Спорт | 16:16 / 21.03.2020
24708
4 дақиқада ўқилади

«Одамларимиз ҳаёти сенинг пулларингдан муҳимроқ». Сербия нега «Реал» футболчисига қарши чиқди?

Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Лука Йовичнинг коронавирусга қарши карантинни бузганлиги унинг ватани Сербияда катта мунозараларга сабаб бўлади. Футболчини жиноий жавобгарлик кутмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

 Аслида нима бўлганди?

Мадридда карантинда бўлиши керак бўлган «қироллик клуби» ҳужумчиси Лука Йович испан клуби рухсати билан Белградга учиб келди. Коронавирус пандемияси туфайли белгиланган қонун-қоидаларга кўра, Сербияга хориж давлатидан келган фуқаролар 28 кунлик қатъий карантинда бўлишлари шарт. Бироқ маҳаллий ОАВнинг тасдиқлашича, «Реал» ҳужумчиси ватанига келгач карантинга риоя қилмай, қиз ўртоғи София Михайловичнинг туғилган кунини катта даврада дўстлари билан бирга нишонлаган.

 Ҳукумат реакцияси

«Афсуски, синовли ва қийин даврда футболимиз юлдузлари ҳаммага ўрнак бўлиш ўрнига салбий ҳатти-ҳаракатлари билан барчани хавотирга солиб, ғазабини қўзғаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Улар миллионлаб пул ишлаб, уйга қайтгач, амалдаги қонунларга беписанд бўлиб, қоидаларни очиқ-ойдин бузишмоқда», - дейди Сербия бош вазири Ана Брнабич «Реал» футболчиси борасида фикр билдириб.

 Мамлакат президенти Александар Вучич янада қаттиқроқ оҳангда гапирди:

«Агарда у уйидан чиқса, қўлга олинади. Ўйламанки, Йович қилмишидан пушаймон бўлади. У битта нарсани аниқ тушуниб олиши шарт – одамларимизнинг ҳаёти унинг пулларидан анчагина муҳимроқ, қадрлироқ ва қимматроқдир», - деган Сербия президенти.

 Сербия ички ишлар вазири Небойша Стефанович эса амалдаги қонунчиликнинг билиб туриб бузилишига бир йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси белгиланганлигини эслатиб ўтди. У шунингдек, «бойвачча спортчиларимизга айблов қўйилди», - дея фикр билдирган.

Blic нашрининг маълум қилишича, улардан бири айнан Лука Йовичдир.

«Ҳозирга келиб уларга 87та айблов қўйилган», - дея қайд этди Стефанович.

«Жазо муддати бир йилдан 12 йилгача кўрсатилган. Қонунга амал қилиш керак ёки қонунбузарлик учун жавоб бериш лозим. Қонунбузарларнинг барчаси суд олдида жавоб беришади», - дея таъкидлаган мамлакат ички ишлар вазири.

 Футболчининг отаси нима дейди?

Лука Йовичнинг отаси Милан Йович эса ўғлининг тарафини олган: «у шунчаки дўконга чиққанди», - деган у. Бироқ Белградда машҳур бўлган футболчини жуда кўп гувоҳлар дўкон эмас, шаҳар кўчаларида байрамона юрганлигини кўришган.

 Йович нима дейди?

ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги кескин муҳокамалардан кейин ниҳоят футболчининг ўзи ҳам изоҳ беришга мажбур бўлди. Унинг жавоби болаларга хос бўлди.

«Айрим кишиларнинг ўз вазифасини бажармай, карантин вақтида ўзимни қандай тутиш кераклиги борасида менга нотўғри кўрсатмалар берганидан жуда афсусдаман», - дея фикр билдирган «Реал» футболчиси.

Кўп ўтмай, Сербиянинг Blic нашри Йовични ёлғончиликда айблаб, унинг Испаниядан учиб келгандан кейин Белград аэропортида карантиндаги қоида ва кўрсатмалар билан танишганлиги ҳақидаги имзоси туширилган ҳужжатни эълон қилди.

 Дастлабки жавоби ёлғонлиги барчага аён бўлгач, кўп ўтмай Лука Йович яна бир марта баёнот берди. Бу сафар ноҳақлигини тан олиб, барчадан кечирим сўраган:

«Чинданам, ноҳақман. Сўнгги кунларнинг асосий муҳокама мавзуси бўлганимдан жуда афсусдаман. «Реал»нинг рухсатидан кейин оилам ва халқим билан яқинроқ бўлиш учун Сербияга қайтгандим. Карантинни бузганим учун яна бир марта кечирим сўрайман, - деган Йович.

 Қандай жазо берилади?

Кўринишидан, Сербия ҳукумати коронавирус тарқалиш хавфи сабабли эълон қилинган карантинга жиддий амал қилиниши учун Йовичдан фойдаланмоқда. Ҳукумат энг аввало спортчи, эстрада ва кино юлдузларининг бу борада ўрнак бўлишини истамоқда. Тахмин қилиш мумкинки, орадан вақт ўтиб суд иши кўриб чиқилади, аммо «Реал» футболчисига қамоқ чораси қўлланилишига ишониш қийин, шунчаки катта миқдордаги жарима тўлаш жазоси тайинланса, ажаб эмас.

 У.Ибодов тайёрлади

Мавзуга оид