Навоийдаги тиббий марказ шифокорлари коронавирус юқтиргани тасдиқланди
Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вилоят фтизиатрия ва пульмоногия маркази ходимларида коронавирус инфекцияси топилгани ҳақда расман маълум қилди.
Ундан олдин ижтимоий тармоқларда шу марказ ходими Ўзбекистон Республикаси президентига мурожаат қилиб, тиббий марказда мазкур касалликка чалинганлар мавжуд экани, аммо яширилаётгани ҳақда мурожаат қилганди. Шунингдек, шифокорларда инфекция аниқланган бўлса-да, ҳеч қандай чора кўрилмаётгани баён этилган.
Мазкур мурожаатдан сўнг Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўрганиш ва суриштирувлар ўтказилган. Ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди.
«Тегишли мутахассислар томонидан олиб борилган ўрганиш ва суриштирув ишларига кўра, ҳақиқатан ҳам мазкур тиббиёт муассасасининг реанимация бўлимида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг бир неча нафарида коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг дастлабки ҳолатлари қайд этилгани ўз тасдиғини топган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2020 йил 23 июндаги 132-сонли буйруғига асосан Навоий вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказининг реанимация бўлими карантинга ёпилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўриққа олинган», дея маълум қилган Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўз муносабатида.
Шунингдек, муассасада фаолият олиб бораётган бошқа барча тиббиёт ходимлари, беморлар ҳамда улар билан яқин мулоқотда бўлган барча фуқаролар умумий назоратга олиниб, карантин тартиблари қатъийлаштирилган.
2 июль ҳолатига кўра, Навоий вилоятида жами 283та касалланиш ҳолати қайд этилган, шу вақтгача 240 бемор тузалиб чиққан.