Жаҳон | 12:51 / 18.06.2020
4733
2 дақиқада ўқилади

Saudi Aramco 69,1 миллиард долларга нефть-кимё компаниясидаги улушни сотиб олди

Саудия Арабистонининг миллий нефть компанияси Saudi Aramco Саудия Арабистони миллий фаровонлик жамғармаси Public Investment Fund’дан (PIF) Sabic нефть-кимё компаниясидаги улушни 69,1 млрд долларга сотиб олди. 

Фото: Reuters

Saudi Aramco компанияси Sabic’нинг 70 фоиз улушини сотиб олганини 17 июнда маълум қилди.

Компанияда таъкидланишича, у ушбу харид бўйича битим якунлангандан кейин жаҳон нефть-кимё соҳасидаги энг йирик ўйинчилардан бирига айланади.

Келишув шартларига кўра, PIF Aramco’га Sabic’даги улушни сотиб олиш учун кредит тақдим қилади. Кредит бўйича тўловлар 2020 йил августидан 2028 йил апрелигача қисмлаб амалга оширилади.
 
Хабарда маълум қилинишича, 2019 йилда Aramco ва Sabic умумий ҳисобда 90 млн тонна нефть-кимё маҳсулоти, жумладан қишлоқ хўжалиги ва махсус маҳсулотлар ишлаб чиқарган.  

Saudi Aramco Sabic’даги улушни сотиб олишини 2019 йил мартида эълон қилган.

Аввалроқ маълум қилинганидек, Saudi Aramco 2019 йил декабрда биржага чиқиб, дунёнинг энг қиммат компаниясига айланганди. Aramco акцияларини бирламчи жойлаштириш доирасида биржага 25,6 млрд долларлик акция чиқарган ва бу борада тарихий рекорд қайд қилган. 

Мавзуга оид