Ўзбекистон | 12:08 / 24.04.2020
13195
4 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда қандай АЭС қурилиши ҳақида маълумот берди

3+ авлод реактори ҳатто электр узилишлари ва ҳалокатларга олиб келадиган қаттиқ зилзила юз берган тақдирда ҳам, худди шундай ҳимоя тизимлари радиоактивликнинг реактор блокидан ташқарига чиқиб кетишига йўл қўймайди

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда қуриладиган атом электр станцияси қандай бўлиши ҳақида батафсил маълумот берди.

“Ўзбекистонда Россиянинг ВВЭР-1200 дизайнидаги реакторлари билан энг замонавий лойиҳа бўйича атом электр станциясини қуриш режалаштирилган бўлиб, бу ерда “1200” рақами реакторнинг қуввати, яъни 1200 МВт.ни англатади. Иккита реакторга эга атом электр станциясини қуриш режалаштирилгани учун унинг умумий қуввати 2 400 МВт бўлиб, 2030 йилда мамлакат электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини таъминлайди”, - дейилади вазирлик маълумотида.

Биринчи ВВЭР биринчи авлод электр реактори – Нововоронеж АЭС 1-сон энергоблокида 1964 йилда ишга туширилди. Кейинчалик иккинчи авлод реакторлари пайдо бўлиб, улар аллақачон дунё бўйлаб серияли ишлаб чиқаришга йўлга қўйилган. Илм-фан бир жойда турмайди ва эволюцион йўл билан такомиллашган 3-авлод, бироздан сўнг эса – 3+ авлодга эришилди. ВВЭР-1200 лойиҳаси сўнгги 3+ авлод реакторларига тегишли. Бу жаҳон атом ҳамжамияти томонидан бугунги кунга қадар энг хавфсиз деб тан олинган рус олимларнинг флагман маҳсулотидир.

ВВЭРнинг хавфсизлиги нимада?

Россия реакторларида автоматлаштирилган фаол ва пассив хавфсизлик тизимлари мужассамлашган. Фаоллари – энергия манбаини талаб қилади, пассив – энергия манбаини талаб қилмайди. ВВЭР-1200 лойиҳасида олимлар барча мавжуд билимларни бирлаштиришга ва реактор биносидан ташқарида радиоактивликнинг чиқарилишидан ҳимоя қилишни таъминлайдиган ўзгаришларни амалга оширишга муваффақ бўлишди.

Пассив хавфсизлик тизимларига, масалан, реактор блоки устида гумбаз шаклида ўрнатилган қўш темир-бетон қобиқ киради. Агар реактор залида бирор нарса содир бўлса, барча радиоактивлик бу муҳрланган қобиқ ичида қолади. Тасаввур қилинг, реакторга бериладиган барча сув буғга айланади ва чойнакдаги каби деворларда ва қопқоқда ичкаридан босади, аммо ички қобиқ бу улкан босимга бардош беради. Агар таҳдид ташқи бўлса, ташқи қобиқ самолёт қулаши, тўфон, портлаш ва бошқа қаршиликларга бардош бера олади. Шундай қилиб, энергоблокнинг гумбази ҳар доим ташқи ва ички зарбаларни қабул қилишга тайёр.

Реактор қобиғининг муҳим элементи фаол зонанинг амалда эҳтимоли ақл бовар қилмас ҳолатда вужудга келиши мумкин бўлган эришида кўзда тутилган “эритмани ушлаб қолувчи тузоқ”дир. Бу катта коса шаклига эга бўлиб, эритмалар билан кимёвий реакцияга кирадиган ва эритмани деярли бир зумда совитиш ва қаттиқ ҳолатга ўтказиш имконини берадиган материал билан тўлдирилади. "Тузоқ" бевосита реактор остида жойлашгани учун энг қийин вазиятда ўз оғирлиги остидаги эриган масса мазкур ўтга чидамли стаканга тушади. “Эритмани ушлаб қолувчи тузоқ”нинг мавжудлиги, ҳатто энг кам учрайдиган вазиятларда радиоактив парчаланиш маҳсулотлари муҳрланган қобиқда сақланишини таъминлайди.

АЭС зилзилага бардош бера оладими?

Албатта, биздаги сейсмик фаоллик туфайли бу энг долзарб масаладир. 3+ авлод реактори ҳатто электр узилишлари ва ҳалокатларга олиб келадиган қаттиқ зилзила юз берган тақдирда ҳам, худди шундай ҳимоя тизимлари радиоактивликнинг реактор блокидан ташқарига чиқиб кетишига йўл қўймайди. Россия дизайнидаги барча 3+ авлод АЭС лойиҳалари 9 балл зилзилада хавфсизликни таъминлайди.

Қобиқнинг кучайтирилган ҳимоя конструкциялари, шунингдек бинонинг ички конструкциясига зарар етказилишини олдини олувчи тиргаклар кучли силкинишларга бардош беришга ёрдам беради.

АЭС қурилиши ва эксплуатациясининг жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, Ўзбекистон учун ВВЭР-1200 лойиҳасини танлаш хавфсизлик ва ишончлилик омиллари билан асосланади, дейилади вазирлик маълумотида.

Мавзуга оид