Жамият | 07:49 / 05.06.2020
52770
4 дақиқада ўқилади

Сирдарёда шифокорлар 6 нафар шахс томонидан калтакланди

Ҳолат юзасидан Сайхунобод туман ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 4 июн санаси Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли «Бирлашган» тез тиббий ёрдам шохобчаси навбатчи врачи ва навбатчи фельдшери билан кўнгилсиз ҳодиса юз берди.

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилоят филиалида ўрнатилган «Call»-марказига Сайхунобод тумани Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро А.Б.нинг тоби қочганлиги боис ўша маҳалла ҳудудидан ўтувчи канал бўйига тез тиббий ёрдам сўраб, тунги соат 00:13да мурожаат қилинган.

Натижада, Республика шошилинч ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиали тез тиббий ёрдамнинг «Call»-маркази чақирувни Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли «Бирлашган» тез тиббий ёрдам шохобчасига узатган.

Гулистон шаҳридаги тез тиббий ёрдамнинг «Call»-марказига келиб тушган чақириққа асосан «Бирлашган» тез тиббий ёрдам шохобчасининг «Дамас» русумидаги тез тиббий ёрдам автомашинасида навбатчи врач Ж.О. ва навбатчи фельдшер В.Н. чақириқ манзилига тунги соат 00:21да етиб боришади.

Чақириқ манзилида эса 6 нафар маст ҳолатдаги фуқаролар кутиб олишади ва етиб келган навбатчи фельдшер ҳамда навбатчи врачни машинадан тушиши билан сабабсиз калтаклашади. 

Натижада, 1992 йилда туғилган навбатчи врач Ж.О. «БМЁЖ Бош мия чайқалиши. Ўнг қош соҳаси эзилган-йиртилган жароҳати. Ўнг кўз параорбитал гематомаси. Кўкрак қафаси ўнг томонлама юмшоқ тўқимаси лат ейиш» ташхиси билан ҳамда 1976 йилда туғилган навбатчи фельдшер В.Н. «БМЁЖ. Бош мия чайқалиши. Ўнг қўл В-кафт суягининг асосидан ёпиқ синиши. Чап чакка соҳаси бурун ва чап ёноқ соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши. Юқори лаб ички ва ташқи юзаси тери ости гематомаси. Ўнг кўз пастки қовоқ соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши» ташхиси билан Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига тунги соат 02:00да ётқизилди. 

Туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими шифокорлари врач Ж.О. ва навбатчи фельдшер В.Н.га тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди. 

Ушбу ҳодиса иштирокчиси бўлган 1980 йилда туғилган фуқаро Ш.Қ. ва А.Б.ни тунги соат 02:00да туман ички ишлар бўлими ходимлари Сайхунобод тумани ТТБ олиб келишганида улар ўта маст ҳолатда бўлган. 

Маст ҳолатида бўлган 1973 йилда туғилган А.Б.нинг ўнг тизза бўғими соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши ва шилингани боис унга туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими навбатчи шифокори, врач-хирург Жўрабой Аширов томонидан амбулатор ёрдами кўрсатилган.

Айни чоғда ушбу ҳолат юзасидан Сайхунобод туман ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид