Жаҳон | 09:24 / 28.05.2020
4150
2 дақиқада ўқилади

Twitter раҳбари америкалик оилаларга 10 млн доллар хайрия қилди

Twitter раҳбари Жек Дорси коронавирус пандемияси сабабли юзага келган инқироздан жабр кўрган америкалик оилаларга пуллар тарқатадиган Project 100 хайрия жамғармасига 10 млн доллар хайрия қилди. Ушбу жамғарма бу пулларни 10 минг кишига тарқатади. 

Фото: AFP/Getty Images

Умуман олганда, Дорси пандемия вақтида энг саховатпеша миллиардерга айланди: у апрелда ўшандаги умумий бойлигининг учдан бир қисми – 1 млрд долларни коронавирусга қарши курашга йўналтиришга ваъда берганди. 

Project 100 коронавирус пандемиясидан жабр кўрган америкалик оилаларга 1000 доллардан пул тўлайди. Ушбу лойиҳа GiveDirectly, Propel ва Stand for Children нотижорат ташкилотларининг умумий лойиҳаси ҳисобланади. Forbes’нинг маълум қилишича, GiveDirectly 7 йилдан бери бутун дунё бўйлаб муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаб келади. Лойиҳа сайтида маълум қилинишича, у 84300 оилага молиявий ёрдам кўрсатган. Лойиҳанинг мақсади 100 минг америкалик оилага ёрдам беришдан иборат. Ёрдам олувчи оилалар озиқ-овқат учун талонлар берилиши ортидан кузатишда қўлланувчи Fresh EBT дастури фойдаланувчилари орасидан тасодифий равишда танлаб олинади. 

Ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаган таниқли кишилар орасида миллиардер Линн Шустерман ва Blue Meridian Partners нотижорат ташкилоти, Microsoft’нинг собиқ бош директори Стив Балмер, Google асосчиси Сергей Брин ва дунёнинг энг бой одами Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси Маккензи Безос бор.

Апрелда 44 ёшли Жек Дорси коронавирусга қарши курашга умумий бойлигининг учдан бир қисмини - 1 млрд доллар йўналтиришини маълум қилганди. Ҳозирда унинг бойлиги 4,8 млрд долларга баҳоланмоқда. Пандемиядан кейин ушбу пуллар аёллар саломатлиги, таълим ва ижтимоий соҳалардаги лойиҳаларга йўналтирилади. Бунгача тадбиркор турли ташкилотларга 85 млн доллардан кўпроқ маблағ ажратган. 

Аввалроқ Дорси бутун бойлигини хайрия қилишни режалаштираётганини маълум қилганди. 

Мавзуга оид