Ўзбекистон | 20:05 / 19.06.2020
15443
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолисининг 83 фоизи канализациясиз яшаётгани маълум бўлди

Вазирлик маълумотига кўра, республика аҳолисининг 17 фоизи, вилоятлар марказларида яшовчи аҳолининг 67 фоизи канализацияга уланган.

Фото: KUN.UZ

Бугун, 19 июнь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедов канализация тизими ва истеъмол қилинган ичимлик сувини зарарсизлантириш борасидаги муаммолар ҳақида маълумот берди.

«Агар республикада кунига 4 миллион кубометр сув ишлаб чиқарилаётган бўлса, унинг 10-15 фоизи бевосита истеъмол қилинади, қолган сув эса ишлатилгандан сўнг канализация орқали чиқинди сифатида оқизиб юборилади.

Бу борадаги катта муаммо канализация тизими билан боғлиқ. Ҳозирги кунда республика аҳолисининг 17 фоизи канализация билан қамраб олинган. Шунинг учун амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларимизнинг асосий қисми ҳам канализация тизимини яхшилашга қаратилган», – деди Алипаша Аҳмедов.

Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, вилоятлар марказлари аҳолисининг канализация тизимига уланганлик даражаси 67 фоиз атрофида бўлиб турибди.

Бундан ташқари, канализация қувурлари орқали чиқариб юборилган сув зарарсизлантирилгач, очиқ ҳавзаларда сақланади. Ва унинг атроф-муҳитга зарар етказмаслиги муаммоси ҳам мавжуд.

«Жаҳон тажрибасида истеъмол қилинган сув асосан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун йўналтирилади. Бизда эса истеъмол қилинган сув очиқ ҳавзаларда сақланмоқда.

Масалан, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан истеъмол қилинган сувни қайта ишлаш учун алоҳида технологиялар зарур бўлади. Чунки улар сувдан фойдаланишда турли кимёвий воситалардан фойдаланишади. Бу каби ҳар бир ҳолатни ҳисобга олиб, сувни зарарсизлантириш ва қайта ишлаш тизимини ишлаб чиқиш ҳам олдимизда турган асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда», – деди Алипаша Аҳмедов.

Маълумот учун, 2019 йил сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги шаҳарларнинг фақат 79тасида (57 фоиз) канализация тизими мавжуд, унинг ҳам 23 фоизи таъмирга муҳтож.

2030 йилга қадар мамлакат аҳолисининг канализация билан қамраб олинганлик даражасини 31 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид