Ўзбекистон | 13:34 / 19.03.2020
5165
4 дақиқада ўқилади

Электрон тижоратни изчил ривожлантириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Товар хомашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Товар хомашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, “Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси” АЖ (“ЎзРТХБ” АЖ) акциядорларининг 2019 йил 19 ноябрдаги умумий йиғилиши қарорига мувофиқ илғор ахборот-технологияларини жорий этиш ва биржа фаолиятида электрон тижоратни изчил ривожлантириш, талаб ва таклиф ҳамда нархларни прогнозлаштириш учун товар бозорларини, шунингдек, товар бозорлари конъюнктурасига жиддий таъсир этувчи омилларни ҳар томонлама таҳлил қилиш бўйича долзарб вазифаларни ҳисобга олган ҳолда жамиятнинг янгиланган тузилмаси тасдиқланган.

Биржа савдолари механизмларини такомиллаштириш ва “ЎзРТХБ” АЖ фаолияти самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишларини назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси тасдиқланди:

ўтказиладиган савдолар шаффофлигини таъминлайдиган, шунингдек, биржанинг барча платформаларида электрон савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларига аралашиш ҳамда уларнинг якунларини нотўғри кўрсатиш имкониятларига йўл қўймайдиган инновацион IТ-технологияларни жорий этиш;

нархларни, талаб ва таклифни прогнозлаштириш мақсадида товар бозорларида конъюнктурани, жумладан, товар бозорларида конъюнктурага жиддий таъсир ўтказувчи омилларни самарали ва ҳар томонлама таҳлил этиш ишларини ташкил этиш;

биржа савдоларини ўтказиш шаклларини такомиллаштириш ва янги савдо воситаларини жорий этиш, шунингдек, электрон тижоратни жадал ривожлантириш;

халқаро стандартлар талабларига мувофиқ замонавий ва самарали молиявий ва HR-менежмент услубларни жорий этиш.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва “ЎзРТХБ” АЖнинг 2020 йил 1 июндан қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди:

товар сегментлари бўйича биржа савдоларини маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб ва биржа аъзоларига фойдаланиш ҳуқуқини берган ҳолда алоҳида секцияларда ўтказиш;

маҳсулотни секция тамойили бўйича сотишни таъминлаш ва брокерлик ўринларини биржанинг расмий веб-сайти орқали тақдим этиш бўйича шаффоф механизмни инобатга олган ҳолда, юридик шахсларни биржа аъзолари сифатида аккредитациядан ўтказиш;

биржа савдоси қоидалари талабларига мувофиқлиги бўйича фаолият кўрсатувчи биржа аъзоларининг малака даражасини ҳар 3 йилда мунтазам аниқлаш.

Қуйидаги асосий тартиб-таомилларни назарда тутувчи Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди:

биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар ҳажмини шакллантириш, уларнинг бошланғич нархларини ҳамда ўзаро ҳисоб-китоблар механизмини белгилаш;

биржа савдоларида тузиладиган битимлар бўйича маҳсулотни бир ойдан ортиқ муддатга кечиктирган ҳолда етказиб бериш шарти билан сотишни назарда тутувчи “форвард” савдо турини жорий этиш;

юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали экспортга сотиш тартибини белгилаш;

ўртача биржа котировкаларини ҳисоблаш ҳамда маҳсулот нархларининг мониторингини юритиш.

Мавзуга оид