндан келишилиши кўзда тутилмаган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors АЖ томонидан янги нархларнинг киритилиши билан боғлиқ дастлабки ҳисоб-китоб маълумотларни ўрганиб чиқди. Маълумотларда нарх ошиши маҳсулот таннархининг ўсиши билан боғлиқлиги ҳамда корхона томонидан 2017 йилнинг август ойидан нархларни оширмасдан келганлиги билан изоҳланган.
Ушбу ҳисоб-китоб маълумотлар қай даражада иқтисодий асослангани ва адолатли шаклланганини аниқлаш – корхонанинг тадбиркорлик фаолиятини ўрнатилган тартибда текшириш ўтказиш тақозо этади.
Ҳозирда ваколатли органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида текшириш ўтказишнинг янги тартиби ишлаб чиқилаётган бўлиб, ушбу янги тартиб жорий қилиниши билан юқоридаги ҳолатлар қўшимча равишда чуқур ўрганилиши маълум қилинади.
Шу билан бирга, ишчи гуруҳ тузган ҳолда монопол мавқега эга бўлган UzAuto Motors АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар нархининг шаклланишини таҳлил қилиш, уни пасайтириш бўйича қўшимча захираларни аниқлаш ҳамда маҳсулотлар нархларнинг асосли қўлланилиши юзасидан текшириш ўтказишга рухсат олиш ишлари амалга оширилмоқда», – дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси билдиришида.
Мавзуга оид
08:08 / 07.11.2024
Монополияга қарши орган розилигисиз давлат иштирокидаги корхона ташкил этилган 4 та ҳолат аниқланди
14:06 / 26.10.2024
Таом етказиб бериш хизматлари бозори монополлашди
19:03 / 15.10.2024
“Рақобат сиёсати керак” – Нобел мукофоти лауреати Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида
17:00 / 09.10.2024