Жамият | 09:20 / 22.03.2020
44781
5 дақиқада ўқилади

«Суратга тушиб қайтиб кетишди»: Шаҳрихон ва Балиқчидаги танқидга қандай муносабатда бўлинди?

Kun.uz мухбирлари қайсидир ҳудуддан тушган мурожаат ортидан бориб ўрганади ва мурожаат ассосли бўлса сайтда бу мавзу ёритилади. Материал жамоатчиликка тақдим этилгач, танқид қилинган соҳа мутасаддилари турлича реакция билдиришади. Айримлар имкони борича ўз назаридан четда қолган камчиликни бартараф қилиш учун бор имкониятини ишга солади, бошқалари эса ўша жойдаги аҳоли билан суҳбат ўтказиб яна ўша, кўпчилик эшитган «Шу йил дастурга туширамиз», «Палончи чоракка режалаштирдик»,  деган ваъдаларни бериб масалани ёпади.

Шу йилнинг 9 ва 12 март кунлари Kun.uz сайтида - «Ваъдалар бажарилмаслигига ўрганиб кетганмиз...» — Балиқчидаги маҳалла ўнлаб йиллардан бери қандай яшамоқда?» ва «Шаҳрихонда бир кўча бор: сув йўқ, йўл – «шудгор», электрда ҳатто дазмол ишлатиб бўлмайди» сарлавҳалари билан мақолалар берилди.

Ҳар икки мақолада Балиқчи ва Шаҳрихоннинг чекка - Насриддинобод ва Матхошим қишлоқларидаги муаммолар келтирилган эди.

Танқиддан сўнг

Мақола эълон қилинганидан орадан икки кун ўтиб, Насриддинобод ва Матхошим қишлоқлари вакиллари сайт билан телефон орқали боғланиб, туман масъуллари қишлоққа келгани ва камчиликларни бартараф этиш бўйича иш бошлангани ҳақида хабар беришди. Ҳар икки қишлоқда иш бир хил сценарий бўйича кетмоқда эди.

«Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» эса бизга 13 март куни алоқага чиқиб, ҳар икки қишлоқда ишлар жадал кетаётгани ҳақида фотосуратлар билан маълумот берди.

«Андижон ҲЭТК» ўз телеграм каналида ҳам Насриддинобод ва Матхошим кўчаларида камчиликлар жадал равишда бартараф этилаётгани ҳақида хабар жойлаштирди.

Бироқ орадан ўн кун ўтиб мурожаатчилар биз билан яна алоқага чиқиб, бизни яна чақиришди.

Шаҳрихоннинг «Қозиқўрғон» МФЙ Матхошим кўчасида

Танқидий чиқишдан сўнг Матхошим кўчасида қандай ишлар амалга оширилгани билан танишдик. Афсуски, мутасаддилар муаммолар бўйича мурожаатларга жиддий эътибор қаратишмабди.

«Kun.uz сайтида танқидий мақола чиққанидан сўнг қишлоғимизга муаммоларни ўргангани электр тармоқлари корхонаси, «Сувоқова» ташкилоти ва йўл корхонасидан раҳбарлар келишди. Мутасаддилар маҳалладагиларни тўплаб, йиғилиш ўтказди. Электр, сув ва йўл бўйича камчиликлар навбатма-навбат бартараф этилиши, кузгача сабр қилиб туришимиз кераклиги, муаммолар албатта ҳал қилинишига ваъда беришди.

Электрчилар келиб, кўчамизга 3 дона симёғоч ўрнатдилар. Шу «столба»лар олдида расмга тушиб, қайтиб кетишди», дейди Матхошим кўчасида яшовчи Илҳомжон Абдуманнонов.

Наҳотки, «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси кўчадаги одам қўли етадиган жойда осилиб ётган электр симлари инсон ҳаёти учун хавфли эканига эътибор қаратмади. Бир метр баландликда қўлбола симёғочларга тортилган симлар ўшандай турибди.

Шаҳрихон туман йўлсозлари эса шағаллаштиришни ичимлик суви тизими тортилганидан сўнг амалга оширишларини айтишибди.

Матхошим кўчаси мақоладан олган самараси яна бир қоп ваъда бўлибди, холос.

Насриддинободда сувлар тортиляпти. Бироқ...

«Маҳалламизда ичимлик суви бўйича ишлар бошланди. Маҳалла аҳли билан «Сувоқова» ташкилотига ёрдам беряпмиз. Худо хоҳласа, тез кунларда тоза ичимлик суви тизими ишга тушади.

Электр тармоқлари корхонасидан ҳам ишчи-ходимлар 10 дона симёғоч олиб келишди. 8тасини ўрнатишди. Қолган 2таси ерда ётибди. Ҳали ўрнатилгани йўқ. Ўшандан бери ҳеч ким келмади ҳали», дейди маҳалла фаоли Муҳаммадали Қодиров.

«Айни пайтда кўчадаги эски сув тармоғини бир қатор текшириб, камчиликларни бартараф қилмоқдамиз. Маҳалла аҳли яқиндан ёрдам беряпти. 10 кун ичида барча кўчаларга ичимлик суви етиб боради», дейди Балиқчи тумани «Сувоқова» ташкилоти ходими Расулжон Акбаров.

«Сувоқова» ходимлари масъулиятни бўйниларига олиб, ҳаракатга тушишган бўлса, электрчилар ишни бошлаб қўйиб қайтиб келмабдилар. Улар суратга тушиб, иш битгани ҳақида чиройли ахборот ёзишгани эса бор гап.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳар икки туманнинг қишлоқ аҳолиси танқидий мақоладан сўнг ўз ҳудудларидаги камчиликларни бартараф этилишини кутишмоқда. Балки, иккинчи чиқиш «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»га туртки бўлар...

Элмурод Эрматов,
Сарварбек Назаров

Мавзуга оид