Жаҳон | 00:20 / 30.03.2020
74526
11 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда тотал карантин, дунёда зарарланиш ҳолатлари 700 мингдан ошган. Сўнгги маълумотлар

Ҳиндистон ҳукумати олдиндан огоҳлантиришларсиз қатъий карантин чоралари қўллаши оқибатида миллионлаб одамлар озиқ-овқатсиз уйда қамалиб қолишини хато деб ҳисобламайди. Ҳукумат 1,3 млрд киши учун уч ҳафталик карантин ҳақида карантин бошланишидан 4 соат олдин эълон қилганди.

Фото: Reuters

Ҳиндистонда ер юзи аҳолисининг олтидан бир қисми карантинда

Расмий маълумотларга кўра, Ҳиндистонда коронавирусдан зарарланганлар сони 1024 нафарни ташкил қилмоқда. Аммо мутахассислар ҳақиқий рақамлар бундан кўпроқлигини тусмол қилишмоқда. Коронавирусни аниқлаш учун ўтказилган таҳлиллар сони бўйича Ҳиндистон бошқа кўп мамлакатлардан ортда қолмоқда.

Ҳозирча мамлакатда Covid-19’дан ўлимнинг 27 ҳолати қайд этилган. Рақамлар камтар кўринаётган бўлсада, аҳоли жуда тиғиз яшайдиган бу мамлакатдаги вазият дунёдаги энг ҳалокатли ҳолатга айланиши ҳам мумкин.

Янги чоралар уйдан чиқишни бутунлай тақиқлашни назарда тутади. Озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан бошқа барча бинолар ёпилган.

Мамлакат пойтахтида уйсизлар текин овқат тарқатиш марказларида тўпланмоқда, бундайлар жуда кўп ва уларга овқат етмаяпти ва тартибсизликлар юзага келмоқда. Полиция навбатга туриш қоидаларини бузаётганларни калтакламоқда. Қатъий карантин эълон қилингач, Деҳли ва Мумбай аҳолиси озиқ-овқат дўконларини қамал қила бошлашди.

Мамлакат бош вазири Нарендра Моди дўконларда юзага келган ваҳима инфекция тарқалиши учун шароит яратиб беришидан огоҳлантирган. У ҳукумат барчани зарур озиқ-овқат ва бошқа воситалар билан таъминлашига ишонтирмоқда.

Қатъий карантин туфайли миллионлаб кишилар ишсиз ва пулсиз қолишган. Минглаб кишилар катта шаҳарларни тарк этиб, ўз уйларига пиёда йўл олишган - мамлакатда транспорт ҳаракати тўхтатилган. Маҳаллий полиция маълумотига кўра, шанба куни уйигача 270 километр масофани пиёда босиб ўтмоқчи бўлган одам вафот этди.

Бир неча штатлар ҳукуматлари муҳожир ишчиларга нафақат тўлашни ваъда қилган, аммо зарур маҳсулотларни барчага етказиб бериш масаласи очиқ қолмоқда. Мамлакат шимолидаги Уттар-Прадеш штатида уйидан узоқда қолиб кетганлар учун автобуслар ажратилган.

  • 29 март кунги маълумотларга кўра Covid-19 коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари бутун дунёда 713 мингдан ошди, 33,5 мингдан ортиқ бемор вафот этган, соғайганлар сони 150 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда.

Нью-Йорк оғир аҳволда, лекин шаҳар карантинга олинмаяпти

 

АҚШ президенти Дональд Трамп Нью-Йорк штатида карантин жорий этишга «зарурат йўқлиги»ни айтди. Аввалроқ губернатор Эндрю Куомо штатга киришни ва штатдан чиқишни чеклаш америкача қадриятларга зид келиши ва бу абсурд деб ҳисобланишини айтиб ўтганди.

Трампнинг сўзларига кўра, бутун мамлакатда карантин жорий этмаслик қарори Оқ уй қошидаги коронавирусга қарши кураш бўйича оператив гуруҳ тавсияларига мос келади.

Шу билан биргаликда, америкаликлар етакчиси Covid-19 тарқалишини секинлаштириш мақсадида Нью-Йоркда, Нью-Жерси ва Коннектикутда карантин жорий қилиниши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган.

Айни вақтда Нью-Йоркнинг ўзида 60 мингга яқин касалланиш ҳолатлари қайд этилган. АҚШдаги вирусдан зарарланганларнинг ярмидан ортиғи айнан шу штатга тўғри келади. Сўнгги маълумотларга кўра, америкаликлар орасида вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 135 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, 2,3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 4 мингдан ортиқ киши тузалиб кетган.

Трамп твиттерида Нью-Йорк, Нью-Жерси ва Коннектикут аҳолисига карантин ўрнига ҳеч қаерга бормасликни тавсия қилган.

Шундан АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари мазкур учта штат аҳолисини заруратсиз сафарларга чиқмасликка чақирди.

Агентликнинг қайд этишича, бу мамлакат ҳаёти учун муҳим бўлган компанияларда, масалан, тиббиёт ходимлари ва озиқ-овқат соҳасида ишлайдиганларга тааллуқли бўлмайди.

АҚШда касалланганлар сони кўп бўлсада, қурбонлар сони кам - 2384 киши. Вирус ўчоқлари Нью-Йорк, Янги Орлеан, Детройт ва Сиэтлда.

Кўчма морглар

Нью-Йоркда аҳвол шунчалик ёмонлашдики, АҚШнинг бизнес марказида ҳар 17 дақиқада бир киши коронавирусдан ўлмоқда. Шаҳардаги энг кўп вирусдан зарарланганлар даволанаётган икки йирик касалхона яқинида кўчма морглар ташкил қилинган. Музлаткичли юк машиналардан (трейлер) вақтинча морг сифатида фойдаланилмоқда. Уларнинг ҳар бирида 44тагача жасадни сақлаш мумкин.

АҚШ президенти Дональд Трамп туғилган шаҳардан 13 километр узоқликдаги Элмҳерст шаҳри маркази Квинседа 545 кишилик касалхона бор. Трейлерлардан бири мана шу касалхона яқинида ўрнатилган. 26 март куни Элмҳерстда 13 киши вирусдан ҳалок бўлди. Уларнинг аксари ёши катта одамлар.

Яна бир кўчма морг шаҳардаги марказий судмедэкспертиза яқинида ўрнатилган. Маълум бўлишича, трейлерлар касалхоналарда морглар тўлиб кетганда муаммо туғилмаслиги учун уларнинг яқинида ўрнатилмоқда. Нью-Йорк шаҳар маъмурияти фавқулодда вазиятлар бошқармасида бундай музлаткичли трейлерлардан 45таси бор. Улар аслида табиий офатларни бартараф этишда фойдаланиш учун сотиб олинган, лекин бугун 2 мингтагача жасадни сақлаш учун хизмат қилмоқда...

Сўнгги марта одамларнинг жасадларини сақлаш бўйича бундай кенг кўламли чоралар 2001 йил 11 сентябрь терактларидан кейин қабул қилинган. Ўшанда Жаҳон савдо марказидаги теракт сабаб 2 753 одам ҳалок бўлганди. Коронавирус қурбонлари эса бу кетишда 11 сентябрдагидан анча кўп бўлади.

Нью-Йорк шунчаки шаҳар эмас. Жуда бой шаҳар. Штатнинг ЯИМ ҳажми 1,6 триллион доллардан кўп. Таққослаш учун, бу бутун бошли Россия ЯИМидан кўп дегани. Бу борада Нью-Йорк АҚШда Калифорния ва Техасдан кейин учинчи ўринда туради. Ана шундай бой шаҳар бугун шунчалик оғир аҳволга тушиб қолганки, Нью-Йоркдаги касалхоналарда оддий ниқоб, шифокорлар учун халат етишмаяпти.

Жонсон британияликларга хат ёзди

PA MEDIA

Ўзи ҳам карантинда бўлиб турган Британия бош вазири Борис Жонсон қироллик фуқароларига мактуб йўллади. Унда Жонсон карантин чоралари кучайтирилиши мумкинлигини айтган. Бош вазирнинг бу тарзда миллатга хат йўллаши танқидларга ҳам сабаб бўлди, чунки 30 миллион нусхада чоп этилган хатнинг тарқатилиши мамлакат ғазнасига 5,8 миллион фунтга (7,2 миллион доллар) тушган.

Маълумот учун, айни дамда Британияда вирус юқтирганлар сони 19 522 кишига етган. Сўнгги бир кунда яна 209 киши вирус қурбонига айланди, жами 1 228 киши ҳалок бўлган.

Европада нима гап?

AFP

Айни вақтда коронавирусдан энг кўп ўлим қайд этилаётган Италия ва Испанияда юқори нуқта яқинлашмоқда деб ҳисоблашмоқда. Қурбонлар сони 11 мингга яқинлашган Италия ҳукумати кейинги ҳафталарда янги зарарланишлар сони жиддий даражада пасайишини кутишмоқда.

Римда ва Мадриддагилар Европа ҳамжамиятидан ёрдам кутишмоқда. «Мен Европанинг ҳал қилувчи жавобига эришиш учун охирги кучим қолгунча курашаман», деди Италия бош вазири Жузеппе Конте.

Италияда ҳам (зарарланишлар ҳолати 100 мингга яқин), Испанияда ҳам (78 мингдан ортиқ ташхис) бир кунда 800 нафардан ортиқ киши вафот этди. Италияда мамлакатга келганларнинг барчасининг тана ҳарорати ўлчанмоқда ва уларга ниқоб кийдирилмоқда.

Европада Covid-19’дан вафот этганлар сони аллақачон 20 мингдан ошган. Франция бош вазири (айни вақтда бу мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари 40 мингдан ошган, 2606 киши вафот этган) Эдуард Филипп асосий жанг ҳали олдиндалигидан огоҳлантирди.

Сербияда комендантлик соати тартиблари кучайтирилди. Энди сербияликлар дам олиш кунларида кўчада кундузги соат 3дан кейинги кун соат 5гача бўлмаслиги керак, бошқа кунларда эса соат 5дан кейинги кун тонгидаги соат 5гача кўчага чиқиш тақиқланади. 65 ёшдан катта одамлар кўчага чиқиши мумкин эмас. Фақат озиқ-овқатлар хариди учун истисно қилинади - якшанба кунлари соат 3дан 8гача. Мамлакат чегаралари анчадан буён ёпиқ, аммо чегаралар ёпилишидан олдин хориждан келганларнинг мажбурий карантин даври 14 кундан 28 кунга узайтирилган.

Нидерландия ҳукумати Хитойдан етказиб берилган юз минглаб тиббий ниқобларни сифатсизлиги учун қайтариб юборди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги France Press нашрига маълум қилишича, 21 март куни 1,3 млн дона тиббий ниқоб етказиб берилган, ўшанда 600 минг дона тиббий ниқоб шифохоналарга жўнатилган. Хабарларга кўра, бу ниқоблар юзни етарлича ёпмайди ёки улардаги фильтрлар сифатсиз.

Мамлакатда коронавирусдан зарарланганлар сони 10866 нафарга етган, сўнгги бир кунда 132 киши вафот этган ва жами қурбонлар сони 771 нафарга етган.

Португалияда фуқаролик ва вақтинча яшаш рухсатномасини олиш учун ариза берган барча муҳожирларнинг аризаси навбатсиз қаноатлантирилади. Чунки агар бу аризалар ҳозир ҳал қилинмаса, кейинчалик судда ишлар тўпланиб қолиши мумкин. Муҳожирлар бу ишни жуда яхши кутиб олишди, ҳукумат эса бу қарорни инқироз вақтидаги савоб иш деб атади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Португалияда 5962 киши вирус юқтирган. Улардан 119 нафари вафот этган.

Дунёнинг бошқа қисмида нима гап?

EPA

Карантиннинг узоқ вақт давом этиши яна бир муаммони пайдо қилди. Дунёнинг айрим мамлакатларида ҳамма оила аъзоларининг уйда тўпланиб қолиши уйдаги зўравонлик кучайишига сабаб бўлди.

Австралия бу муаммонинг ечими учун 100 миллион доллар ажратди. Франция ва ЖАРда зўравонликдан жабр кўрганлар учун махсус телефон линияси ташкил қилинган.

Дарвоқе, Австралияда карантин қоидалари кучайтирилди. Мамлакат бош вазири Скотт Моррисон кўчада икки нафардан ортиқ киши бўлиб юриш мумкин эмаслигини маълум қилди. Ёши 70дан ошганлардан эса кўчага чиқмаслик ҳақида тилхат ёзиб олинган.

Душанба кунидан мамлакатдаги барча болалар майдончалари, тренажёрлар ўрнатилган хиёбонлар ёпилади.

Жанубий Корея халқаро авиарейсларда учувчилар учун чекловлар жорий этди - хориждан келувчилар коронавирус тарқалишини авж олдириши хавфи бор. 1 апрелдан хориждан келувчиларнинг барчаси мажбурий равишда 14 кунга карантинга олинади.

Мамлакатда соғайганлар сони илк марта вирусдан зарарланганлар сонидан ошди. Якшанба куни бу ерда яна 105та янги ҳолат қайд этилди. 9583та зарарланиш ҳолатидан 5033 нафар киши соғайган ва уларга уйига жавоб берилган.

REUTERS

«Заандам» круиз лайнери ниҳоят «озодликка чиқди». Бу кемада 4 киши вирусдан ҳалок бўлди. Яна икки йўловчисида вирус аниқланган кемани узоқ вақт ҳеч қайси порт қабул қилмади ва ниҳоят кемага Сувайш каналидан ўтишга рухсат берилди. Энди у Флоридага қараб йўл олди. Унинг бортида 1 200 нафар йўловчи бор. Йўловчиларнинг кўпида гриппни эслатадиган аломатлар пайдо бўлган.

Qatar Airwaysда муаммо

Қатарнинг Qatar Airways авиакомпанияси бутун дунёда эвакуация парвозларини амалга оширишда давом этмоқда. Аммо бу кетишда машҳур авиакомпаниянинг пули тугаши мумкин. Чунки компания парвозларни тўхтатгани йўқ ва бу харажатларни оширади. Корхона раҳбари Акбар Бакир бу борада шундай дейди: «Бизда яна қисқа муддат ишлаш учун пулимиз қолди холос». Унинг айтишича, Qatar Airways тез орада Қатар ҳукуматига ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Мавзуга оид