Жамият | 22:55 / 05.06.2020
7365
2 дақиқада ўқилади

Вазирлик: Сув тошқини учун компенсация олувчиларнинг иккинчи рўйхати шакллантирилган

Ҳозирга қадар «Сардоба» сув тошқинида зарар кўрган 4025та оила 161 миллиард сўмлик сертификатлар билан таъминланган. Яна 505та оилага сертификатларни етказиш ишлари олиб борилмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева Сардобадаги сув тошқинида зарар кўрган аҳолига тарқалиётган моддий ёрдам пуллари ҳақида маълумот берди.

«Сув тошқинидан жабрланган ҳар бир оилага моддий ёрдам сифатида берилган 40 миллион сўм пул маблағларини ўз эгаларига етказиш ишлари олиб борилмоқда. Дастлаб, сертификат учун Мирзаобод туманидан 1 090, Оқолтин туманидан 1 264, Сардоба туманидан 1 540, жами 3894 нафар фуқаро рўйхати шакллантирилди», деди вазирлик вакили АОКАда ўтказилган брифингда.

Бундан ташқари, рўйхат шакллантириш учун қайта ўрганиш ишлари ташкил этилиб, яна 1 193 нафар фуқаро ҳам моддий ёрдам олувчилар сифатида тоифаланган.

Таъкидланишича, сув тошқинидан сўнг ўз яшаш манзилларига қайтиб борган аҳолининг ҳам яшаш жойларида кейинчалик зарарланиш ҳолатлари қайд этилгани туфайли иккинчи рўйхат шакллантирилган.

«Масалан, уй деворларининг қулаши ёки жиҳозларнинг зарарланиши каби ҳолатлар кейин намоён бўлган. Шунинг учун ҳам моддий ёрдам олиши лозим бўлган фуқаролар рўйхати қайта шакллантирилди», - дея таъкидлади Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакили.

Ҳозирга қадар Мирзаобод туманидаги 1071та оилага 42 миллиард 840 миллион сўмлик, Оқолтин туманидаги 1256та оилага 50 миллиард 240 млн сўмлик, Сардоба туманидаги 1698та оилага 67 миллиард 920 миллион сўмлик пул маблағлари пластик карталари орқали етказилган. Умумий ҳисобда 4025та оила 161 миллиард сўмлик сертификатлар билан таъминланган.

Шунингдек, яна 505та оилага сертификатларни етказиш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид