Ўзбекистон | 16:50 / 13.07.2020
12297
2 дақиқада ўқилади

Отабеков Хитойдан келтирилган тестлардан вирус юқиши ҳақидаги гапларга муносабат билдирди

Хитойнинг Ўзбекистонга юборган тестларидан коронавирус юқаётгани ҳақидаги гаплар рад этилди.

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда Хитойда ишлаб чиқарилаётган тестлардан вирус юқиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ берди.

«Коронавирусни текширадиган тестлар бу – реактивлар. Реактивларда вирус бўлмайди. Вирусдаги антиген реактивдаги антитаначалар билан қўшилиши орқали яшаш имкониятидан маҳрум бўлади. Лаборатория натижалари ҳам антиген ва антитана ўртасидаги жараёнга асосланган.

Касаллик ташхиси учун ишлатиладиган тест тизимларидан вирус тарқалиши умуман мумкин эмас», дея Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда фойдаланилаётган барча тест тизимлари сезгирлик бўйича текширувдан ўтказилади.

«Тест тизимлари турлича бўлади. Уларнинг баъзиларида сезгирлик паст бўлиши мумкин. Сезгирлиги паст бўлган тестлар баъзан касаллиги бор одамнинг натижасини манфий, касаллиги йўқ одамникини мусбат кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистонда ишлатилаётган ҳар битта тест дастлаб сезгирлик нуқтайи назардан текширувдан ўтказилади, кейин ишлатишга рухсат берилади», деди Отабеков. 

Мавзуга оид