Жамият | 09:40 / 15.06.2020
23350
3 дақиқада ўқилади

Андижонда бозорлар очилди. Damas'ларга эса рухсат йўқ

Андижон вилоятидаги буюм бозорлари иш бошлаши учун рухсат берилди. Буюм бозорлари ва автомобиль бозори 14 июндан очилди.

Эрта тонгда вилоятдаги энг катта буюм бозори бўлган «Жаҳон бозори» савдо комплекси томон водийдаги энг оммабоп жамоат транспорти бўлган Damas`га ўтириб бордик.

Ҳайдовчи йўл бўйи кўзи олазарак бўлиб келди. Сабаби, ҳар қадамда ЙҲХ ходимлари автомашинани тўхтатиши ва жарима солиши мумкин.

Республика махсус комиссияси томонидан «яшил» ҳудудда бўлган Андижонда автобуслар учун ҳаракатланиш рухсат этилган, лекин транспорт хизмат кўрсатиш уюшмаларига ва Damas`ларга рухсат берилгани йўқ.

Ғалати ҳолат. Бозорлар очилган, уларга зарурат учун бормоқчи бўлган аҳоли учун ягона транспорт воситасига рухсат йўқ.

«Жаҳон бозори» савдо комплекси атрофдаги туманлардан аҳоли бозор бўладиган пайшанба ва якшанба кунлари оқиб келади. Ҳафтанинг бошқа кунлари эса шу ердаги улгуржи озиқ-овқат бозорида одам қайнайди.

Энг қизиғи, туманлардан бозорлар томон умуман автобус қатнови йўлга қўйилмаган. Чунки вилоятда автобус етишмайди.

Шундай қилиб, бозор атрофидаги тўла йўналишдаги Damas ҳайдовчилари қонунбузарга айланган. Бозордан қайтаётганимизда биз минган йўналишдаги Damas`ни ЙҲХ инспектори тўхтатди. Ходим ҳолатни тушунди, ҳайдовчига огоҳлантириш берди ва қўйиб юборди.

«Вилоятда 12 мингта йўналишда қатновчи Damas бор»

Андижон вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Адҳамжон Толаковнинг сўзларига кўра, айни пайтда Андижон вилоятида 150та автобус бўлиб, улардан 80таси техник соз ҳолатда.

«Ҳозирги ҳолатда фуқароларни транспортга бўлган эҳтиёжини қондириш учун вилоятга камида 900та автобус зарур. Карантиндан олдин вилоятда фаолият юритаётган уюшмаларда 12 мингтага яқин лицензияга эга Damas автомашиналари аҳолига хизмат қилаётган эди», дейди Толаков.

Транспорт хизматидаги мазкур масала нафақат бозорга бориш, балки турли юмушлар билан вилоятнинг қон томири бўлган йўлларда ҳаракатланувчи барча йўловчиларларнинг долзарб муаммосига айланган.

Шу ўринда Республика махсус комиссияси қарорини муҳокама қилишга мажбурмиз. Бизнингча, вилоятлардаги автобус паркининг сони ва ҳолатидан чиқиб хулоса қилинадиган бўлса, «яшил» ҳудуд бўлган Андижон ва Наманган вилоятларидаги Damas автомобилларига шароитдан келиб чиқиб, ҳаракатланиши учун рухсат берилиши зарур.

Ўйлаймизки, водий вилоятларидаги ҳолат мутасаддилар томонидан ўрганиб чиқилади.

Мавзуга оид