Ўзбекистон | 13:46 / 06.05.2020
41335
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти мавжуд эпидемиологик вазият туфайли «сариқ» ҳудудга киритилди

Кеча, 5 май куни президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатдаги эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилиши билдирилди. Шунингдек, вилоят, туманлар ва шаҳарлар “қизил” (юқори хавфли), “сариқ” (ўрта хавфли) ва “яшил” (хавфсиз) ҳудудларга ажратилиши белгиланди.

Сурхондарё мавжуд эпидемиологик вазият туфайли “сариқ”, яъни ўрта хавфли ҳудудга киритилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Билдирилишича, вилоят бўйича 6 май кунига қадар 41 нафар шахс коронавирус инфекциясига чалингани аниқланган. Шу кунгача уларнинг 29 нафари касалликдан бутунлай соғайган. 12 нафари айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. 

Даволаётганларнинг 6 нафари жорий йилнинг 28 март куни Москва – Термиз йўналишида чартер рейс билан келган фуқаролар, 3 нафари касалликка чалинган ушбу фуқароларга хизмат кўрсатиш жараёнида юқтириб олган фуқаро, яна 3 нафари эса Россиядан транзит йўналишида вилоятга кириб келган юк машиналари ҳайдовчиларидир. Уларнинг аҳволи қониқарли, тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стандартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда.

Сурхондарё коронавирус инфекциясига чалинганлар кўрсаткичи бўйича республикада Тошкент шаҳри (668 нафар бемор), Бухоро вилояти (435), Хоразм вилояти (232), Наманган вилояти (230), Андижон вилояти (165), Фарғона вилояти (158), Самарқанд вилояти (140), Қорақалпоғистон Республикаси (109)дан кейинги тўққизинчи ўринда турибди.

Мавзуга оид