Коронавирус: Жанубий Осиё таҳлика остида
Жаҳон аҳолисининг бешдан бир қисмини, глобал иқтисодиётнинг 15 фоизини, аҳоли энг зич ўнта шаҳарнинг 5тасини ўз ичига олган Жанубий Осиё – дунёнинг энг қолоқ минтақаларидан биридир.
Айтиш жоизки, ушбу ҳудудда жойлашган мамлакатларда пандемия улкан таҳликага сабаб бўлмоқда. Ғоят гавжумлиги, айни пайтда соғлиқни сақлаш инфратузилмасининг ортда қолгани билан тавсифланувчи ушбу минтақа вирус манбайи – Хитой билан қўшни бўлгани сабабли ҳам асосий хавф-хатар ўчоқларидан бири сифатида кўрилмоқда.
Ҳиндистон ва Покистон оловли ҳалқа ичида
Жанубий Осиё мамлакатлари – Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Непал ва Бутан Covid-19’нинг бошланғич нуқтаси ҳисобланмиш Хитой билан чегарадош. Ҳиндистон ва Покистон Хитой билан жуда узун умумий сарҳадларга эга бўлиб, аҳоли зичлиги ва камбағаллик даражаси юқорилиги ҳар икки мамлакатда ҳам вазият янада қўрқинчли тус олишига сабаб бўлмоқда. Устига устак, Покистон вирус энг кўп тарқалган давлатлардан яна бири – Эрон билан ҳам қўшни ҳисобланади. Қолаверса, мамлакатда Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги (CPEC) лойиҳаси туфайли кўплаб хитойликлар яшаётгани таҳдид кўламини янада орттирмоқда.
Бангладеш ҳукумати нега нолимоқда?
Минтақанинг аҳоли кўп бўлган учинчи мамлакати – Бангладешда эса комендантлик соати жорий этилган. Аммо ҳукумат «#StayAtHome» чақириғига жамоатчиликнинг риоя қилмаётганидан нолимоқда. Чунки қашшоқлик халқнинг уйда қолиши учун тўсиқ бўлмоқда. Мамлакат Хитойдан олинган 10 мингта синов тўплами ва ҳимоя кийимлари билан эпидемияга қарши курашишга ҳаракат қилмоқда.
Непал, Шри-Ланка ва Афғонистондаги ҳолат қандай?
Непалда заруратсиз кўчага чиқиш тақиқланган. Шри-Ланкада комендантлик соати жорий этилган. Бундан ташқари, вирусга қарши кураш доирасида Хитойдан 500 миллион доллар қарз олинди.
Ҳукумат ва «Толибон» ўртасида музокаралар давом этаётган Афғонистонда эса ҳукумат ҳам, «Толибон» ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) билан ҳамкорлик ва мувофиқликда Covid-19’га қарши кураш олиб бориш ҳақида хабар берди.
Рақамлар ортиб бораётганининг сабаби нима?
Дунёнинг энг зич иккинчи мамлакати Ҳиндистонда эса вазият жиддий. Комендантлик соатлари жорий этилган бўлса-да, айни пайтда вирусга чалинганлар сони 7 мингга яқинлашиб қолди, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар ҳам тобора ортиб бормоқда. Рақамлар кескин кўтарилиб бораётганининг асосий сабаби эса синов ўтказилган одамлар сонининг мамлакат умумий аҳолисига нисбатан жуда паст эканидир.
Тест ўтказилган одамлар сони кўпайиши натижасида соғлиқни сақлаш тизимида етишмовчилик юзага келиши Ҳиндистон олдида турган энг катта хавотирлардан биридир. Ҳатто дунёнинг энг бақувват иқтисодий тизимига эга бўлган АҚШ ҳам диагностика тўпламлари ва нафас олиш ускуналари етишмаслигидан қийналиб турган бир пайтда Ҳиндистоннинг эпидемияга қарши қандай кураш олиб бориши оғриқли саволларни ўртага қўймоқда.
Гарчи мамлакат вирус тарқалишининг олдини олиш учун барвақт ҳаракат қилиб, кўчага чиқишни тақиқлаган, қатъий чораларни кўришга киришган бўлса-да, ҳукумат ижтимоий масофани сақлаш ва одамларнинг уйда қолиши масаласида қийинчиликларга дуч келмоқда.
SAARC қандай қарор берди?
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг Жанубий Осиё Минтақавий Ҳамкорлик Ташкилоти (SAARC) аъзоларини пандемия дипломатияси доирасида видеоконференция орқали бирлаштиргани ва эпидемияга қарши биргаликда курашишга ундагани жуда муҳим аҳамиятга эга.
15 март куни бўлиб ўтган видеоконференцияда Покистондан ташқари барча аъзо давлатлар президент ёки бош вазир мақомида иштирок этди. Учрашув давомида Ҳиндистон бош вазири минтақада эпидемияга қарши кураш учун 10 миллион доллар миқдорида бюджет ажратишни ваъда қилди. Жамғарма, биринчи навбатда, аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш ходимларининг ҳимоя эҳтиёжларини қондириш учун йўналтирилади. Эпидемиянинг асосий марказларидан бирига айланган Ғарб Европа Иттифоқи интеграциялашувининг куни битаётганига томошабин бўлиб турган бир пайтда SAARC пандемиянинг чегараларни тан олмаслиги ва умумбашарий муаммога айланганини бутун дунёга ифода қила олди.
Покистон вакили сифатида конференцияда қатнашган Соғлиқни сақлаш вазири Зафар Мирзанинг Кашмирда назорат остида тутилаётган одамлар масаласини кун тартибига олиб чиқиши билан кескин тус олган ушбу йиғилиш жамият аъзоларининг вирусга қарши биргаликда кураш олиб боришини кўзда тутувчи келишув билан якунланди.
Эпидемияга қарши курашишнинг энг самарали усули қандай?
Мутахассисларнинг фикрича, вакцина топилмагани туфайли ҳозирда эпидемияга қарши курашнинг энг самарали усули инсонларнинг ўзаро алоқадан тийилишидир. Тиббий хизмат кўрсатиш борасида имкониятлари қай даражада эканини яхши билган ушбу минтақа мамлакатлари ўз вақтида чора-тадбир қўллаш орқали эпидемиядан энг кам зарар билан чиқишга ҳаракат қилишмоқда. Шу нуқтайи назардан, зичлиги юқори бўлган шаҳарларда ижтимоий масофа сақлаш ва изоляциянинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Дарҳақиқат, дунёдаги аҳоли энг зич яшовчи ўнта шаҳарнинг 5таси (Дакка, Ченнай, Мумбай, Калькутта ва Катманду) Жанубий Осиёда жойлашган. Шундай экан, бу ҳудуднинг эпидемия ўчоғига айланиб қолишига йўл қўймаслик учун минтақа аҳолисидан ҳукумат томонидан эълон қилинган қоидаларга бўйсуниш, ушбу мураккаб жараённи енгиб ўтишда ўз давлатларига ёрдамчи бўлиш талаб этилади.
Мотоцикл каскалари (!) ҳимоя воситаси ўрнида кўлланмоқда
Таъкидлаш жоизки, Ҳиндистон соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари диагностика тўпламлари ва респираторларнинг етишмаслигидан ташқари, тиббий ниқоблар, қўлқоплар, юзларни ҳимоя қилувчи воситалар ва комбинезонлар каби ҳимоя воситаларидан фойдаланишда ҳам бир қатор муаммоларга дуч келишмоқда. Деҳли ёрдамчи шифокорлар федерацияси аъзосининг айтишича, вазият шу даражага келиб қолдики, ҳимоя кийимлари ва юз ниқоблари етишмовчилиги сабаб баъзи шифокорлар беморларни даволаш пайтида ёмғирпўш ва мотоцикл каскаларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
Худди шундай қўлқоп, ниқоб ва комбинезон каби ҳимоя воситалари етишмовчилиги кузатилаётган Покистонда ҳам ҳаётдан кўз юмган тиббиёт ходимларининг ортиши бутун мамлакат бўйлаб кескин танқидларга сабаб бўлмоқда. Ҳимоя воситаларини олишда катта қийинчиликларга дуч келган шифокорлар Белужистон штатида норозилик намойишини бошлаб юборишди. Февраль ойида биринчи ҳолат аниқланган мазкур мамлакатда ўтказилган тестлар сонининг 50 мингдан оз экани агар касаллик кўпайиб кетса, соғлиқни сақлаш тизимининг ишдан чиқиш хавфини туғдирмоқда.
Бугунги кунда тестдан ўтган одамлар сони 3 мингга яқин миқдорни ташкил этган Афғонистонда эса ҳукумат келгуси кунларда ресурсларни сафарбар қилиш орқали синовлар сонини янада кўпайтиришини айтмоқда. Эпидемия авж олган пайт Эронни тарк этиб, Ҳирот вилоятига келган минглаб афғонларнинг синовдан ўтмагани ҳисобга олинса, мазкур вилоятда ҳам улкан эпидемия эҳтимоли мавжудлиги аён бўлади.
160 миллиондан ортиқ аҳолига эга Бангладеш соғлиқни сақлаш вазири Зоҳид Малик ўз баёнотида кунлик текширувлар сони кўпайгани ва улар бу сонни кунига 300дан 1000га кўпайтиришга ҳаракат қилишаётганини айтди. Маликнинг ушбу баёноти бутун мамлакат бўйлаб катта танқидларга сабаб бўлиш баробарида мамлакат соғлиқни сақлаш тизими инфратузилмасининг етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди.
Ҳиндистон учун энг ёмон сценарийлар
Мутахассисларнинг айтишича, Ҳиндистон учун энг ёмон сценарийга кўра, Covid-19 ҳар ўн кишидан иккисига юқиши мумкин. Албатта, ижтимоий изоляция ва самарали соғлиқни сақлаш тизими орқали офатнинг олдини олиш мумкин.
Вашингтон университети Жаҳон соғлиқни сақлаш бошқармаси ўқитувчиси Раманан Лахминараяннинг таъкидлашича, агар зарур чоралар зудлик билан кўрилмаса, Ҳиндистон аҳолисининг тахминан 20 фоизи (яъни тахминан 250-300 миллион киши) Covid-19’га чалиниш эҳтимоли мавжуд. Лахминараян Ҳиндистондаги вазият Италия ва Эрондаги каби тус олиш-олмаслиги ҳукумат томонидан кўриладиган чораларга боғлиқ экани ва келгуси тўрт ҳафта ичида жараён аниқлик касб этишини айтиб ўтган.
Гарчи, Ҳиндистон ҳукумати расмийлари вирус билан касалланишлар сони 8,5 минг атрофида эканини таъкидлаган бўлсалар-да, соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари тест ўтказилган одамлар сони жуда оз эканини айтмоқда. Улар вирус юқтирганлар сони аслида кўплигини, ўтказилган тестлар сони билан параллел равишда уларнинг сони ҳам ортиб боришини маълум қилмоқда. Масалан, Лахминараян Ҳиндистонда минглаб Covid-19 ташувчилари мавжудлигини айтар экан, Форс кўрфазидаги ўн минглаб ҳиндларни зудлик билан синовдан ўтказиш кераклигини таъкидлади ва Ҳиндистонни бу масалада тезкорлик билан иш кўришга ундади.
Мутахассислар агар қисқа вақт ичида беморларнинг сони миллионга етгудек бўлса, Ҳиндистон соғлиқни сақлаш тизими издан чиқиши, шифохоналарнинг ётоқ сиғими етарли эмаслиги хавотирларга сабаб бўлмоқда. Бироқ Ҳиндистон тиббий тадқиқотлар кенгашининг баёнотларига кўра, комендантлик соати белгиланган тартибда амалга оширилса, вируснинг тарқалиш даражаси пасаяди ва мамлакат эпидемиядан энг кам зарар билан чиқиб олади.
Шунингдек, Ҳиндистон насроний соғлиқни сақлаш мактабининг вирусология мутахассиси Жакоб Жон Ҳиндистон бир неча ҳафта ичида ҳақиқий фалокатга дуч келиши мумкинлигини таъкидлаб, аҳолини ҳукумат қарорларига сўзсиз бўйсунишга ундади. У эпидемиянинг шиддатини индивидуал ҳимоя усуллари билан енгиллаштириш мумкинлигини айтди.
Уйда қолишса, очликдан ўлишлари мумкин
Минтақадаги мамлакатларнинг ишчи кучи таҳлил қилинса, рўйхатдан ўтмаган ва кунлик иш ҳақи олувчи ишчилар сони жуда кўп экани ойдинлашади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, айниқса, Ҳиндистон, Покистон, Непал ва Бангладешда ишчи кучининг катта қисми норасмий секторда кунлик маош асосида ҳеч қандай тиббий суғуртасиз фаолият олиб боради. Минтақадаги деярли барча мамлакатларда комендантлик соати жорий қилингани ҳисобга олинса, эпидемиянинг авж олиши ишчилар ҳаётига жиддий зиён етказиши маълум бўлади.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАО) маълумотларига кўра, аҳолисининг қарийб 60 фоизи қишлоқ жойларида яшайдиган Жанубий Осиё мамлакатларида аҳоли ўз даромадининг қарийб 70 фоизини озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга сарфлайди. Минтақадаги аксарият мамлакатларда, айниқса, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешда, кундалик иш ҳақи одамларнинг тирик қолишини таъминловчи энг асосий воситадир. Шу сабабли, комендантлик соати жорий этилган ушбу мамлакатларда пул топиш одамлар учун энг жиддий муаммога айланди. Зотан, Ҳиндистонда комендантлик соатлари тартибини бузган минглаб одамлар агар уйда қолишса, очликдан ўлишлари мумкинлигини айтишмоқда.
Кураш анча қийин кечадиганга ўхшайди
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ҳиндистонда 519 миллион ишчи кучи мавжуд. Шунингдек, мамлакатда қарийб 120 миллион иммигрант ишчи бор. Комендантлик соати туфайли тўхтаб қолган шаҳарлараро рейслар туфайли уйларига қайтиб кета олмаган меҳнат муҳожирлари эндиликда юзлаб километр йўлни босиб ўтишга мажбур. Табиийки, йўл давомида эпидемия хавфини ҳисобга олмаслик вирус тарқалиш даражасининг ўсишига олиб келади. Минтақада ишчи кучининг етишмаслигидан ташқари, турли ҳудудлардан, айниқса, Форс кўрфази мамлакатларидан ўн минглаб ишчиларнинг қайтгани ҳам вазиятни бадтар оғирлаштирмоқда. Минтақадаги қашшоқлик муаммоси эпидемия натижасида янада авж олиши кутилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, вируснинг Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш каби ривожланмаган мамлакатларга тарқалиши улкан фалокатларга йўл очиши мумкин. Қолаверса, Мумбай, Калкутта ва Карачи каби дунёнинг энг гавжум шаҳарлари жойлашган Жанубий Осиёда тоза сув манбалари чеклангани ва гигиена талабларига риоя этилмаслигини ҳисобга олсак, эпидемияга қарши кураш анчагина қийин кечадиганга ўхшайди.
Отабек Тиллаев тайёрлади
Мавзуга оид
21:23 / 28.12.2024
Покистон-Афғонистон чегарасида жанглар бошланди
17:10 / 25.12.2024
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
18:07 / 24.12.2024
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
23:25 / 23.12.2024