Жамият | 14:31 / 14.03.2020
5518
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйлаб «Яшил Ватаним» акцияси давом этмоқда

Республикада экологияни яхшилаш, дарахтлар сонини кўпайтириш натижасида атмосфера ҳавосини тозалаш ва экологик муаммоларни бартараф қилиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шундай лойиҳалардан бири “Мерос” жамоат фонди томонидан ишлаб чиқилган “Яшил Ватаним” лойиҳасидир. 

Бу акция Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, давлатда экологик фаровонликни таъминлашга амалий ҳисса қўшадиган ижтимоий аҳамиятга эга экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ва амалга оширишга қаратилган. 

Бу тадбирга 4 март куни старт берилган бўлиб, ҳозирги кунгача Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Гулистон, Қарши, Термиз, Фарғона, Қўқон, Мўйноқ, Урганч, Навоий шаҳарлари ва бошқа 14 минтақада дарахт экиш акциялари ўтказилиб келинмоқда. Хусусан бугун, 14 март куни ҳам Тошкент шаҳридаги Чилонзор, Шайхонтоҳур, Олмазор туманларида “Ҳар бир фуқарога - бир дарахт” акцияси ўтказилди. Акция давомида туманлардаги маҳалла, мактаб, кўп қаватли уйларнинг ҳовлиси ва бошқа ташкилотларнинг ён-атрофида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. 

Лойиҳанинг биринчи босқичини журналистлар, ўзбек хонандалари, спортчилар, рассомлар ва бошқа халқ орасида танилган инсонлар бошлаб беришди. Тадбирнинг сўнги куни жорий йилнинг 15 март куни ҳисобланиб, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида якунланиши кўзда тутилган. Иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун маҳаллий хонандалар ташриф буюриши режалаштирилган.

Мавзуга оид