Ўзбекистон | 14:47 / 19.06.2020
31984
2 дақиқада ўқилади

«Ижтимоий тармоқда ҳар куни битта муаммо, лекин сенаторлар жим» – Норбоева

Сенат раиси Танзила Норбоева ҳудудларда кузатилаётган муаммоларга сенаторлар ва депутатларнинг бефарқлигини танқид қилди.

«Ҳудудлардаги сенаторлар, депутатлар марказдан ишчи гуруҳнинг келишини кутиб ўтирмасдан, муаммоларни сенат ёки маҳаллий кенгаш муҳокамасига киритиб бориши керак. Лекин тескариси бўляпти – биз ўзимиз бориб, муаммоларни қидириб топяпмиз. Маҳаллий кенгаш депутатларининг асосий вазифаси муаммолар портфелини қилиб, ишчи гуруҳ олдига қўйиши ёки жойлардаги сенаторлар орқали бизга мурожаат қилишлари керак.

Ижтимоий тармоқларга кириб кўринг – ҳар куни бир муаммо. Ички ишлар ходими кимнидир калтаклаган, у ўлиб қолган. Қайсидир ҳоким тадбиркорга зуғум қилган. Кимлардир мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Қаердадир фирибгарлар одамларни оммавий алдаган. Чегара ҳудудидаги аҳолимизни йиллар давомида тўпланган муаммолар қийнаб келган.

Бундай муаммоларни ҳамма муҳокама қилади, муносабат билдиради, хулосаларини айтади, лекин ўша ердаги сенаторларимиз жим. Улардан акс-садо ҳам чиқмайди. Ўша ерда сенатор борми, у нима дейди, бориб хабар олсин, дегандан кейингина шуғулланишни бошлашади.

Яхши ҳам ижтимоий тармоқлар бор экан, ҳамма нарсани очиқ кўрсатиб беришяпти. Аслида бу муаммоларни маҳаллий кенгаш сессияларида ёки сенат мажлисларида ўзимиз муҳокамага олиб чиқиб, ҳал қилишимиз керак. Депутатларнинг гапиришига, сенаторларнинг муҳокама қилишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ, ҳамма ваколатлар берилган. Лекин бизда эски услубда ишлаш кайфияти ҳали ҳам сақланиб қоляпти.

Барчангиздан сенаторлик фаолиятига жиддий қарашингизни талаб қиламиз», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид