Ўзбекистон | 19:09 / 22.05.2020
83861
5 дақиқада ўқилади

Навоийда аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари ортмоқда. Вазирлик ҳушёрликка чақирди

Навоий вилоятида сўнгги кунларда эпидемиологик вазият оғирлаша бошлади. Вилоятда сўнгги икки ҳафтада жами 64та янги зарарланиш ҳолати қайд этилган ва бирорта ҳам бемор тузалиб чиқмаган.

Навоийда бугун ҳозирча 15 кишида вирус аниқланди, сўнгги уч кунда жами 37 кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, вилоятда қайд этилаётган ҳолатлар хориждан келганлар билан боғлиқ эмас, касаллар хориждан келиб карантинга олинганлар орасида эмас, аҳоли орасида аниқланмоқда.

Ҳозирда беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар белгиланган тартибда қатъий карантинга олинган.

Маълум қилинишича, Зарафшон шаҳри касаллик ўчоғи бўлиб турибди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоий вилоятида аҳоли орасида коронавирусга чалинишлар сони ортаётганига эътибор қаратиб, аҳолини карантин тадбирлари бирмунча юмшатилганидан тўғри хулоса чиқариб, ҳамиша ҳушёр бўлишга чақирди.

«Айни пайтда Навоий вилоятида 66 нафар коронавирусга чалинган беморлар қайд этилиб, уларнинг барчаси ушбу ҳудудда касалликка чалинган, уларнинг орасида хориждан келганлар йўқ. Шундан 2 нафари соғайган бўлса, қолган 64 нафари даволанмоқда. Навоий вилояти бор йўғи 3 фоиз соғайиш кўрсаткичи билан касалликдан даволаниш бўйича мамлакатимизда энг сўнгги ўринда бормоқда. Ваҳоланки, юртимизда соғайиш кўрсаткичи 81 фоиздан ошган.

Карантин қоидаларига қатъий риоя этилмаганлиги оқибатида вилоятда сўнгги икки ҳафтада касалликка чалинганлар сони кескин ошди. Мисол учун, 20 май куни 17 нафар, 21 май куни 5 нафар қайд этилган бўлса, бугун соат 10:00 ҳолатига яна 15 нафар фуқарода касаллик тасдиқланиб, вилоятда сўнгги уч кунда вирус юқтирганлар 37 нафарга кўпайди. Касаллик тарқалишининг асосий ўчоғи Зарафшон шаҳри бўлиб турибди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Навоий вилояти, шунингдек, бошқа коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланаётган бошқа ҳудудларда карантин қоидаларини кучайтириш, Миллий гвардия, Мудофаа ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамда маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни самарали даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида изчил фаолият олиб борилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Айни ҳолатда нафақат Навоий ёки Самарқанд вилоятлари, балки республиканинг барча ҳудудларидаги аҳоли ҳам ҳушёр бўлиши, бундан тўғри хулоса чиқариши талаб этилади.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги, яна бир бор, карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларингизни тез-тез ва яхшилаб ювиш, қўлни кўкракка қўйиб саломлашиш, тиббий ниқоб тақишда давом этиш каби қоидаларга қатъий амалга қилишларингизни сўрайди. 

Шунингдек, муборак Рамазон ҳайити байрами арафасидамиз. Вазирлик ушбу муқаддас кунда гуруҳ-гуруҳ бўлиб, хонадонма-хонадон юришларни чеклаш, турли маросимларни ўтказмасликни қатъий сўраб қолади. Чунки атрофимизда касалликка чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Демак, сиз ҳам касалликка чалинишингиз, уйга келиб, оила аъзоларингизга юқтиришингиз эҳтимоли катталигини асло унутманг. Бу эса жуда жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Коронавирус юқтириб олишнинг эҳтимолий хавфидан ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг», дейилади вазирлик огоҳлантиришида.

Маълумот учун, Навоийда илк ҳолатлар 31 март куни аниқланганди. Уларнинг бири 25 апрель куни тузалганди, 4 май куни иккинчи бемор ҳам соғайиб чиққан ва Навоий коронавирусдан холи ҳудудга айланганди.

6 май куни Республика махсус комиссияси қарорига кўра Навоий «яшил» ҳудуд сифатида белгиланди.

Аммо 8 майда Навоий шаҳрида карантин тадбирлари янада кучайтирилгани хабар қилинди.

9 май куни вилоят ҳудудида янги касалланиш ҳолатлари аниқлана бошлади.

9 май куни республикадаги ҳудудлар шаҳар ва туманлар кесимида «яшил», «сариқ» ва «қизил» ҳудудларга ажратилди. Унга кўра, Навоийнинг бирор ҳудуди «қизил» ҳудуд сифатида белгиланмаганди - Зарафшон шаҳри ва Хатирчи тумани «сариқ» ҳудудлар қаторига киритилган, вилоятнинг бошқа қисмлари эса «яшил» ҳудудлар сифатида қолдирилган.

Республика махсус комиссиясининг 14 майдаги қарори билан Ўзбекистонда амалдаги карантин талаблари 2020 йил 1 июнга қадар узайтирилди.

Мавзуга оид