Жамият | 08:01 / 25.03.2020
28569
2 дақиқада ўқилади

Ўзини «Миллий гвардия майори» деб таништирган аёл қўлга олинди

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 168-моддаси ва 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган 

Фото: Миллий гвардия

Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар кўп учрамоқда, деб ёзади Миллий гвардия матбуот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йилда фуқаролар томонидан Миллий гвардияга келиб тушган мурожаатларнинг бирида Г. ўзини «майор» унвонидаги «Миллий гвардия ходими» деб таништириб, ишга киритиб қўйиш учун ва шу каби бошқа масалаларда фуқароларнинг ишончига кириб, 15 800 000 сўм ва 300 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ундираётганлиги маълум қилинган.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Миллий гвардия масъул ходимлари томонидан олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида Г. қўлга олиниб, Тошкент шаҳар ИИББга топширилган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу аёл 1966 йилда Фарғона вилоятида туғилган, муқаддам 3 маротаба судланган, бугунги кунда Тошкент шаҳри, Сирғали туманида рўйхатсиз яшаб келаётган фуқаро Г.С. эканлиги маълум бўлган.

Бугунги кунда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро Г.С.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси («Фирибгарлик») ва 211-моддаси («Пора бериш») билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид