Ўқиганни қандай эслаб қолиш мумкин?
Мутолаа фойдали, унда олинган маълумотлар хотирада сақлаб қолинса ва амалда иш берса, икки карра фойдали.
Аммо ўқилган (айниқса, илмий-оммабоп, нон-фикшн йўналишдаги) китобни ўқиганда маълумотларни эслаб қолиш қийин. Бу паришонхотирлик эмас, табиий жараён. Мутолаа хотирада сақланиши учун бир неча усуллардан фойдаланиш мумкин.
Бевосита мутолаа жараёнида
Мутолаанинг ҳар 20 дақиқасидан кейин пауза қилган ҳолда «ўқиганимдан нималарни тушундим?» деган саволга жавоб бериш керак. Энг муҳим нуқталарни хаёлдан ўтказиш, имкони бўлса, китоб четига белги қўйиш мумкин.
Нега айнан 20 дақиқада? Немис психологи Герман Эббингауз инсон хотирасининг маълумотларни сақлаб қолиш жараёнини тадқиқ қилган. Тадқиқотга кўра, инсон қабул қилинган маълумотининг 40 фоизини биринчи 20 дақиқада, 60 фоизини 1 соатда унутади. Бир суткадан кейин эса маълумотнинг фақатгина 33-35 фоизи сақлаб қолинади.
Олинган маълумот биринчи 20 дақиқада қайта ишланмаса, бу маълумот хотирада сақлаб қолинмаслиги эҳтимоли юқори.
Маълумот хотирада яхшироқ муҳрланиши учун қайта ўқиш эмас, қайта сўзлаб бериш самаралироқ экани тадқиқотларда исботланган. Чунки гапириб бериш чоғида мия маълумотни бошқа ҳолат/маълумотлар билан ассоциация қилишга уринади. Уни шунчаки қабул қилмайди, балки қайта ишлайди.
Мутолаанинг биринчи кунини якунлагач, ўқилган маълумотнинг энг муҳим нуқталарини ёзиб чиқинг. Бу қуруқ конспект шаклида эмас, интеллектуал харита тарзида бўлса, қулайроқ ва қизиқарлироқ бўлади.
Хотирада муҳрлаш керак бўлган маълумотни кечқурун уйқудан аввал такрорлаш ҳам фойдали. Уйқудан аввал қабул қилинган маълумотни мия яхши эслаб қолади.
Мутолаанинг кейинги кунлари
Бунда сериалларда қўлланиладиган алгоритмдан фойдаланиш мумкин. Яъни сериалнинг янги сериясини бошлашдан аввал кечаги серияда нима бўлгани қисқа лавҳалар билан кўрсатиб ўтилади.
Янги кунда мутолаани давом эттиришдан аввал кеча ўқилган маълумотни бир хотирлаб олиш керак. Бунинг учун қўйилган белгиларга, бўлимлар номига кўз югуртириш фойда бериши мумкин.
Мутолаа якунлангач
Ўқиб қабул қилиинган маълумотни амалиётда қўллашни тезроқ бошлаш керак.
Уларни амалда қўллаш имкони бўлмаса-ю, маълумотни сақлаб қолиш муҳим бўлса, муайян интерваллар билан китобни қўлга олиб такрорлаб туриш фойдадан холи бўлмайди.
Мавзуга оид
00:05 / 26.10.2024
Италияда комадан уйғонган 63 ёшли эркак қарийб 40 йиллик ўтмишини эслай олмаяпти
15:18 / 17.09.2024
Нима учун ҳозиргина ўйлаган нарсамизни унутиб қўямиз?
15:38 / 12.09.2024
Ўқишда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкин? Олимлар жавоб берди
15:18 / 29.08.2023