Ўзбекистон | 09:36 / 18.07.2020
22594
3 дақиқада ўқилади

ДТМ рўйхатдан ўтган имтиёзли абитуриентлар ҳақида статистика эълон қилинмаслигига изоҳ берди

Абитуриентлардан аризалар қабул қилинаётган qabul.dtm.uz сайтида қабул режаси, қайси йўналишга қанча абитуриент топширгани ва танлов кўрсаткичига оид статистик рақамлар бериб борилмоқда.

Аммо қайси йўналишга қанча имтиёзли абитуриент ҳужжат топширгани ҳақида маълумот олиш имконсиз. Kun.uz’га бу борада абитуриентлардан бир нечта мурожаатлар келиб тушди.

«Имтиёзлилар ўзлари учун ажратилган квоталарга қанча абитуриент ҳужжат топширганини била олмасдан, кўр-кўрона ҳужжат топширяпти. Ўтган йили ҳам шундай бўлгани сабабли айрим ОТМларга керагидан кўп, айримларига эса анча кам имтиёзли абитуриент ҳужжат топширган ҳоллар ҳам бўлган», – дейилади мурожаатчиларнинг бирида.

ДТМ вакили изоҳи

Kun.uz мухбири масала юзасидан Давлат тест маркази матбуот хизмати ходими Жамшидбек Одилов билан боғланди.

Унинг айтишича, ҳужжат топширган ҳар бир абитуриентнинг маълумоти текшириб чиқилади. Агар унда қайсидир турдаги имтиёз бўлса, ўша имтиёзнинг ҳақиқийлиги текширувдан ўтказилади.

«Бу маълум вақт ичида амалга ошириладиган жараён. Шунинг учун қанча абитуриентнинг имтиёзга эга экани ҳақида автоматик тарзда маълумот бера олмаймиз.

Масалан, чет тили сертификатига эга абитуриентлар ҳам имтиёзли ҳисобланади. Улар тақдим этган тил сертификати ҳам текширилади ва ҳақиқий эмас деб топилганлари ҳам кўп бўлади. 13 июль ҳолатига кўра, абитуриентлар тақдим этган 6 мингдан ортиқ сертификатлар текширилган ва 450дан ортиғи ҳақиқий эмас деб топилган», – дея изоҳ берди Жамшидбек Одилов.

ДТМ ходими бошқа имтиёзлар ҳам худди шундай тарзда текширилишини, агар зарур бўлса, вазирлик ва идоралардан маълумотлар аниқлаштирилишини айтди.

«Мисол учун, ногиронлиги бор шахслар ҳақидаги маълумотлар рўйхатдан ўтиш якунланганидан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилади ва вазирлик томонидан маълумотлар текширилиб, тасдиқланади. Бу жараёнда айрим абитуриентларнинг маълумотлари ўз тасдиғини топмайди.

Навоий вилоятининг олис чўл туманларида камида 3 йилдан буён истиқомат қилаётган абитуриентларнинг маълумотлари Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан текширилиб, тасдиқланади.

Имтиёзлардан яна бири: тавсияномага эга хотин-қизлар ҳақида электрон маълумотлар эса айни пайтда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан шакллантирилмоқда ва якуний рўйхат 20 июлгача тақдим этилади», – деди у.

Маълумот учун, 17 июль соат 18:00 ҳолатига, ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони республика бўйича жами 1 193 169 нафарни ташкил этган.

Аризалар қабули 20 июлгача давом этади.

Мавзуга оид