Жаҳон | 11:30 / 31.03.2020
61007
11 дақиқада ўқилади

Улар энди 30та. НАТО кенгайгани ҳақида

27 март куни Болқон яриморолида жойлашган кичик давлатлардан бири Шимолий Македония НАТОга аъзо бўлди ва шу тариқа ушбу ҳарбий блокка қўшилган давлатлар сони 30тага етди.

Фото: NATO

Душанба куни Шимолий Македонияни НАТОга қабул қилиш бўйича якуний маросим - Брюсселдаги бош қароргоҳ олдидаги майдонда ушбу давлат байроғини ҳам кўтариш маросими бўлиб ўтди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва Шимолий Македониянинг ташкилот қошидаги ишончли вакили Зоран Тодоров қарийб бўш майдонда нутқ қилишди.

Одатда бундай маросимларда юзлаб расмий шахслар ва журналистлар иштирок этган бўларди. Аммо ҳозир коронавирус пандемияси.

НАТОнинг ташкил этилиши

Иккинчи жаҳон уруши тугагач, унинг ғолибларидан бири сифатида нафақат ғарбий яримшар, балки дунёнинг энг қудратли давлатига айланган АҚШ ўз ҳарбийлари Европада муқим ўрнашиб қолишини мақсад қилиб бир нечта давлатларда ўз ҳарбий базаларини очди.

АҚШ Европадаги саноқли ҳарбий базалар ёрдамида СССРнинг «социализм балоси»га қарши туриб бўлмаслигини тушуниб етади ва Европа мамлакатлари билан ҳарбий блок тузиш режасини туза бошлайди. Олиб борилган муваффақиятли музокаралар натижасида 1949 йил 4 апрелда АҚШ, Канада ва Европанинг 10та давлати томонидан НАТО (North Atlantic Treaty Organization – Шимолий Атлантика ҳарбий иттифоқи) тузилгани эълон қилинади.

Альянсга Европа давлатларидан биринчи бўлиб Исландия, Буюк Британия, Франция, Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Норвегия, Дания, Италия ва Португалия қўшилади. 1952 йил ташкилотга Греция ва Туркия, 1955 йилда ГФР аъзо бўлиб киради.

1954 йил СССР ҳам НАТО билан ҳамкорлик қилиш учун ташкилотга мурожаат қилади, аммо бу таклиф аъзо давлатлар томонидан рад этилади. 1955 йил СССР ва унинг Шарқий Европадаги иттифоқдошлари НАТОга қарши Варшава Шартномаси Ташкилоти тузилади (1955 йил 14 май куни Варшавада Албания, Болгария, Венгрия, ГДР, Польша, Руминия, Чехословакия ва СССР томонидан «Варшава шартномаси» имзоланади) ва СССР Шарқий Европадаги ўз иттифоқчилари ҳудудида ҳарбий базалар қуришни бошлайди.

45 йиллик жимлик

НАТОнинг кенгайиш тарихига қарасак, унга 1955 йилдан 1999 йилгача биргина Испания (1982 йилда) аъзо бўлганини кўрамиз.

1991 йил СССР парчалангач Шарқий Европадаги кўплаб мамлакатлар социалистик тузумдан воз кечиб Ғарбга юзланишади. Чехословакиянинг иккига бўлиниши, Югославия таркибидаги иттифоқдош республикалар ўз мустақиллигини эълон қилиши ортидан Европада бир неча мустақил давлат пайдо бўлади. Уларга СССР таркибидан ажралиб чиққан Болтиқбўйи давлатлари қўшилади ва уларнинг барчаси НАТОга кириш учун навбати билан мурожаат қилади.

1999 йил альянсга Венгрия, Чехия, Польша, 2004 йил Болгария, Латвия, Литва, Руминия, Словакия, Словения ва Эстония, 2009 йил Албания ва Хорватия, 2017 йил Черногория, ниҳоят 2020 йил Шимолий Македония 30-аъзо бўлиб қабул қилинади.

2004 йил Михаил Саакашвили президентлик вактида Грузия, 2005 йил йил Виктор Юшенко президент бўлганидан кейин Украина НАТОга аъзо бўлиш учун мурожат қилади. 2010 йил Украинага Виктор Янукович президент этиб сайлангач, НАТОга кириш бўйича музокаралар тўхтаб қолади.

2014 йил Россия Украинага тегишли Қрим шаҳрини эгаллаб, мамлакат шарқидаги Донецк ва Луганск айирмачиларини қўллаб-қувватлашни бошлагач (бу вақтда Янукович Россияга қочиб кетганди), Украина томони НАТОга аъзо бўлиш масаласида музокараларни давом эттириш таклифини билдиради. Аммо ташкилотга аъзо давлатлар Украинанинг таклифини рад этади. Бундан ташқари, НАТОга аъзо бўлишни хоҳлаган давлатда ҳудуд билан боғлиқ ҳеч қандай ички ва ташқи муаммо бўлмаслиги керак. Шу сабаб Украина ва Грузияда альянсга кириш учун оддий бюрократик асос ҳам йўқ эди. Грузияда Абхазия ва Шимолий Осетия муаммоси, Украинада эса Донецк, Луганск, Қрим муаммоси...

НАТО – Россия (СССР) муносабатлари

1949 йил НАТО тузилар экан СССР бу ташкилотни ўз хавфсизлиги учун жиддий муаммо сифатида баҳолайди. СССР тарқаб кетганидан сўнг империянинг вориси Россияга НАТОнинг ўзи томонга, яъни Шарққа қараб кенгайиши ёқмайди. Альянсга аъзо давлатлар эса Шарқий Европадаги янги аъзоларни ташкилот сафига қўшиш вақтида Россиянинг эътирозларини инобатга олмайди. Бунга жавобан Россия қандайдир ракеталарни мамлакат ғарбига жойлаштириши ёки «ультразамонавий» қурол яратганини айтиб қайсидир маънода пўписа қилиб туради.

2007 йил 7 июнда Россия президенти Владимир Путин «НАТОга аъзо давлатлар ва «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» дастурида иштирок этувчи бошқа давлатлар ўртасида 1995 йил 19 июнда имзоланган ҳарбий кучлар статуси ва унга қўшимча протоколни ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолайди.

Натижада 2008 йилдан Россиянинг НАТОдаги доимий вакили сифатида Дмитрий Рагозин иш бошлайди. Ўша йили 23 сентябрда НАТО бош котиби Яап де Хооп Схеффер ва БМТ бош котиби Пан Ги Мун ўртасида «БМТ ва НАТО котибиятлари ўртасида ҳамкорлик декларацияси» имзоланади. Россия дарҳол бу келишувга қарши эканини билдиради.

Россия ҳар қанча қаршилик кўрсатмасин бугун НАТО самолётлари Россия чегарасида альянсга аъзо давлатлар осмонини қўриқламоқда.

НАТОнинг молиявий таъминоти

НАТО молиявий таъминотининг катта қисмини АҚШ тўлаб беради. Масалан, 2018 йил ташкилот йиллик бюджетининг 22 фоизини АҚШ «бўйнига тушган». Дональд Трамп ҳукумат тепасига келгач, қолган аъзолар етарлича маблағ ажратмаётганини кескин танқид қила бошлади. Унинг фикрича, НАТО аъзолари ўз ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини ташкилот учун ажратсагина тўғри баланс шаклланади.

Сўнгги йилларда Германия НАТО учун кўп пул ажрата бошлади. 2019 йил декабрда ташкилотга аъзо давлатлар НАТО молиявий таъминоти масаласида янги келишув имзолайди. Унга кўра, 2019 йилда ташкилотнинг йиллик бюджети 1,39 миллиард еврони ташкил этади. Энди АҚШ ва Германия йиллик бюджетнинг 32 фоизини 16 фоиздан бўлиб олиб тенг тўлайди. 68 фоиз харажат эса қолган 28 давлат ўртасида уларнинг ЯИМ ҳажмига қараб тақсимлинади.

НАТОга аъзо давлатларнинг йиллик ҳарбий харажатларига қарасак, шубҳасиз, АҚШ бу борада нафақат альянсдагилар орасида, балки дунёда тенгсиз. АҚШ ҳарбий харажатлар учун йилига ўртача 700 миллиард доллар сарфлайди. Бу навбатдан ташқари харажатлардан ташқари. Таққослаш учун 2019 йилда ҳарбий харажатлар бўйича кейинги ўринлардаги Хитой 250 миллиард доллар, Россия эса 60 миллиард доллар атрофида маблағ ажратган.

НАТО ва ҳамкорлик

Фото:  U.S. Marine Corps / Cpl. Brennon Taylor

НАТО дунёдаги энг қудратли ҳарбий альянс сифатида кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорлик қилади ва ўзаро ўқув машғулотлари ўтказади, ҳарбий мутахассислар тайёрлаб беради. Жумладан, Ўзбекистон билан ҳам 1994 йил 13 июлда ўзаро ҳамкорлик битими имзоланган.

«Ўттизинчи снаряд»

Собиқ Югославия республикаларидан бири бўлган Шимолий Македония НАТОга аъзо бўлиш учун анча олдин мурожаат қилган, аммо Греция билан келиб чиққан тортишув ишни ортга суриб келаётганди. Гап шундаки, бу давлат бир пайтлар собиқ Югославия таркибида бўлган вақтидаёқ Македония деб номланарди. 1991 йилда Македония Югославия таркибидан чиқиб ўз мустақиллигини эълон қилади.

Шундан сўнг Греция Македония атамаси ўзига тегишли экани ва бу ном билан мамлакат шимолида вилоят борлигини айтиб Македониядан ўз номини ўзгартиришни талаб қила бошлайди. Табиийки Македония бунга кўнмайди. Ўз навбатида НАТОга қўшилмоқчи бўлган давлатларнинг қўшнилар билан ҳеч қандай можаролари бўлмаслиги кераклиги ҳақидаги бандга кўра, Македония альянсга қабул қилинмайди. Қолаверса, НАТОга қўшилиш учун унга аъзо бўлган барча давлатларнинг розилиги керак. Греция ана шу банддан фойдаланиб узоқ йиллар Македониянинг ташкилотга аъзо бўлишига рози бўлмай келди.

Узоқ давом этган музокаралардан сўнг Македония ён берди. Икки давлат бир тўхтамга келди ва 2018 йил 12 июнда давлат ўз номини Шимолий Македония деб ўзгартиришга рози бўлди. Орадан 5 кун ўтиб, 17 июнь куни икки мамлакат ўртасида жойлашган Преспа кўли соҳилида тантанали маросим ўтказилиб, томонлар келишув шартномасини имзолади. «Преспа шартномаси» номини олган келишувга кўра, Македония ўз номини ўзгартириш бўйича жараённи бошлайди, Греция эса унинг НАТОга қўшилишига рози бўлади.

Фото: REUTERS / Ognen Teofilovski

2018 йил 30 сентябрда Македонияда референдум ўтказилади, унда қатнашганларнинг 91 фоизи икки давлат ўртасидаги келишувга розилиги сўралган бюллетенларда «Ҳа» деган жавобни белгилайди. Қизиғи, сайлов бюллетенларида «Сиз мамлакат номи Македониядан Шимолий Македонияга ўзгаришига розимисиз?», деб эмас, «Сиз Македония ва Греция ўртасидаги келишувга ва шу аснода мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилишига розимисиз?», деб сўралган эди. Референдумда саволнинг бундай тарзда қўйилгани Македония ўз номини ўзгартиришни унчалик истамагани, бироқ мамлакат манфаати учун бунга мажбур бўлганини англатади.

2019 йил 11 январда Македония парламенти мамлакат номини ўзгартиришни қўллаб овоз беради ва Греция билан эришилган келишув ратификация қилинади. 2019 йил 25 январда Греция парламенти ҳам ҳужжатни ратификация қилгач келишув кучга киради. 2019 йил 6 февралда Шимолий Македониянинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақида икки томонлама протокол имзоланади. 12 февралда Македонияда мамлакат расмий номини Шимолий Македония республикаси деб ўзгартириш ҳақидаги қонун кучга киради ва шундан кейин бу мамлакат учун НАТО ҳамда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш эшиклари очилади.

Жорий йил 21 мартда Шимолий Македониянинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақидаги шартнома имзоланди ва шу тариқа 27 март куни Шимолий Македония альянснинг 30-аъзосига айланди.

Бонусига Европа Иттифоқи

Македония НАТО аъзосига айланиш учун ўлиб-тирилганди деб ўйласангиз, адашасиз. Бу келишув, ҳар қанча ғалати бўлмасин, бир парчагина Македония учун эмас, дунёдаги энг йирик ҳарбий альянс НАТО учун яхшироқ бўлди. Айнан НАТО бу воқеа содир бўлишини кўпроқ хоҳлади. Македония, тўғрироғи Шимолий Македония учун асосий мақсад Европа Иттифоқига кириш эди. Бунинг учун эса аввал НАТОга кириш керак эди.

27 март куни Шимолий Макдония НАТО аъзосига айлангач Европа Иттифоқи бу мамлакатни ўз сафига киритиши бўйича ишлар бошланди. Европа Иттифоқи аъзосига айланиш Шимолий Македонияга НАТОга қўшилгани учун бонус тариқасида берилди десак, бўрттириш бўлмайди. Ахир ЯИМ ҳажми 12 миллиард доллар бўлган давлат учун дунёнинг энг бой иттифоқига қўшилиш орзунинг ўзгинаси, шундай эмасми?

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид