Ўзбекистон | 21:49 / 22.05.2020
15380
2 дақиқада ўқилади

Президент Андижон халқаро аэропортига хусусий инвесторлар жалб этиш бўйича кўрсатма берди

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти ва туманлари ҳокимлари, иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда кўп вақтдан бери фаолият юритмаётган Андижон халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш бўйича кўрсатма берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

«Андижон халқаро аэропорти фаолият юритмаётгани сабабли, фуқароларимиз қўшни давлат аэропортлари орқали хорижга учишга мажбур бўлмоқда.

Масъул вазирлик ва ташкилот раҳбарлари бир ой муддатда Андижон халқаро аэропортига хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда давлат хусусий шерикчилиги асосида унинг фаолиятини қайта тиклаш бўйича аниқ таклиф тайёрласин. Бунда Андижондан бошқа вилоят марказларига ҳам ички авиарейслар ташкил этилиши кўзда тутилсин», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Андижон халқаро аэропорти 2018 йил октябрида вақтинчаликка фаолиятини тўхтатганди. 

2019 йил майида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Kun.uz’га берган интервьюсида  аэропортда учиш-қўниш йўлаги охирги марта 1980 йилда, перрон 1985 йилда таъмирлангани, аэропортда реконструкция ишлари олиб борилиши ҳақида айтиб ўтганди.

2019 йил августида Андижонда йилига 4,5 млн йўловчига хизмат кўрсатувчи халқаро аэропорт қурилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

2019 йил декабрида аэропорт бир йиллик танаффусдан сўнг ўз фаолиятини қисман тиклади.

Мавзуга оид