Жамият | 08:47 / 16.06.2020
20403
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz'да эълон қилинган ҳаётий ҳикоя қаҳрамонига вақтинча яшаш учун жой ажратилди

31 май куни Kun.uz'да «Аёл эмас, хизматкор керак, дейишди». Оддий аёлнинг оддий бўлмаган ҳикояси» сарлавҳаси билан ҳаётий ҳикоя эълон қилинганди. Унда бир аёлнинг аянчли тақдири ҳикоя тарзида баён этилган.

Ушбу ҳикоя эълон қилингач, ўқувчилар томонидан илиқ фикрлар билдирилди. Бир қатор юртдошларимиз ёрдам бериш истагини билдиришди. Бундан кўринадики, аёлнинг кечинмалари, қийинчиликлари одамларни бефарқ қолдирмаган.

Ҳикоя қаҳрамони қўшработлик Гулмира Қўшоқова турмуш ўртоғи билан одамларнинг уйида турли юмушларни қилиш эвазига кун кўриб келади. Ҳикоя эълон қилингач, ушбу масалага Самарқанд вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси  (ҲПБ) эътибор бериб, аёлнинг муаммосини ижобий ҳал қилиш масаласи бўйича суриштирув ишлари олиб борди.

Қўшработ тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосари Самандар Фозилов ушбу масала бўйича ахборот берди:

«Ўрганиш давомида Г.Қўшоқованинг муқим уй-жойи йўқлиги сабабли ҳозирда Қўшработ туман марказида иккинчи турмуш ўртоғи Алишер Халимов билан бирга ижарада яшаб келаётгани аниқланди. Г.Қўшоқова уй-жой масаласида 2019 йил май ойларида туман ҳокимиятига мурожаат қилган. Туман ҳокимияти томонидан уй ажратамиз дейилган вақтида «Обод маҳалла» дастури бошланиб, уй-жой масаласи орқага сурилган. Сўнг республика миқёсида карантин эълон қилинди ва жараён вақтинчалик тўхтаб қолди.

Г.Қўшоқовага 2020 йил 5 июнь куни «Чиммос» маҳалласида жойлашган, таъмирдан чиқарилган ва эски пишган ғиштдан қурилган қишлоқ поликлиникаси биносидан 3та хона ҳамда 6 сотих ер майдони туман ҳокимияти томонидан ажратиб берилди. Ушбу бино жами 12та хонадан иборат бўлиб, туман ҳокимияти ва маҳалла масъуллари томонидан далолатнома асосида яна 3та кам таъминланган оилага 3 хонадан тенг ҳолатда тақсимланиб, ушбу 4та оилага вақтинча яшаб туриши учун берилди.

Поликлиника туман тиббиёт бирлашмаси балансида бўлганлиги сабабли ҳозирда ушбу ажратиб берилган уй-жой ва ер майдони бўйича туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда», деди Самандар Фозилов.

Kun.uz мухбири Муҳаббат Маъмирова тайёрлади

Мавзуга оид