Ўзбекистон | 17:11 / 15.04.2020
3995
2 дақиқада ўқилади

Карантин туфайли почта объектларида сақланаётган жўнатмаларга қўшимча ҳақ олинмайди ­­­­– вазирлик

Почта жўнатмаларини карантин туфайли ўз вақтида етказиш имкони бўлмаган ҳолатларда уларни белгиланганидан кўпроқ муддат сақлаб туриш учун қўшимча ҳақ олинмайди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: logist.fm

Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадов 15 апрель кунги брифингда маълум қилди.

«Жисмоний ва юридик шахслар номига келиб тушган почта жўнатмаларини етказиб бериш объектининг карантинга олингани туфайли етказиб бериш имкони бўлмаган ҳолларда, ушбу почта жўнатмалари почта алоқаси объектларида вақтинча сақланади, бунда сақлаш учун қўшимча ҳақ олинмайди.

Қабул қилинган посилкалар ўз вақтида олувчининг манзили бўйича хизмат қиладиган почта алоқаси объектларига етказиб берилмоқда.

Ҳозирги кунда баъзи бир шаҳар ва туманлар, маҳаллалар ва турар жой бинолари карантинга олинганлиги сабабли ушбу ҳудуддаги олувчиларга посилкалар етказиб бериш имкони бўлмаган ҳолатлар мавжуд. Бундай пайтда почта алоқаси объектларида жўнатмалар хавфсизлиги таъминланган ҳолда сақланади.

Мазкур ҳудудларда ёки объектларда карантин муддати тугаганидан сўнг, олувчиларга посилкалар бут сақланган ҳолда топширилиши таъминланади», – дея ахборот берди Аҳмадов.

Мавзуга оид