Жамият | 08:48 / 24.07.2020
13317
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 1000 доллар инсон ҳаётига зомин бўлди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йилнинг 20 июль куни соат 23:00да Андижон вилояти Булоқбоши тумани Учтепа МФЙ Бўстон кўчасида яшовчи 28 ёшли К.А. қўшниси 43 Р.С.дан 1.000 АҚШ доллари миқдоридаги қарзини сўраб келган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, шу вақтда улар ўзаро жанжаллашиб, жанжал давомида К.А., таниши 21 ёшли Н.Қ. ҳамда укалари 25 ёшли А.А., вояга етмаган 17 ёшли О.А. билан биргаликда Р.С.ни ўша ердаги ёғоч таёқ билан танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказганлар. Натижада Р.С. олган тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган. 

Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида Р.С.га тан жароҳати етказилган бир дона таёқ ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.  

Мазкур ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича К.А., А.А. ва Н.Қ. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда тартибида ушланганлар.  Ҳозирда вояга етмаган 17 ёшли О.А.нинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид