Ботир Арифжанов: «Иқтисодиётимизни келажакдаги чақириқларга тайёрлаш учун интернет инфратузилмасини ривожлантириш керак»
LeBazar компанияси асосчиси Ботир Арифжанов MFactor лойиҳаси доирасидаги чиқишида «Энди барча бизнеслар онлайн» мавзусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Бизнесни онлайнга ўтказишдаги муаммолар нималардан иборат?
— Интернет ёки онлайннинг ривожланишидаги асосий кўрсаткичлардан бири - халқ орасида ёки жамиятда интернетнинг қанчалик кириб борганлигидир. Бу масалада статистикага қараганимда Ўзбекистонда бугунги кунда 33 миллион аҳолидан 22 миллиони интернет билан таъминланган. Улардан 19 миллион киши мобил интернетдан фойдаланади.
Бу статистиканинг методикаси қандай эканини билмайман. Лекин шунга қарамай, шу пайтгача кўрамизки, Тошкентдан ташқарига чиққанимизда интернетнинг сифати жуда тушиб кетади. Кўп нарсани ишлатишга қийналамиз. Баъзи жойларда мутлақо йўқ. Бу катта муаммо албатта. Бундан ташқари, интернет бўлгани билан ундан фойдаланиш савияси ҳали деярли бошқача. Биламизки, бизда интернет бир томонлама ривожланяпти. Интернет деганда кўплар телеграм орқали ҳар хил каналларга уланиб, ўша ердан маълумот олиш ва ҳоказони тушунишади.
У «Orient Capital Management» компанияси директори Анвар Ирчаевнинг MFactor лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда онлайн бизнес ривожланиши учун ҳал қилиниши керак бўлган жиддий масалалар мавжуд экани, уларни 3-5 йил ичида ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида айтган фикрига ўз муносабатини билдирди.
— Кеча Анвар ака гапирганларида бир нарсани айтдиларки, Россияда бир неча йил олдин кўрганман. Бизда 3-4 йил кетиши мумкин деган.
Технологик ривожланиш жараёни шундайки, бошқа давлатларда кириб бориш босқичи кейинги босқичларга нисбатан секинроқ бўлади. Кейинги ҳар бир босқичда бу нарса билан тўқнаш келаётган давлат, жой, компанияда бу жараёнлар бир неча баравар тезлашиб кетиши мумкин. Сабаби ўтилган йўлда учраган тўғаноқлар маълум бўлади, технологиянинг таннархи тушиб бориши ҳам катта эффект. Уни қўйиш, тарқатиш, чеккаларга ҳам етказиб бориш нуқтайи назаридан арзонлашиб, осонлашиб боради. Шу сабабли менинг фикрим – бошқа давлатларда 4-5 йил кетган бўлса, буни бир неча баравар тезроқ амалга оширилиши эҳтимоли катта. Айниқса ҳозирги кунда кузатилаётган пандемия орқали онлайнда кўп нарсани ҳал қилсак бўларкан, деган нарса нафақат бизнес томонидан, балки давлат арбоблари, ҳукумат томонидан кўрилиб, фойдаланиш бошланди. Ўйлайманки, кейинги босқичда бу нарсага инвестиция кўпайиб, жараён тезлашади.
LeBazar компанияси асосчиси Ўзбекистонда интернет ва онлайннинг кечаги куни, ҳозирги куни ва келажаги ҳақида ўз фикрларини билдирди.
— Сўнгги икки йилда интернетга тезроқ етказиб бориш ҳақида президентимиз томонидан айтилди, ҳукумат томонидан топшириқлар берилди. Бу нарсага кўп эътибор берилди. Лекин ҳали қилинадиган иш кўп. Бугунги кунга келиб, энг арзон интернет бизда деб айта олмайман. Жуда кўп таққослама жадваллар чиқиб туради: бизнинг интернет билан қўшни Қозоғистон, Россиядаги интернетнинг нархи солиштирилганда, бизда ҳали ҳам бир неча баравар қимматлигини кўришимиз мумкин. Бу бугунги кунгача бўлган ҳолат.
Бугунги кундаги ҳолат шундан иборатки, кўп муаммоларни у орқали ечсак бўларкан, у ҳаётнинг тақозо қилиб қўйган нарсаси экан. У электр энергияси, газ каби ҳар бир хонадон, оила, инсонда бўлиши шарт бўлган нарсалардан бири бўлиб қолди. Бундан кўринишга келганидан кейин ўйлайманки, келажакда унга эътибор мутлақо бошқача бўлади. Мутлақо бошқача бўлиши шарт. Бизда «Ўзбектелеком» монополия бўлгани сабабли, у томонидан ва мутасадди ташкилотлар томонидан эътибор кескин ўзгариб, ривожлантиришга ҳаракат қилиниши керак. Агар биз келажакда бўладиган бошқа чақириқларга ўзимизни, иқтисодиётимизни олдиндан тайёрлаш ҳаракатида бўламиз десак, асосий қилинадиган нарсалардан биттаси – интернет инфратузилмасини ривожлантириш.
Ботир Арифжанов интернетнинг арзонлаштирилиши экспортни ошириш ва янги авлодни умуман бошқача тарбиялаш имконини бериши ҳақида гапириб ўтди.
— Интернетнинг арзонлаштирилиши ривожланишга таъсир қиладими?
— Албатта. Мисол учун қаранг: саноат инқилоби тарихига қарайдиган бўлсак, у нима сабабдан келиб чиқди? Буғ машинаси - саноат инқилобининг бошланишида самарадорликни ошириб беришдаги асосий манбалардан бири. Кейинчалик электр энергияси келиб чиқди ва ҳоказо.
Интернет қайсидир бир кўринишда электр энергиясига ўхшаган нарса. Агар биз унинг таннархини қанчалик арзон қилиб берадиган бўлсак, у асосида етиштириб чиқариш мумкин бўлган халққа ёки иқтисодга киритиш мумкин бўлган нарсаларнинг салмоғи бир неча баравар ошади. Бугуни кунга келиб, Ўзбекистон ЯИМнинг учдан бир қисми сервисдан ташкил топади. Тасаввур қиляпсизми, агар унга интернетдан фойдаланиш имкониятини қўшиб берадиган бўлсак, сервисни нафақат Ўзбекистон миқёсида, [балки] Ўзбекистон чегарасидан ташқарига экспорт қилиш орқали иқтисодга миллионлаб пул кириб келиш имконияти бор. Сабаби – ҳозирги кунда асосий концентрация шаҳарларда: Тошкент шаҳри, қайсидир кўринишда водийда сегмент бор, Бухоро, Самарқанд. Бошқа шаҳарларни камситиш эмас, асосий мана шу тўртта нуқта.
Интернет ҳар бир хонадон, қишлоққа етиб борса, биринчидан, бола у орқали таълим олади, ўз савиясини оширади. Савиясини оширганда ҳам етук таълим олиш имконияти бўлади. Ўз қишлоғи ёки шаҳарча даражасида, унга мос сифатдаги таълим эмас, дунё стандартига жавоб берадиган таълим олиш имкониятига эга бўлади. Демак, у таълим олди, керакли кўникмаларни йиғди, касбнинг эгаси бўлдими, интернет орқали у кейинчалик дунёга чиқишни бошлайди. Бу нима дегани? Бу дегани экспорт, аҳолининг савияси ошиб бориши ва биз янги авлодни умуман бошқача тарбиялаймиз дегани.
Тўлиқ суҳбатни MFactor’нинг You Tube’даги каналида томоша қилиш мумкин.
Мавзуга оид
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
10:20 / 19.10.2024