Ўзбекистон | 00:03 / 19.03.2020
27298
3 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Ўзбекистонда бир йилда 30 мингдан ортиқ ажрим кузатилганидан ташвиш билдирди

Фото: Президент матбуот-хизмати

Президент маҳалла ва оила муаммоларига бағишланган йиғилишда ажрим сабабларидан бири сифатида ишсизликни кўрсатган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.

«Мени энг қийнайдиган масалалардан бири бу — ажрим. Тасаввур қилинг: бир йилда мамлакатимизда 30 мингдан ортиқ ажрим кузатилган. Агар бу оилаларнинг ўртача икки нафардан фарзанди бўлса, бу олтмиш минг бола оила бахтидан мосуво эканлигини билдиради», — деди Ш.Мирзиёев.

Йиғилишда биргина Наманган вилоятида 2700 та нотинч оилалар мавжудлиги айтилди. Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида ҳам бу борада муаммолар кўп, ажрим ортган. 

«Келинг, Амударё туманида содир бўлган ҳолатга эътибор қилайлик: Оила уч йил давомида ўзаро жанжалли бўлган. Бу масалага биров аралашмаган. Натижада, эр аввал икки яшар боласини, кейин хотинини ўлдирган ва ўзининг жонига қасд қилган. Бутун бошли бир оила йўқ бўлиб кетяпти. 

Бу фожиа ҳаммамизни ҳушёр торттириши керак. Маҳалла, нуроний ва кайвониларимизнинг оилада ўрни бўлмас экан, бундай нохуш ҳолатлар такрорланмаслигига ким кафолат беради?

Энди оила қуришдан олдин ёшларни мажбурий ўқитиш тизимини яратишимиз лозим. Токи энг осон йўл ажрим бўлиб қолмасин.

Аслида, бу каби ҳолатларга маиший масалалардан ташқари, ишсизлик муаммоси сабаб бўляпти. Шунинг учун касб-ҳунари бор ёшлар, хотин-қизларни биринчи навбатда бандлигини таъминлашимиз лозим. 

Энди хотин-қизларни касбга ўқитадиган нодавлат ташкилотларга давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Ҳар ойда аёллар ўртасида «Энг илғор бизнес режа» танловини ўтказиб, грант берамиз. Бундан ҳеч қачон давлат ютқазмайди. Эртага ўша курсларни битириб чиққанлар ишли бўлади, оиласини боқади», — деди президент.

Давлат раҳбари Бектемир туманидаги ҳолатни танқид қилди. 

Маълум бўлишича, туманда ёлғиз бир аёл ўзининг болаларини тарбиялаш баробарида вафот этган синглисининг уч нафар фарзандини ҳам қарамоғига олган. Аёл онкологик касаллик билан оғриган. Қандолатчилик билан шуғулланади, аммо маҳсулотни қаерда сотишни билмайди. Ҳеч ким йўл-йўриқ кўрсатмаган, оила оғир шароитда қолгани айтилди.

Мавзуга оид