Ўзбекистон | 19:00 / 14.05.2020
39250
14 дақиқада ўқилади

Тендерсиз лойиҳалар балоси ва тизимли муаммолар. Иқтисодчи Сардоба воқеасидан хулосалар ҳақида

Халқ депутатлари Сергели туман кенгаши депутати, иқтисодчи Абдуқаҳҳор Иминохунов Kun.uz мухбири билан суҳбатда «Сардоба фожиаси»нинг юзага келишига сабабчи бўлган омиллар, тизимли муаммолар ва мазкур фожиадан чиқариладиган хулосалар ҳақида сўз юритди.

– Абдуқаҳҳор ака, «Сардоба фожиаси»дан кейингина тўғон қурилиши учун ҳеч қандай тендер ўтказилмагани маълум бўлмоқда. Аслида, бу каби йирик лойиҳалар кимларгадир тендерсиз «совға қилиниши» иқтисодий тил билан айтганда қандай баҳоланади?

– Сўзимнинг аввалида нафақат «Сардоба» сув омбори, балки умумий давлат харидлари тизими ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳар қандай давлатда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қандайдир хизмат қабул қилиб олинса ёки товарлар харид қилинганда бу ишлар давлат харидлари тизими орқали амалга оширилиши керак. Давлат харидлари тизими эса коррупциядан холи бўлиши учун шаффоф ишлаши лозим.

Ўзбекистон Республикасида ҳам «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун, қатор қонуности ҳужжатлар бор. Бир сўз билан айтганда, республикада давлат харидлари тизими ишлаб келмоқда ва қайсидир маънода ўз самарасини кўрсатмоқда.

Лекин давлат харидлари тизимида йўл қўйиладиган айрим камчиликлар оқибатида Сардобадаги каби муаммолар юзага келмоқда. Аслида эса, бир неча юз миллион АҚШ доллари қийматига тенг лойиҳалар умумхалқ муҳокамасига ҳам қўйилиши лозим, менимча.

Нафақат давлат харидлари тизими шаффоф бўлиб, унда исталган корхона ва ташкилотлар иштирок этиши, балки кенг жамоатчилик фикри ҳам ўрганилиши зарур эди. Иқтисодий нуқтайи назардан қараганда, биринчи навбатда «Сардоба» сув омбори каби лойиҳаларнинг ўзи тендерга қўйилиши керак.

«Сардоба» сув омборининг лойиҳа тендери ўтказилиб, унда ўша соҳада юқори тажриба ва халқаро миқёсда обрў-эътиборга эга лойиҳалаш институтлари иштирок этганда бу каби талафотлар юзага келиши қурилиш бошланишидан олдинроқ аниқланган ва олди олинган бўлар эди.

Бу – биринчи омил. 

Иккинчидан эса, «Сардоба» сув омбори лойиҳаси ишлаб чиқилгач, экологлар хулосаси олиниши лозим эди. Бундан ташқари, омбор учун техник шартлар ҳам мукаммал ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилганда соҳа мутахассислари ўз фикрини лойиҳа босқичидаёқ билдирган бўлар эди. Ўшандаёқ мутахассислар томонидан қандай камчиликлар борлиги, нималарни қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги, иқлим ва тупроқ хусусиятлари ҳақида таҳлил ва мулоҳазалар билдирилган бўларди.

Кейинги босқичда эса лойиҳани ишлаб чиқарувчи юқори малакали компания танланиши зарур эди.

Қурилиш босқичига оид жуда кўп саволлар мавжуд. Давлат харидлари тизимида ишлаган шахс сифатида менда нега «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ қурилишни амалга оширган деган савол пайдо бўлмоқда.

Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги мавжуд. Нега улар бу ишлар билан шуғулланмасдан қурилиш «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга тендерсиз бериб юборилди?

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳам қурилишни ўзи амалга оширмасдан сув омбори қурилишини сув пудратчиларига, сув пудратчилари эса хусусий компанияларга бериб юборган.

Нега бошланғич шароитда бирданига хусусий корхоналар қурилиш учун ёлланмасдан орада бир неча ташкилот аралашди? Уларнинг воситачилигига қандай эҳтиёж бор эди?

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва гидроэнергетика ўртасида боғлиқлик кўрмаяпман. «Ўзбекистон темир йўллари» бюджет ташкилоти ва унинг уставида йўловчи ва юк ташиш асосий вазифа этиб белгиланган.

Иқтисодчи сифатида яна бир савол қўйган бўлар эдим: ижтимоий тармоқларда лойиҳанинг қиймати 404 миллион долларни ташкил қилгани айтилмоқда. Бу маблағнинг қанчаси лойиҳа амалга оширилишида чиндан ишлаган ташкилотларга етиб борган?

Бу савол ҳар бир иқтисодчи учун қизиқ. Бюджетдан ажратилган пулнинг қанчаси реал вазиятда иш бажарган, техника ва ишчилари бор корхоналарга берилган?

Бундан ташқари, тупроқ ишлари билан хусусий корхоналар ҳам шуғулланганини кўрдик.

«Сардоба» сув омбори қурилган йилларда 1 метр куб тупроқ чиқариш нархи Сирдарё ва Жиззах вилоятларида қанчага тенг бўлган? Омбор учун қанча куб метр тупроқ чиқариш ишлари бажарилган ва бунга қанча маблағ сарфланган? Бу каби саволлар кўп ва ўйлайманки, вақт ўтиши билан саволларга жавоб бериб борилади.

– Япониядаги Нагоя иқтисодиёт университети профессори Алишер Умриддинов билан шу мавзуда суҳбатлашганимизда у Ўзбекистонда совет иттифоқидан қолган бир механизм мавжудлиги, албатта, қанақадир лойиҳа олинадиган бўлса, ўзининг қариндошлари ёки яқинлари номига шўъба корхоналар ташкил этилиб, уларга лойиҳа берилиши ва бунинг ортидан пул «ювилиши» ҳақида айтиб ўтди. Назаримда, бекорга тупроқ чиқарилиши масаласини кўтармадингиз. Демак, бажарилган иш қийматини иқтисодий йўл билан аниқлаш имкони бўлиши керак.

Айни пайтда ҳукумат томонидан суриштирув ишлари ўтказилмоқда. Бироқ ҳамма нарса шу пайтга қадар ҳужжатларда чиройли қилиб жойига қўйилган бўлса, ҳақиқий фактларни исботлашнинг имкони борми?

– Мен, аввало, саволнинг «Ўзбекистонда» дея қўйилишига қаршиман. Қаерда давлат харидлари тизими мавжуд бўлса, қанчадир миқдорда коррупция элементлари мавжуд бўлади. Ривожланган давлатларда ҳам, бутун дунёда ҳам шундай вазиятлар мавжуд. Коррупцияга мойиллиги юқори давлатларда кўпроқ, қаердадир камроқ коррупция элементлари кузатилади. Яъни бу каби муаммолар фақат Ўзбекистонга хос эмас.

Шунингдек, коррупцион элементларни чеклаш, унинг содир бўлишига йўл қўймаслик механизмлари ҳам мавжуд. Лекин бу мавжуд механизмдан биз қанчалик даражада фойдалана оляпмиз, деган савол қўйиш ўринли бўлиши мумкин.

Йўл қўйилган ноқонунийликни аниқлаш мумкинми, деган саволга эса «Ҳа, аниқлаш жуда осон», деб жавоб бераман.

«Сардоба» сув омборининг лойиҳаси олиниб, унинг асосида смета тузилади. Сметада бажарилган ишларнинг бир бирлигининг нархи кўрсатилади. У асосида қанча иш қилинганини аниқлаш қийин эмас. Космосдан туриб ҳам қурилган объектнинг бўйи, эни, баландлиги ва бажарилган иш ҳажмини аниқлаш мумкин. Бинога зарар етказмаган ҳолда унинг таркибини аниқлаш бўйича тадқиқотлар олиб бориш тажрибаси мавжуд.

Масалан, турган дамбани 3 ўлчовли тарзда моделлаштириб, муаммосиз тарзда унга тегишли барча маълумотларни ўрганиш мумкин. Фақат бу ишни қилиш учун хоҳиш, ирода бўлса, ҳақиқатни юзага чиқариш истаги бўлса, уни қилиш мутлақо қийин эмас.

Бундан ташқари, «Сардоба» сув омбори қурилганига ҳали энди 3 йил бўлган. «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунга кўра, тегишли ҳужжатлар 5 йил сақланади, Фуқаролик кодексида эса даво муддати 3 йил қилиб белгиланган. Ҳар қандай кичик корхона ҳам ўз бухгалтерия ҳужжатларини сақлаб боради. Шунинг учун вазиятни аниқлаштириш, иқтисодий таҳлилларни амалга ошириш қийин иш эмас.

Бироқ масалада аниқлаштириш керак бўлган нарса иқтисодий тараф эмас. Бу ерда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар инсонлар ҳаётига хавф пайдо бўлиши, шахсларнинг вафот этгани, иқтисодиёт тизимига берилган зарба ва халқ кўнглидаги давлат тизимига бўлган ишонч билан боғлиқ. Чунки одамлар давлатга солиқ тўламоқда ва унда мавжуд тизимга ишонмоқда. 

Мамлакатда жуда кўп гидротехник иншоотлар бор. Ҳар бир гидротехник иншоот олдида ухлаётган одам эса хотиржам бўлиши керак.

Ўзбекистонда «Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси» мавжуд бўлиб, бу жуда жиддий ташкилот. Агар у ўз фаолиятини талаб даражасида амалга оширса, қурилиш назоратини ташкил қилса, бундай хавф бўлмайди.

Масаланинг иқтисодий жиҳатдан суиистеъмолликлари масаласига келсак, уларни аниқлаш қийин эмас.

Бу ерда жудаям бир қизиқ ҳолатлар кўп. Юқорида ҳам айтдим ўтдим. Ўзбекистонда алоҳида Сув хўжалиги вазирлиги бор. Алоҳида Энергетика вазирлиги деган ташкилот бор. Қурилиш вазирлиги бор. Шу ташкилотларнинг қошида мана шу айнан Гидроэнергитика соҳасида шуғулланиши керак бўлган мутахассислари бор ва Рақамли бошқарув деган ташкилотнинг қошида «Ўзбекгидроэнерго» деган акциядорлик жамияти тузилган экан. Бу мутлақо тушунарсиз иш. Рақамли бошқариш қаёқда, Ахборот технологиялари вазирлиги қаёқда, гидроэнергетика қаёқда?

Гидроэнергетика зарари бўйича хавфли саноат соҳаси деб ўйлайман. Одамларнинг ҳаётига бевосита дахлдор соҳа бу. Энди «Ўзсувэнерго» акциядорлик жамиятининг «Ўзгидроэнерго» деб қайта ташкил этилиши… Менимча, юморга мойил одамлар ишлайди шу жойларда. Сув ва гидро бир хил маъноли сўзлар бўлса, шу сўзларнигина таржима қилиб катта бир компанияни қайтадан ташкил этишибди-да, шунақами?

Кейин «Ўзгидроэнерго» рақамли бошқарувнинг таркибига кириб қолибди. Рақамли бошқарувнинг таркибида иккита катта объект бор экан: биринчиси, UMS компанияси, иккинчиси, гидро. Буларнинг фаолият соҳаси «яқин»лигини қаранг. Бири мобил, иккинчиси сув. Сув ҳам мобил-да. Сув ҳам ҳаракат қилади-ку, шу нуқтайи назардан бир-бирига бирлаштирилгандир?

Қандай умумийлик бор? Бутун бошли вазирликлар ишлаб турган жойда рақамли иқтисодиётга гедроэнергетикани топшириш. Нима аскиями бу?

– Воқеалар ривожини ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар қандай фожиадан хулоса чиқарсаккина, кейингиларининг олди олинган бўларди, назаримда. Сардобада рўй берган авариядан қандай хулосалар чиқаришимиз керак? У бизга нималарни ўргатди?

– Шу саволга агар мен жавоб бериб ўтадиган бўлсам, биринчи ўринда, давлат бошқарув тизимимизда ўзгартириш киритиш зарурияти кўринди, деб ўйлайман. Ҳар бир давлат органи ўзининг фаолияти соҳасидаги иш билан шуғулланса ва шу соҳа учун ўзи масъул бўлиб, ўзи жавоб берса ва бу масъуллик шахсларгача олиб борилса. Мана шу нарса ўта зарур деб ўйлайман.

Нима учун рақамли бошқарув деган корхона гидроэнергетика билан шуғулланади? Гидроэнергетика билан шуғулланиши керак бўлган алоҳида вазирлик бўлган ҳолатда нима учун «Ўзбекистон темир йўллари» деган юк ташиши керак бўлган, йўловчи ташиши керак бўлган ташкилот тендер қилмасдан, қанақадир қурилиши керак бўлган гидроэнергетика объектини олади-да, қурилишда уни бошқа корхонага беради. Ўзи қилмайди. У олган корхона яна бошқасига беради. Охирида кимнингдир ўғли раҳбар бўлган қандайдир хусусий корхоналарга кетиб қолади. Нега? Қандай қилиб?

Ўйлайманки, бу тизимли муаммо. Тизимли муаммоларда бизнинг қонун чиқарувчи органимиз парламент, Олий Мажлис, Сенат фаол иштирок этиши лозим ва зарур деб ўйлайман. Чунки бу ижро механизмидаги камчилик эмас. Бу қонунчилик базасидаги камчилик.

Давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилишимиз керак. Ҳар бир давлат бошқарув органи ўзига мос ва ўзига хос бўлган фаолият билан шуғуллансин. Шунинг мажбурий механизмини яратишимиз керак.

Иккинчиси, боя айтиб ўтганимиз, давлат харидлари, давлат буюртмалари тизими, дедик, шаффоф бўлсин юз фоиз. Буни ҳам албатта, қонунчиликдан бошлаш керак. Давлат харидлари тизимидаги қонунчилик базаси тубдан қайта кўриб чиқилиши керак. Бу ерда Вазирлар Маҳкамасининг ваколатларини, вазирлик, давлат идоралари ваколатларини қонунчилик йўли билан чегаралаб қўйиш керак. Қўлида ваколати бўлмаса, жиноий жавобгарлик кўрсатиб ўтилсин.

Учинчи масала – меҳнат муносабатлари. Меҳнат кодексимизда бор. Ота ва ўғил, яқин қариндошлар бир-бирининг қўл остида ишлаши тақиқлангани. Демак, қонунчилик нуқтайи назаридан бунинг ҳам шаффоф тизимини яратишимиз керак. Зарурат бор экан. Нега ўша нарса Меҳнат кодексида кўрсатиляпти, жазолаш механизми йўқ? Хўп, мен давлат ташкилоти раҳбари бўлиб, ўз ўғлимни ишга олсамда, унга қанақадир молиявий ваколатлар берсам. Мени нима қилиб жазолайди? Қандай жазо санкцияси бор менга, деган саволга жавоб йўқ. Ўйлайманки, бу ҳам бир масала.

Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилган шунақа техноген ва табиий офатлар пайтида аҳолини огоҳлантириш тизими. Қани? Йўқ! Балки бордир. Мен билмайман, ҳеч қачон кўрмаганман. Ўйлайманки, бу жуда ҳам катта сабоқ бўлиши керак. Одамаларга тезда хабар бера олиш керак. Жудаям катта муаммо - зарарни баҳолаш тизими йўқ.

Нечта уй вайрон бўлди? Улар тикланишига қанча маблағ кетади? Бу нарсани тезлик билан оператив равишда ҳисоблаш керак эди. Мана қозоқ биродарларимиз, қўшниларимизга қойил қолдим. Пул ажратилиб, қурилишни бошлашди. Нега бизда ҳали зарар қиймати эълон қилингани йўқ?

– Қозоғистонда ҳам уйларга, ҳам экин майдонларига етказилган зарар кўлами аллақачон пулга чақилиб эълон қилинди...

– Мана шуни айтмоқчиман. Бир табиий офат ёки техноген огат юз берса, унинг оқибатларини баҳолаш механизми йўқ ва уни компенсация қилиш механизми ҳам йўқ. Қанақа қилиб, кимнинг ҳисобидан берамиз? Мен жудаям ўз ватанимни севаман. Ўзбекистон деган бир буюк имкониятлар давлатида наҳотки фуқароларининг бошига иш тушса, уларга ёрдам бера оладиган бюджетда маблағ топилмаса? Кимдир, бошқа давлатнинг фуқароси пул берса, биз хурсанд бўлсак. Мен уялдим бундан. Хурсанд бўладиган иш эмас бу.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Мавзуга оид