Ўзбекистон | 18:35 / 08.06.2020
67483
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги «яшил» туманлардан бирида вирус аниқланиб, 2та объект вақтинча ёпилди

Ўрта Чирчиқдаги карантин зонасида кўнгилли асосда ишлаган пскентлик ҳамшира коронавирус юқтириб олди.

Фото: Пскент туман ҳокимлиги

Пскент туман тиббиёт бирлашмаси Туғруқ уйида ҳамшира бўлиб ишловчи С.А. да коронавирус инфекцияси аниқланди. У Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги махсус карантин зонасида кўнгилли сифатида ишлаб келган.

Шу муносабат билан Туғруқ уйи 7 июнь куни профилактик дезинфекция тадбирлари ўтказиш учун ёпилиб, туман СЭОМ дезинфекторлари томонидан тўлиқ зарарсизлантириш ишлари олиб борилди, деб маълум қилди туман СЭОМ бош шифокори Моҳирахон Убайхонова.

«Бемор билан бирламчи мулоқотда бўлган барча фуқаролар уй шароитида карантинга қўйилиб, вирусологик таҳлил намуналари олинди. Хонадонларида тўлиқ профилактик дезинфекция ва тозалаш тадбирлари олиб борилди.

Айни вақтда ТТБ туғруқ уйи ва КТМП ИИБ томонидан қўриқловга олинган. Беморнинг оила аъзолари фаолият олиб борувчи гўзаллик салонининг фаолияти СЭОМ томонидан ўрганилиб, ДСЭНБ Пскент туман филиали томонидан тўхтатилди.

Бемор билан бирламчи ва иккиламчи мулоқотда бўлганлар рўйхати шакллантирилмоқда, касалликнинг олдини олиш борасидаги қўшимча маълумотлар бериб борилади», – дейилади пресс-релизда.

Маълумот учун, 8 июнь куни ҳудудларнинг 6 июндаги ҳолатига кўра эпидемиологик тоифалари эълон қилинди. Унда Пскент тумани «яшил» тоифада кўрсатилган.

2 ва 6 июнь кунги рўйхатлардаги тафовутга кўра, шу вақт оралиғида Тошкент вилоятининг Оққўрғон ва Чиноз туманлари тоифаси «сариқ»дан «қизил»га ўзгартирилган.

Эслатиб ўтамиз, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев 23 май куни Kun.uz'га берган интервьюсида коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимлари сони 300дан ошгани ҳақида маълум қилган эди.

Мавзуга оид