Жаҳон | 20:40 / 02.04.2020
18065
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла ҳарбий кемаси круиз лайнерига шикаст етказмоқчи бўлиб ўзи чўкиб кетди 

Венесуэла ҳарбий-денгиз кучларининг патрул кемаси Naiguata Кариб денгизида RCGS Resolute круиз лайнерига шикаст етказишга урингандан кейин чўкиб кетди.

Фото: thedrive.com

Бу ҳақда The Drive нашри хабар берди

Воқеа 30 март куни Исла-ла-Тортуга ороли яқинида юз берган.

Маълум қилинишича, патрул кемаси Португалия байроғи остида сузаётган круиз лайнерига яқинлашган. Лайнер двигателининг техник кўригини ўтказиш учун бир кун ўчиқ ҳолда сузиб юрган.   

Патрул кема лайнерни Венесуэла сув ҳудудларида ноқонуний қолмоқда, деб ҳисоблаб, унга кетишни буюрган.   

Лайнер капитани ўз раҳбарияти билан боғлангунгача, ҳарбий кема лайнерга қарата бир неча марта ўқ узган ва уни таранга олишга ҳаракат қилган.
Патрул кемаси лайнерга бир неча марта зарба бергач, ўзига шикаст етиб, ичига сув тоша бошлаган ва чўкиб кетган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.  

Венесуэла мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес круиз лайнери экипажининг хатти-ҳаракатларини “имперча тажовузкор ҳаракат” ва “қароқчилик” деб атаган. Бироқ лайнерга эгалик қилувчи компанияда таъкидланишича, лайнер патрул кема ва унинг экипажига ёрдам керакмаслиги аниқ бўлмагунча жойида қолган ва шундан кейингина йўлини давом эттирган.

Воқеага олиб келган аниқ тафсилотлар ҳозирча номаълум.

Таъкидланишича, круиз лайнери Антарктика круизлари учун мўлжалланган бўлиб, музликларни ёриб ўтиш учун кучайтирилган корпусга эга.  

Мавзуга оид