Ўзбекистон | 21:06 / 23.07.2020
23289
2 дақиқада ўқилади

Ўктам Барноев вакили маъмурий судда иштирок этди

Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаевлар жалб этилган суд иши 4 августда давом этадиган бўлди. Тошкент вилояти, Қибрай туман маъмурий суди раиси Аҳрорбек Эралиев 23 июлдаги эшитувлардан сўнг, шундай қарорга келди. 

23 июл кунги суд мажлисида Бош вазирнинг агросаноат комплекси бўйича ўринбосари Ўктам Барноев вакили сифатида Вазирлар Маҳкамаси Қишлоқ хўжалиги департаментидан Шуҳрат Сафаров судя саволларига жавоб берди. 

Бундан ташқари Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Хўжаев ва унинг ўринбосари Ш.Тешаевлар номидан вазирлик масъул ходимлари иштирок этди. Суд мажлисида “SULTON TEX GROUP” хусусий корхонаси директори Нурбек Эргашев ҳам бевосита қатнашди. 

Унда судя Эралиев томонидан даъвогар ва жавобгар томонларнинг қарашлари тингланди, очиқловчи саволларга жавоблар олинди. 

Эслатиб ўтамиз, “SULTON TEX GROUP” хусусий корхонасининг Қарши туманидаги пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери фаолияти Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев томонидан 2020 йил 8 апрел куни имзоланган йиғилиш баёнига асосан тугатилганди.

Кейинчалик, Қарши туман маъмурий суди Қарши туман ҳокими ва ҳокимлик мансабдор шахсларига “SULTON TEX GROUP” хусусий корхонаси кластер фаолиятига аралашиш, унинг 2020 йил учун фермерлар билан тузган шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга уриниши тақиқлаб қўйилганди.

Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан Қарши туман прокурори томонидан киритилган протестга асосан Қашқадарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилди ва суд қарори бекор қилинди. 

Мавзуга оид