Жаҳон | 21:48 / 24.05.2020
32196
12 дақиқада ўқилади

Ҳонгконг ва партия муштарак: Пекин шаҳарнинг сўнгги эркинликларини янчишга тайёрланмоқда

Хитойда коронавирус пандемияси қарийб бартараф этилгач, Ҳонгконгда яна норозилик намойишлари авж олмоқда. Хитой коммунистик партияси шаҳардаги мухолифатга қарши тўғридан тўғри репрессия уюштирилишига шароит яратмоқда, деб ёзади Republic.

Намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувлари, 2019 йил / Фото: Ng

Ўтган йилнинг ёзида ва кузида Ҳонгконгни ларзага келтирган кўпмиллионлик аксилпекин норозилик намойишларидан сўнг Хитой ҳукумати сиёсий масалаларда тўлиқ автоном бўлган шаҳарга босимни кучайтирди.

21 май куни очилган Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши (БХВЙ) сессиясида компартия раҳбарияти Ҳонгконг хавфсизлиги тўғрисидаги қонуннинг янги лойиҳаси тақдимотини ўтказди.

Танқидчиларга кўра, бу меъёр «бир мамлакат — икки тизим» моделининг интиҳоси бўлади ва Хитойга худди материкдагидек репрессив механизмларни Ҳонгконгда ҳам қўллаш имконини беради.

Лекин ҳонгконгликлар осонликча таслим бўлмоқчи эмас.

Қонунда нима ёзилган

21 май куни кечқурун Пекинда Хитой парламенти — БХВЙнинг 31-сессияси очилди.

Унинг аксарият вакиллари коммунист делегатлар бўлиб, қолганлари — хайрихоҳ касаба уюшмаси вакиллари, кичик марионет партиялардан сайланганлардир.

Биринчи кунданоқ БХВЙ доимий қўмитаси раиси ўринбосари Ванг Ченг шаҳар барқарорлигига рахна солаётган «Ҳонгконг мухториятига жиддий миллий хавфсизлик таҳдидлари» мавзусида ҳисобот билан чиқиш қилди.

Ванг Ченг / Фото: news.cn

1990 йилда Хитой ва ўша вақтгача шаҳарга эгалик қилиб келган Буюк Британия ўртасида тузилган битимга асосан қабул қилинган Ҳонгконгнинг асосий қонунида мухторият ҳокимияти экстремизм, давлатга хоинлик ва айирмачилик тўғрисидаги қонунларни мустақил тартибга сола олиши мумкинлиги белгиланган.

Лондон ва Пекин ўртасида тузилган шартномага кўра, бу шартлар 2047 йилгача — Ҳонгконг Хитой таркибига оддий провинция сифатида қўшилишига қадар амалда бўлиши лозим.

Бироқ, Ванг Ченгнинг сўзларига кўра, Ҳонгконг ўз қонунларини шу вақтгача қабул қилмаган ва миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан «ҳимоясиз» бўлиб қолган. Шунинг учун Хитой «Ҳонгконг мухториятини бўйсундириш механизмлари ва ҳуқуқий тизимини яратиш ва такомиллаштириш учун давлат даражасида керакли чораларни кўриши зарур».

Мулозимнинг фикрича, бундай «ёрдам» Ҳонгконг ва Макаонинг автономиясини таъминловчи «бир мамлакат — икки тизим» принципига ҳам, шаҳарнинг асосий қонунига ҳам асло зид эмас.

Ванг Ченг қонун лойиҳасини изоҳлаб берган. Унинг кириш қисмида ҳам, биринчи моддасида ҳам «бир мамлакат — икки тизим» принципига содиқлик ҳамда Ҳонгконг мухториятининг дахлсизлиги таъкидлаб ўтилган. Бироқ қонун лойиҳасининг кейинги моддалари унга тамомила зид.

Масалан, иккинчи модда «Ҳонгконг ишига хорижий ва ташқи кучларнинг ҳар қандай аралашуви»ни тақиқлайди ҳамда ХХРга бундай аралашувларга қарши курашиш ваколатини беради.

Тўртинчи модда ҳам ўта баҳсли. Унга кўра, материк қисмдаги Хитой ҳукумати Ҳонгконг ҳукуматининг «миллий хавфсизлик тизимини тузиш» борасидаги саъй-ҳаракатларини назорат остига олади, шунингдек, тўғридан тўғри «Ҳонгконгда зарур мажбуриятларни бажарувчи агентликларни ҳам ташкил этади».

Қонун нега керак бўлди?

Бу қонун қабул қилинишининг бош сабаби – Ҳонгконгда бир йилдан зиёд вақт мобайнида юз бераётган кенг миқёсли норозилик намойишларидир.

Намойишлар 2019 йилнинг баҳорида — Пекинга бўйсунувчи Ҳонгконг ҳукумати жиноятчиларни Хитой ва Тайванга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қонунни парламентга киритганидан сўнг бошланган.

Пекинга қарши кайфиятдаги ҳонгконгликларнинг фикрича, бу меъёр Хитой ҳукуматига демократик сиёсатчилар ва фаолларни бемалол қатағон қилиш имконини беради.

Уларнинг ташвиши асосли эди — материкдаги Хитой Ҳонгконг мухолифатини бир неча марта эзишга ҳаракат қилган. Масалан, 2016 йилда ХХРни танқид остига олувчи адабиётлар сотувчи китоб дўкони эгаси йўқолиб қолган. У бир неча ойдан сўнг пайдо бўлиб, ХХР ҳудудидаги махфий қамоқхонада сақлангани, у ерда Хитой махфий хизмати уни қатъий тергов қилгани, ниҳоят дўкон харидорлари исмлари эвазига уни қўйиб юборишганини айтиб берган.

Намойишлар 2019 йилнинг мартида бошланиб, коронавирусга қарши жорий этилган карантинга қадар давом этди. Дастлабки акциялар бир неча юз кишини тўплаган бўлса, ёзнинг охирларида кўчага 2 миллион киши — автоном-шаҳар аҳолисининг учдан бир қисми чиқди.

Пекин томонидан тайинланган деб қараладиган Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Кэрри Лим имкон қадар қаршилик кўрсатди, полиция ўқотар қурол ишлатишдан бўлак кўча намойишларини бостиришнинг барча усулларидан фойдаланиб кўрди. Кучишлатар тизимлардан ташқари намойишчиларга триада — ХХР билан сўнгги ўн йилликда ҳамкорлик қилиб келаётган хитойлик халқаро мафиоз тизими вакиллари ҳам ҳужум қилиб кўрди.

Октябрь ойида намойишчилар ўз ниятларига етишди: экстрадиция тўғрисидаги қонун Ҳонгконг парламентидан чақириб олинди. Бироқ, намойишлар бу билан тугамади — энди демократик мухолифат Ҳонгконгда ялпи ва тўғридан тўғри сайлов жорий этишни ўз мақсади сифатида белгилаб олди.

Айни пайтда мухториятда депутатларни сайлашнинг корпоративистик тизими амалда бўлиб, мандатларнинг катта қисмини Пекин билан аффилланган йирик бизнес вакиллари эгаллашган. Маъмурият раҳбарини махсус комиссия тайинлайди, комиссияни эса 6 фоиз фуқаролар сайлайди, ундаги аксарият курсиларга компартия ва у билан боғлиқ ташкилотлар вакиллари ўтиришади.

Ҳонгконг мухолифатининг чинакам зафари 24 ноябрь куни бўлиб ўтган муниципал сайловлар бўлди — «Пан-демократик коалиция» аъзолари 85 фоиз мандатларни эгаллаб, шаҳарнинг 18та муниципалитетидан 17тасида кўпчилик овозларни тўплашди (аввалги сайловларда Пекинга хайрихоҳ партиялар шундай кўрсаткич қайд этишган эди).

Ҳонгконгдаги муниципал кенгашлар ҳеч қандай ҳокимиятга эга эмас, шунчаки ижроия ҳокимиятига маслаҳат бериб туради. Бироқ айнан улар ўз таркибидан мухториятнинг қонунчилик кенгашининг жами 70 депутатидан 35 нафарини сайлаб беришади. Кенгашнинг кейинги таркиби 2020 йил сентябрида шакллантирилади — агар мухолифат депутатларнинг иккинчи ярмини сайловчи «функционал гуруҳлар»нинг ақалли бир нечасини ўз томонига оғдира олса, аксилпекин кучлари мухторият тарихида илк бор мутлақ кўпчилик мандатга эга бўлади.

Пандемия шароитида Ҳонгконг ҳукумати раҳбари Кэрри Лам маъмурияти мухолифатга босимни кучайтирди — 2019 йилги намойишларда бошчилик қилган 15 нафар энг машҳур демократик етакчилар аввалдан келишилмаган митинглар уюштиришгани учун ҳибсга олинди.

Ҳонгконг ва Макаони тадқиқ этиш Хитой ассоциацияси вице-президенти Лау Сиу-кай ўшанда ушбу кечиккан қатағон чораси ХКП МҚ 4-пленумида ишлаб чиқилган Пекиннинг Ҳонгконгга нисбатан сиёсатини қатъийлаштириш бўйича фақат биринчи босқич бўлишини айтган эди.

«Пленумдан сўнг Пекиндагилар Ҳонгконгдаги бошбошдоқликка биттада ва тоабад нуқта қўйиш қатъияти билан тўлиб тошишди», — деган эди Лау.

Мухолифатчилар ҳибсга олингач, Пекиннинг Ҳонгконгдаги вакиллари мухториятнинг миллий хавфсизлик тизимида «сезиларли камчиликлар» ҳақида гапира бошлашди.

Парламентдаги муштлашув ва тарих талқини

Сўнгги ойларда Ҳонгконг раҳбарияти демократик эркинликларга янада фаолроқ рахна солмоқда. 18 май куни парламентда муштлашув рўй берди — Пекинга хайрихоҳ депутатлар мухолифатдаги ҳамкасбларини парламент соқчилари ёрдамида залдан қувиб чиқаришди ва қонунчилик бўйича қўмита раҳбари учун овоз бериш жараёнини уларсиз ўтказишди.

Фото: EPA

Май ойи ўрталарида Ҳонгконг таълим бюроси битирув имтиҳонлари учун тарих фанидан тайёрланган саволлар орасидан 1900–1945 йилларда Япониянинг Хитой тараққиётидаги роли ҳақидаги саволни олиб ташлашни талаб қилиб, бу савол «Хитой халқининг ор-номусини ҳақорат қилиши мумкин»лигини таъкидлаган.

Ҳонгконглик сиёсий шарҳловчи Люис Лау Ю-маннинг фикрича, тарихнинг бундай талқин қилиниши материкдаги Хитой мафкураси сингдирилган ўқув дастурларига мос. Унда Япония хитой миллатининг цивилизацион душмани сифатида кўрилади. Ҳонгконг тарихи фани эса нафақат япон оккупациясининг зарарли томонлари, балки хитой маданиятини бойитишга хизмат қилган икки халқ ўртасидаги алоқаларни ҳам ўрганишга одатланган.

19 май куни Ҳонгконг жамоатчилик телевидениеси шаҳар маъмурияти талабига кўра полициячилар устидан ҳажв қилингани учун «Headliner» сатирик шоусини эфирдан олган.

Шаҳарда айни дамда COVID-19га чалинган 35 нафар касал бўлишига қарамасдан, жамоат саломатлигини ҳимоя қилиш важи билан ҳукумат сўнгги 30 йил ичида илк бора 4 июнь куни ўтказиладиган, 1989 йили Пекиндаги Тяньаньмэнь майдонидаги қон тўкилишига бағишланган хотира акциясини бекор қилган.

«Хитой коммунистик партияси сабрсизлик билан олға интилмоқда. У нафақат Ҳонгконгни назорат қилмоқчи, балки ҳонгконгликларнинг онги ва жонини қайта ишлашни истайди», — дейди Лау Ю-ман.

Энди нима бўлади?

Қонун лойиҳаси БХВЙ томонидан тасдиқлангач, у Ҳонгконг асосий қонунининг III иловасига қўшилади — у ерда қитъада жойлашган Хитой ва мухториятда бирдек амал қилувчи қонунлар жамланмаси келтирилган. Ҳозир бу рўйхатда герб, миллий байрамлар, фуқаролик ва ички денгизлар тўғрисидаги беғараз меъёрлар мавжуд.

Техник томондан олиб қаралганда, қонун БХВЙ томонидан маъқуллангач кучга киради, бироқ Пекин уни Ҳонгконг қонунчилик кенгаши тасдиғидан ўтказишга ҳам уриниб кўради.

Экспертларнинг фикрича, қонун Ҳонгконгда қатағон ва цензура кучайишига олиб келади.

«Бу берилган ваъдани чидаб бўлмас даражада бузишдир. (Бу ваъдани Пекин 1997 йилда — Ҳонгконгни Буюк Британиядан кенг автономия ҳуқуқида қабул қилиб олганда берган. — Republic). Улар қонунчилик жараёнини тўлиқ бузмоқда ва бузуқ тартибни таклиф қилмоқда», — дейди Ҳонгконг Асосий қонуни муаллифларидан бири ва мухолифатдаги Демократик партия етакчиси Мартин Ли.

«Хитойда «миллий хавфсизлик» тушунчаси ва у билан боғлиқ «терроризмга қарши кураш» каби терминлар инсон ҳуқуқларини турли-туман бузилиши, жумладан, диссидентлар, активистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қамоқхоналарга тиқиш каби хатти-ҳаракатларни оқлаш учун фойдаланилаётгани кишини ташкишга солмасдан қолмайди», — дейди ҳонгконглик адвокат Уилсон Леунг.

Пекиннинг ташаббусини Доналд Трамп ҳам қоралаб чиқди ва агар қонун қабул қилингудек бўлса, АҚШ «қатъий муносабат билдириши»ни ваъда қилди.

Конгресснинг ҳар икки партиясидаги қонуншунослар Хитойга қарши санкцияларни кучайтириш имкониятлари ҳақида гапиришмоқда.

Давлат котиби Майк Помпео Пекиннинг ташаббусини «фалокатли» деб атади ва Конгресснинг таҳлилий хизматлари ушбу қонуннинг қабул қилиниши Ҳонгконг демократик эркинликлари учун қандай оқибатлар келтириб чиқариши ҳақида ҳисобот чоп этишини ваъда қилди. Агар вазият салбий деб баҳоланса, АҚШ автоном шаҳарга тақдим этган барча савдо имтиёзларини бекор қилади.

Яъни «Бир мамлакат — икки тизим» йўқ қилинадиган бўлса, Хитойнинг барча ҳудудлари бутун бир мамлакат сифатида қабул қилинади.

Бироқ Ҳонгконг мухториятининг бош кафолати — Буюк Британия жим.

Британия ТИВ раҳбари Доминик Рааб «вазиятни синчковлик билан кузатаётгани» ҳамда «Хитойдан «бир мамлакат — икки тизим» принципини ҳурмат қилишни кутиб қолиши» ҳақидаги баёнотлар билан чекланди.

Ҳонгконгнинг сўнгги британиялик губернатори Крис Паттен Британияни қатъийроқ муносабатда бўлишга чорлади: «Биз Хитойга бу иш жуда ёмон эканини англатиб қўйишимиз керак».

Ҳонгконгликларнинг ўзлари эса янги намойишлар тўлқинига тайёрланишмоқда. Ўтган йилги митингларда асосий ролни ўйнаган қуйи ҳаракат — Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги фуқаролик фронти яқин кунларда шаҳар кўчаларига 2 миллион кишини олиб чиқишни аллақачон ваъда қилган.

Мавзуга оид