«Коррупция, маҳаллий органларнинг эътиборсизлиги бугунги «снос»ларга сабаб бўлмоқда» – Бош вазир ўринбосари
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, коррупция, маҳаллий органларнинг ҳам эътибор қаратмагани, ҳамма-ҳаммаси бугунги «снос»ларга сабаб бўлмоқда. У бу ҳақда 2 июль куни журналистлар учун Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур доирасидаги брифингда маълум қилди.
«Ҳамма қонунни бузсак, масъуллар билан келишамиз деб ўйлаган. Ўзбошимчалик билан уй, «дача» қурганлар давлат органларида ҳам ўзимизга ўхшаган одамлар ишлайди, бир нарса хоҳлайди, қайсидир эҳтиёжини қилиб берамиз деган фикрда юрган. Шу билан кунлар, ойлар ўтиб кетаверган.
Мана, энди баъзи бирлари дод-вой қилиб чиқмоқда. Ҳамманинг эътиборини ўзига қаратиш учун. Бунақа жазавага тушиши керакмас, бунга секин-секин ўрганишимиз керак. [Бундай одамлар] оммавий ахборот воситаларида чиқиб эҳтиросларга берилганда эътибор қилиш керак эмас. Қонун борми, унга ҳамма тенг риоя этиши керак.
Коррупция, маҳаллий органларнинг ҳам эътибор қаратмагани, ҳамма-ҳаммаси бугунги «снос»ларга сабаб бўлмоқда. Сабаби, қурилиш қилиш учун ер ажратиш тақчил бўлган, сунъий тақчиллик ҳосил қилинган. Туризм учун фойдали жойлар тадбиркорларга таклиф этилмаган. Шундан кейин одамлар ҳар хил қинғир-қийшиқ йўллар билан, коррупция ва бошқа йўллар билан мана шундай жойларни эгаллашиб, ноқонуний қурилишлар қилишган. Энди бу нарсаларни биз жой-жойига келтиришимиз керак», дея Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Бош вазир ўринбосарининг қайд этишича, қурилиш қилиб бўлмайдиган жойлар белгилаб қўйилмагани, ерлар шу пайтгача очиқ-ойдин аукционга қўйилмагани учун бугунги муаммолар келиб чиқмоқда.
«Тўғри, бу можароларнинг юзага келиши маҳаллий ҳокимликнинг ҳам камчилиги, айби деб ҳисоблаймиз. Қурилиш қилиб бўлмайдиган жойлар белгилаб қўйилмаган. Ерлар шу пайтгача очиқ-ойдин аукционга қўйилмаган. Натижада бугунгидек муаммолар келиб чиқмоқда.
Биз туризм объектлари қурилишидан манфаатдормиз. Ким истаса келиб қурсин, бу – туманга инвестиция, янги иш жойлари дегани. Шунинг учун илтимос қилдикки, қайтанга ҳозир туризм масканларини қурса бўладиган жойларни белгилаб, ерлар 4 сотихдан ёки қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрда аукцион орқали одамларга сотилади. Бойроқ одам бўлса, марҳамат, 4-5 тасини сотиб олиб, каттароқ жой қилсин.
Мана шу жойларнинг савдоси очиқ бўлмаган, одамларга ерлар қонунда белгиланган тартибда берилмаган. Аҳоли сони кундан-кунга ўсиб боряпти, бу ерда ҳамма ёққа уйлар қуриб ташлайверсак, табиат ҳам қолмайди, «Ўзбекистон Швейцарияси» деган жойдан асар ҳам қолмайди. Шунинг учун бош режа асосида иморатлар қуриш мумкин бўлган, хавфсиз жойларда қурилиш меъёрларига амал қилган ҳолда қуришлари мумкин.
Нимага одамлар мана шундай жойларда иморат қуришган. Чунки ноилож бўлишган ва ноқонуний тарзда бўлса ҳам қуришга ҳаракат қилишган. Мумкин эмаслигини тушунишган, лекин уларга муқобил вариант берилмаган. Ҳозирги кунда одамларга ана шундай муқобил вариантларни таклиф қилиш бўйича «Давгеодезкадастр» қўмитаси катта ишни амалга оширди.
Билишимча, бугунгача Бўстонлиқ ҳудудида туризм объектларини қуриш мумкин бўлган анча жойларни топиб қўйишди. Ҳозир бу борада тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаяпти. Аукционга қўйилгач, марҳамат, исталган одам сотиб олсин-да қурсин. Қонуний мумкин бўлган жойларда қанча хоҳлашса қуришсин», дейди у.
Аввалроқ Давгеодезкадастр қўмитаси раиси ўринбосари Шерзодхўжа Ҳабибуллаев Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани атрофидаги 24 «дача» билан боғлиқ муаммоларга жойлардаги ваколатли органларнинг ўз вазифасига масъулиятсизлиги ҳам сабаб бўлганини, давлат идоралари ходимларидан ҳам хато ўтган жойлари борлигини тан олган эди.
Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровнинг билдиришича, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган 24 та «дача»нинг ҳужжатлари 1998 йилда расмийлаштирилган, уларни маҳалла раиси қалбакилаштириб, коррупция орқали туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорини чиқартириб олган. Бироқ у бу ишлардан мутлақо бехабар одамлар томонидан сотиб олинган, яъни айбсиз айбдор бўлиб қолган «дача»ларнинг янги эгаларига нима учун компенсация тўланмаслигига қонуний асос келтира олмаган.
Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани ҳудудида ўзбошимчалик билан қурилгани айтилаётган 24та уй эгалари Kun.uz мухбири билан суҳбатда бузилиши режалаштирилган иморатлар жойлашган ер сиҳатгоҳга тегишли эмаслигини айтишган. Бу маълумот мухбир билан телефон орқали суҳбатда муассаса директори Норинбой Ниёзметов ҳам тасдиқлаган.
Тошкент вилояти прокурори Салом Самадовнинг маълум қилишича, Бўстонлиқ туманидаги сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани атрофидаги дала ҳовлилар ноқонуний қурилишига алоқадорликда айбланиб 10 киши қамоққа олинган, улар орасида туман ҳокими ўринбосари, туман «Ермулккадастр» бўлими ходими, маҳалла раиси, маклерлар бор.
Мавзуга оид
15:38 / 06.07.2021
Наманганда “снос”га тушган уйлар эгасининг розилигисиз бузиб ташланди
13:21 / 30.06.2021
Самарқандда бузилган уй мулкдорлари 4 йилдан буён сарсон: муроса йўли топилмаяпти
13:21 / 11.05.2021
Суд ва президент қарори бўлишига қарамай Янгиер шаҳри ҳокимлиги 2 йилдан буён тадбиркорнинг товон пулларини тўлаб бермаяпти
18:00 / 07.05.2021