Жаҳон | 03:44 / 12.06.2020
9901
3 дақиқада ўқилади

Дэниел Розенблюм АҚШдаги намойишларга хайрихоҳлик билдирди

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюмнинг Қўшма Штатларда ирқий камситиш ва полиция зўравонлигига қарши давом этаётган намойишларга муносабат билдирди.

«Жорж Флойднинг ўлими катта фожиа бўлди, биз унинг оиласи ва жамоаси учун қайғудамиз. Бир полиция ходими қотилликда, яна уч нафари қотиллик содир этишга ёрдам бергани ва шунга ундагани учун айбланди, энди уларнинг иши судда кўриб чиқилади.

Бу ачинарли ҳол, аммо ҳақиқат шуки, бундай фожиали қотиллик бизнинг мамлакатимизда биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Гарчи АҚШ қонунлари ирқий камситишга қарши ҳимоя билан таъминласа-да, қуллик мероси тарихимизнинг аянчли бир бўлагидир. Жорж Флойд ўлими кўплаб жамоаларимизда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва кенг жамоатчилик ўртасидаги муносабатларда чуқур илдиз отган муаммоларга ниҳоятда катта эътиборни жалб қилди.

Ўтган икки ҳафта ичида биз кўрган кенг оммавий намойишлар бу воқеа Қўшма Штатлар ва дунёдаги бошқа мамлакатлардаги одамларга қанчалик чуқур таъсир қилганидан дарак беради. Тинч норозилик намойишлари фуқароларга адолатсизликка қарши чиқиш, раҳбарлардан жавобгарликни талаб қилиш ҳамда зарур сиёсий ва стратегик ўзгаришлар учун восита саналган сўз ва йиғилиш эркинлиги нақадар муҳим эканини кўрсатади.

Америка тарихи, 1950 ва 60-йиллардаги фуқаролик ҳаракатидаги ҳолат каби, норозилик намойишлари ва ижтимоий ҳаракатлар жамиятда муҳим силжишларга сабаб бўлганига оид мисоллар билан тўладир. Келиб чиқиши турлича бўлган америкаликлар бу ҳам бизнинг мамлакатимизга унинг асосчилари орзу қилганидек «янада мукаммал иттифоқ» тузишга эришиш имконини берадиган ҳамда «эркинлик ва адолат барча учундир» деган олий мақсадимизга янада яқинлаштирувчи бир фурсат эканига умид қилади.

Сўзимнинг якунида, бир неча элчи ҳамкасбларим, жумладан, мендан аввалги муҳтарам элчимиз Памела Спратлен ҳам имзолаган қуйидаги баёнотни сизлар билан бўлишмоқчиман», – дея Розенблюмнинг сўзларини келтирди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси.

Элчи ўз муносабати сўнгида эслаб ўтган қўшма баёнотга АҚШнинг 60 нафар собиқ қора танли элчилари имзо чеккан бўлиб, улар Қўшма Штатларда давом этаётган ирқий адолатсизликни қоралаб чиқишган.

Мавзуга оид